Четверг, 02.05.2024
Adabiyot (Literature)/Matematika (Math)
Меню сайта
Категории каталога
Мои статьи [39]
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 61
Главная » Статьи » Мои статьи

Билга ҳоқон достони

БИЛГА ХОҚОН ДОСТОНИ
Тарихий шахслар ҳақидаги насрий достонлар ва ҳикоялар

“Ўзбекистон” нашриёти
Тошкент
2015

Ойбек домланинг “Навоий” романидан то Муҳаммад Алининг “Улуғ
салтанат” эпопеясига қадар кўпгина мумтоз тарихий асарларимизда жами юзга
яқин улуғ аждодларимизнинг ёрқин сиймолари ибратли тарзда ёритиб
берилгани барчамизга маълум. Бу асарлар халқимизнинг улкан маънавий
хазинасидир. Айниқса, устоз Миркарим Осимнинг мухтасар тарихий қиссалари
ва ҳикоялари бугунги кунда ҳам, келажакда ҳам ҳар бир ўзбек ўқувчиси учун
бебаҳо бисот ва ҳар бир ўзбек ёзувчиси учун беқиёс ибрат бўла олади.
Отаули устозлар тажрибаларига таянган ҳолда талай йиллардан буён
бадиий насримизда ҳозирга қадар қаламга олинмаган тарихий сиймоларимиз
хусусида нисбатан ихчам насрий асарлар қоралаб келади. Ёзувчи ушбу
йўналишдаги ижодий изланиш маҳсулларини бир китобга жамлаб, ўқувчилар
эътиборига ҳавола қилмоқда. Ўйлаймизки, бу китоб сизни беэътибор
қолдирмайди.

 

Олтинчи боб

Рум элчиси Хитой ва Эрон элчисини икки ёнига ўтқазиб, “бир пиёла чой
устидаги” суҳбатини бошлар экан, ҳайрат-у таажжубини яширолмади:
– Вой-бў-ў! Янги хоқоннинг шашти жуда-а баланд-ку, а?! Шу шаҳду
шижоати бўлса, Иккинчи турк хоқонлигининг қудратини наинки Биринчи турк
хоқонлиги, қадимий Хун империясидан ҳам бир баҳя ошириб юбориши
эҳтимолдан холи эмас бу одам! Энди уни ким қандай шаштидан тушириб, бу
йўлдан тўхтатиб қолади?! Модомики биз учовлон шу заминда туриб ўз
давлатларимизнинг манфаатларига хизмат қилишга бурчли эканмиз,
жиддийроқ ўйлашиб-кенгашиб олмоғимиз керак бўлади, менимча? Агар Билга
хоқон ростдан ҳам Билга хоқон бўлса, эрта бир кун бу давлат наинки Рум, Эрон
ва ё Хитой давлатлари, балки бизнинг ортимизда турган олисроқлардаги Ҳинд
билан Арабга ҳам таҳдид солиши эҳтимолдан холи эмасга ўхшайди-ку?!
Бу гапларга жавобан Эрон элчиси аччиқ заҳарханда билан кулди:
– Сиз туронликларнинг феъл-атворларини ҳали яхши билмайсиз, жаноби
элчи! Ҳар қалай, биз эронликлар қадар пухта билмайсиз! Биз “Турон” деган
антиқа мамлакатнинг шаҳду шижоати баландликда Билга хоқонни бир чўқишда
қочира оладиган не бир хоқонларини Афросиёбдан аввал ҳам, кейин ҳам жуда-а
кўп кўрганмиз! Аввал-бошда ўзларича нақ Қоратоғни қайириб ташлайман дея
гувраниб чиқишади-ю, салгина ўтиб ўз-ўзидан шаштидан тушиб, ўпкаси
босилиб, пуфакдек ёрилиб, кичик бир култепадан ҳам ошиб ўтолмаганини,
ўзининг қанчалик ночор-нотавонлигини яхшигина англаб қолади. Бу халқ
туядек бесўнақай кўчманчи, даштаки, саҳройи халқ! Ҳамиша елдек келиб,
селдек кетади! Ўрхун билан Энасойдан Эдилга қадар, Оролдан Каспийга қадар
кенг-бепоён майдон – дашт бағрида сочилиб-тўкилиб, туяқориндек изғиб
яшайдиган сочма халқ-да бу! Сочма ўқдек сочилиб, ақалли биттагина нишонга
ҳам тегмай, йўқ бўлиб кетаверади! Аксарият ҳолларда нафақат бутун туркий
улус, балки унинг ичидаги ҳар бир қавм, уруғу аймоқ, ҳаттоки кичик бир оила
ҳам шу қадар тарқоқ, боши қовушмайдиган, ўзаро тил топишолмайдиган
антиқа тузилмаки, асти қўяверасиз! Ҳамиша бир-бири билан ҳақ-ҳуқуқ
талашиб, бир-бирини қириб-йўйиб, ўзи ҳосил қилган аянчли аҳволдан боши
қотиб яшайди. Улар “Кўк Бўрининг авлодларимиз” деб, ўзларини бўрига
менгзаб юришади! Худди бангига ўхшаб, ҳар бири ўзича нақ юлдузни бенарвон
уришга чоғланади-ю, аслини олганда, бир жойда депсиниб тураверади. Шунинг
учун ҳам улар Хитой, Рум ва ё Эрондек асрлар мобайнида муқим тура оладиган
қудратли марказлашган давлатни барпо қилолмаганлар! Қурган давлатлари
Афросиёб давлатидек асосчисининг ўлимидан кейин ўз-ўзидан парчаланиб
кетаверади. Хун империяси ва ё Биринчи турк хоқонлигига ўхшаб, аввал
иккига, кейин ўнга, кейин яна бошқа майда бўлакларга бўлиниб-парчаланиб
кетаверади... Бас шундай экан, менимча, хавотирга ҳеч бир ўрин йўқ, жаноби
элчи! Арқонни узунроқ ташлаб, жимгина томошабин бўлиб турсангиз, ҳали ўз
кўзларингиз билан кўраверасиз! Ҳали томоша эндигина бошланиб турибди-ку!
Қизиқдан-қизиқ томошалар бўлади ҳали! Ўзингиз ҳам яхши билсангиз керак,
бутун башарият тарихида ҳеч бир машҳур ҳукмдор атрофидаги энг ишончли
маслакдошларининг қўллаб-қувватлаши-ю елкадошлигисиз ҳеч бир ютуққа
эришолмаган, эришолмайди ҳам! Билга хоқоннинг ишонганлари ҳам
суянганлари, таяниб ўрнидан турмоқчи бўлаётган икки қўли Тўнюқуқ билан
Култегин! Диққат билан томоша қилиб турсангиз, ҳали бу икки қўлни
туркларнинг ўзлари бирин-кетин чопиб ташлашади-да, Билгани куйган уйнинг
мўрисидек якка-ёлғиз қолдиришади. Томошанинг каттасини ана ўшанда
кўрасиз! Лекин... хушёрлик қўлдан бой берилмагани маъқул, албатта! Мана,
Хитой элчиси яхши билади, кўпинча бизнинг қўлимиздаги энг қудратли қурол
хитойлашган ва форслашган турклар бўлиб келган! Бу халқ “Ўзингники
ўзагингни ўяди”, “Ўзингдан чиққан балога, қайга борурсан давога” қабилидаги
мақолларни бежиз яратмаган. Румлашган, хусусан, лотинлашган ва ё
юнонлашган турклар бу жаҳон айвонида ҳали у қадар кўп бўлмаса керак деб
ўйлайман?.. Агар шундай бўлса, шахсан менинг дўстона маслаҳатим, уларни
зудлик билан кўпайтирмоқ лозим!
Суҳбатга Хитой элчиси беихтиёр ва ўта табиий равишда қўшилиб кетди:
– Очиғини айтадиган бўлсам, турклар билан муомалада биз хитойларнинг
тажрибаларимиз форсларнинг тажрибаларидан ошса ошадики, зинҳор
қолишмайди, жаноби элчи! Ҳозир бир гапни айтсам, сиз, албатта, ишонмайсиз.
Ҳатто ақлингиз бовар қилмайди: бир пайтлар худди шу туркларнинг
ҳужумларидан ҳимояланиш мақсадида биз бутун бошли Хитой девори – Садди
Чинни бунёд этибмиз-а, буни қаранг! Эндига келиб, “Шунча
оворагарчиликнинг нима кераги бор эди-я!” деб ўйлаб қоласан киши!..
Рум элчиси Эрон билан Хитой элчиларининг гапларини ўзича ўйлаб, ич-
ичидан қаттиқ ҳайратланди. “Вой-бў-ў-ўй! Баайни вулқондек ташқарига отилиб
турган бу қадар битмас-туганмас нафрат, алам, ситам олови!.. Биз Аттилани
ўзимизча “Худонинг балоси” деб юрсак, балонинг каттаси Туронзаминнинг
ўзидага ўхшайди-ку! Ё ҳар икки элчи мени лақиллатиб, оғзимдан гуллатиш
учун атайин юрагимга ўт ёқяптими? “Қани, нима дер экан?” дея ўзларича
синаб, мени гапиртирмоқчими? Ҳар қалай, сир бой бермаганим маъқул! Шарқ
билан муомалада ўта эҳтиёткорлик билан нозик иш тутиш зарур, чунки “Шарқ
– бу нозик масала”, деганлари ростга ўхшайди! Нима бўлганда ҳам, юракни
нафрат олови кемириб юборса-да, уни ошкора тилга кўчириш ҳеч қачон ҳеч бир
элчини яхшиликка олиб келмаган. “Элчига ўлим йўқ” дейдилар. Ўз халқига
ҳам, ўзга халқларга ҳам ўт-олов нафрат кўзи билан эмас, аксинча, меҳр-
муҳаббат кўзи билан қарай оладиган бағрикенг элчигагина ўлим йўқ, аслида!
Бу жаҳон айвонида ўзга халққа бўлган нафратини ичида сақлаб, сир бой
бермай, нафратни муҳаббат тарзида кўрсата оладиган устаси фаранг элчи эса,
ҳаммадан кўпроқ яшашга ҳақли, албатта!.. Яхшиси, сир бой бермаган ҳолда
асосан буларнинг ўзларини гапиртиришим, имкон қадар кўпроқ ўзимга керакли
маълумотларни олганим маъқул!”
– Мен бир нарсага ҳе-еч тушунолмайман-да, – дея суҳбат оқимини
ўзгачароқ ўзанга ошкора бурди Рум элчиси. – Шарқий хун империясини сиз,
Ғарбий хун империясини биз, охир-оқибат, ич-ичдан емириб, ўзини ўзига
едириб, бутунлай ҳолдан тойдириб, адойи тамом қилган эдик. Қарийб бир
асрдан буён бу даштаки халқ тариқдек сочилиб, боши қовушмай турган эди.
Шу аҳволда, нақ осмондан тушгандек, бундан бир ярим аср аввал Биринчи турк
хоқонлиги қаёқдан қандай пайдо бўлиб қолди ўзи?! Очиғи, ақл бовар
қилмайди!
Эрон элчиси ҳам сир бой бермаган ҳолда гап беришга нисбатан гап
олишни маъқулроқ кўрдими, ё яқин қўшнисига илтифот кўрсатиб,
лаганбардорлик қилгиси келдими, саволга жавобан Хитой элчиси томонга бош
ирғади:
– Бу саволингизга каминага нисбатан манави муҳтарам биродарим
аниқроқ жавоб бера олади!
Хитой элчиси хуноб бўлиб бош чайқади:
– Айни шу нарсага, очиғини айтсам, биз хитойлар ҳам ҳеч
тушунолмаймиз-да! Кўп йиллардан буён “Яна қаёғдан чиқиб қолди бу балойи
ногаҳон?” деб қаттиқ бош қотирамиз. Ўйлашимча, ҳаммаси бизнинг
кўнглибўшлигимиздан бошланди. Туркларнинг атиги етти юз кишилик ашина
уруғи жужанлар қўл остида роппа-роса бир аср темирчилик қилиб, ҳам
пўлатдек тобланишди, ҳам ўзларидан кўпайишди-да, улкан бир қавм бўлишди.
Бир ярим аср аввал “Шу бақувват-алпкелбат темирчилар – теппа-текин ишчи
кучлари жужанларга хизмат қилгунча бизга хизмат қилмайдими!” дея уларнинг
оқсоқоли Буминга ёрдам қўлини чўзган эдик! Ҳатто унга хитой саройидаги
маликани хотинликка бериб, қуда тутиниб ўтирибмиз-а, буни қаранг! У бўлса!..
Душманимиз жужанларни мағлуб қилгани-ку, майли! Бу биз учун ҳам айни
муддао бўлди-я! Лекин на бизнинг ўзимизга, на қўйнига солиб қўйилган
маликамизга бўй бермай, мутлақо кутилмаганда мустақиллик даъво қилиб,
Биринчи турк хоқонлигига асос солиб турибди-да! Ўзини “Эл хоқон” деб эълон
қилганига ўласизми-куясизми! Бор-йўғи бир йил ичида ўзларидан чиққан
балолар бу бемаҳал қичқирган хўроздек “эл хоқон”ни ими-жимида тинчитиб
улгуришди-я! Ўрнига унинг ўғли Қора Иссиқ хон тахтга ўтирди. Уни ҳам бирор
йил ичида ана ўша ўзларидан чиққан балолар тинчитиб беришди. Лекин,
начора, жин кўзадан аллақачон чиқиб кетган экан! Бумин хоқоннинг укаси
Истеми хоқон билан ўғли Муқон хоқон!.. Ўзингиз ҳам билсангиз керак, на
Хитой империясига, на Эронга, на сизнинг Рум империянгизга бўй бермаса
бўладими! Ҳатто ҳар уч давлатга ошкора таҳдид солиб бошласа, денг! Роппа-
роса эллик йил деганда, худди хун империясига ўхшаб, бу Биринчи турк
хоқонлигини ҳам аввалига икки бўлакка бўлиниб кетишига муваффақ бўлдик!
Кейинчалик бу икки бўлакнинг яна майда бўлакчаларга ўз ихтиёрлари билан
парчаланишларига тағин йигирма беш йилча вақт кетди. Эллик йил мобайнида
бу бўлакларни ўзимиз ўз қўлимиз билан янаям майдалаб, уларнинг устидан ўз
назоратимизни ўрнатиб келдик. Бундан қирқ йилча аввал “Қутлуғ Элтариш
хоқон” деганлари, худди Бумин хоқонга ўхшаб, кутилмаганда ўзича юлқиниб
чиқиб қолса денг! Бумин хоқондан фарқли равишда, уни наинки бир-икки йил,
қарийб йигирма йил (эътибор беринг, йигирма йил-а, йигирма йил!) мобайнида
– ими-жимида гумдон қилишнинг ҳеч иложи бўлмади-да! Ҳатто уларнинг
ўзларидан чиққан балолар ҳам иш бермади-я, буни қаранг-а, вей! Ўшанда
табғачлар қўлида ўқиб, дунёни таниб, машҳур хитой олими бўлиб танилган
анави Тўнюқуқни не бир умидлар билан қошига жўнатган эдик. Лекин бу
умидимиз ҳам бутунлай пуч бўлиб чиқса денг! Ўз халқига бир карра сотқинлик
қилиб, яхшигина хитойлашган бу хумпар кутилмаганда бизга ҳам яна бир
маротаба сотқинлик қилиб, Қутлуғ Элтариш хоқонни ими-жимида дамини
чиқармай тинчитишнинг ўрнига, аксинча, унга энг ишончли сафдош-елкадош
бўлиб турибди-да! Одам боласининг табиатидаги шу хил кутилмаган
эврилишларни ўзларича тушунтирмоқчи бўлиб, “Қазисан-қартасан, асли-
наслингга тортасан” дейишади булар! Етмиш яшар чол, қарийб қирқ йилдан
буён биз хитойларнинг тузимизни ичиб, тузлиғимизга тупуриб, кўрнамаклик
қилиб келяпти-да! Ўзи кўрнамак бўлганиям майли, Қопағон хоқон, Билга
хоқон, Култегинларни ҳам ўзидан беш баттар кўрнамак қилиб тарбиялаб,
уларга бош маслаҳатгўйлик қилиб, кўзларини мошдек очиб келаётганига нима
дейсиз! Агар бир пайтлар Аттила Рум империяси учун “Худонинг балоси”
бўлган бўлса, шу кеча-кундузда анави кўрнамак Тўнюқуқ ҳам Хитой империяси
учун яна бир “Худонинг балоси” бўлиб турибди-да! Тўғри, у Аттилага ўхшаб,
бизга ошкора таҳдид солаётгани йўқ, лекин... “Хоқони баҳодир экан,
маслаҳатчиси аллома экан...” деган гапдан, очиғи, қўрққулик! Мардона тан
олиб айтаманки, ростдан ҳам, шу кеча-кундузда жамики туркий қавмлар
орасида энг доно-донишманд, аллома деса дегудек инсон шу етмиш яшар чол!
Менинг сизларга бир доно маслаҳатим шуки, биринчи галда ана ўша
кўрнамакни ими-жимида тинчитмасдан туриб, сиз билан бизга тинчлик-
хотиржамлик йўқ!..
Рум элчиси юз-кўзида ошкора зуҳур кўрсатиб турган ички бир мамнуният
ва қаноат ҳисси билан азиз меҳмонларига доно маслаҳатлари учун қизғин
миннатдорчилик изҳор қилди-да, уларга шахсан императорнинг қимматбаҳо
совға-саломларини туҳфа этди.

Еттинчи боб

Ўнг томонида – аллома Тўнюқуқ, чап томонида – баҳодир Култегин,
уларнинг ҳар икки томонида – бошқа сарой аъёнлари – тегинлар, шадлар,
ёбғулар, тарҳонлар, беклар, кўз олдида – машварат аҳли, Билга хоқон тахтда
ўтирган кўйи янги хоқонликнинг биринчи қурултойини очиқ деб эълон қилгач,
ҳар бир сўзни чертиб-чертиб вазминлик билан гап бошлади:
– Бугунги йиғинда сиз азизлар билан икки муҳим масалани муҳокама
қилиш ниятидаман. Бири саройнинг ички тартиб-қоидалари хусусида,
иккинчиси мамлакатнинг ички ишлари хусусида. Юртимизда тинчлик-
фаровонлик ҳукм суриши, оилалар тотувлиги ва осойишталигига эса улардаги
эркак ва аёлларнинг ўз бурч ва вазифаларини тўла-тўкис адо этишларига, ўзаро
ҳақ-ҳуқуқларини тўла англашига, ўз манфаатларини халқ манфаатларидан
устун қўймаслигига бевосита боғлиқ. Шу олий мақсадларга эришиш учун,
авваламбор, аждодларимиздан бизга мерос бўлиб қолган манави
Оқсаройимизда қатъий тартиб-интизом ўрнатишимиз зарур. Саройда турли
низо-нифоқ, фитна-фужур, ҳасад, шухратпарастлик, ҳокимият талашиш, зулм-
зўровонлик ва бошқа иллатлар кўпайишига мутлақо ўрин қолдирмаслигимиз,
адолатпарварлик ва халқпарварликни аввало саройда мустаҳкам қарор
топтирмоғимиз шарт. Зеро, бутун халқ ўз ҳукмдорига қарашли сарой аҳлининг
адолатли ва халқпарвар бўлишини хоҳлайди, керак бўлса, талаб қилади, шунга
қараб йўл тутади. Сарой ҳам катта бир оила! Унинг ҳам ўз хўжалиги, тартиб-
қоидалари, урф-одатлари мавжуд. Сизга яхши маълумки, ҳар қандай оиланинг
эркаги унинг моддий таъминоти-ю хавфсизлигига жавоб берса, аёли оила
хўжалигини юритишга, тўпланган мол-мулкнинг оқилона тасарруфига
жавобгар. Шунинг учун ҳам униси “уй эгаси”, буниси “уй бекаси” деб аталади.
Бас шундай экан, саройнинг ички муҳити, қонун-қоидалари, хўжалигини яхши
тушунадиган, доно бир аёлни мутасадди сифатида “Сарой бекаси”, “Саройнинг
бош маликаси”, “Сароймулкхоним” дея эълон қилишимиз ўринли бўлади. Биз
сарой аъёнлари ўзаро маслаҳатлашиб, қайнонам Турондод онани шу ўта
масъулиятли ишга ҳар жиҳатдан муносиб ва қодир деб ҳисобладик.
Ишонамизки, Турондод она қадимий Туронимизнинг додини бермайди,
аксинча, унинг додига етади! У кишининг энг ишончли кўмакчилари, энг яқин
маслаҳатчилари сифатида Култегин инимнинг қайнонаси Рузвон кампир билан
менинг умр йўлдошим Элсуяр хотин белгиланди. Биз эркакларнинг аҳду
қароримиз барчага маъқулми? Бу масалада кимда қандай мулоҳаза ва
таклифлар бор?..
Кўндаланг саволга тегишли жавоблар эшитилди:
– Бизга маъқул!
– Жуда яхши фикр!
– Эътирозлар, таклифлар йўқ!
– Айни муддао!..
Билга хоқон мийиғида ним табассум билан йиғилганларни бир сидра
кўздан кечириб чиқди:
– Умид қиламанки, ишонган оқила аёлларимиз бизнинг ишончимизни
тўла оқлайдилар! Яна умид қиламанки, энди манави кўнглимиздек оппоқ
саройимизнинг файзига файз, кўркига кўрк, тароватига тароват қўшилади-да,
биз эркаклар бутун мамлакатимизнинг ободлиги-фаровонлиги, тинчлиги,
осойишталиги йўлида баҳамжиҳат, астойдил енг шимариб, ичкаридан
кўнглимизни тўқ тутган ҳолда бамайлихотир ташқарида ишлай оламиз! Шунга
умид қилсам бўладими, муҳтарама аёлларимиз?..
Билга хоқон машварат аҳлига яна бир сидра кўз югуртириб чиқди.
“Бўлади!”, “Умидингизни оқлаймиз!”, “Ишонтириб айтамиз!” қабилидаги
хитоблардан кўнгли тўлиб, нигоҳларини хонтахта ёнида ўз устози билан
бақамти ҳолда қўлида қалам тутиб ўтирган жияни Йўллуғ тегинга ўқдек
қадади:
– Кўҳна тарих саҳифаларига ўчмас ҳарфлар билан рақам қилиб ёзинг
энди, улим!.. “Менинг Турк Отадан қолган тилимда сўзлашувчи бутун халқим,
айниқса, татаби, кидан, басмил, тургаш, қирғиз, уйғур, ўғиз ва бошқа жамики
қон-қардошларимга!
Билга хоқон сўзим!
Ўзингиз очиқ кўз билан аниқ-равшан кўриб турибсизки, менга амаким
Қопағон хоқондан қорни тўқ эмас, аксинча, оч, усти бут эмас, аксинча, юпун,
ўзи бой эмас, аксинча, қашшоқ эл-юрт, обод-фаровон эмас, аксинча, вайронага
менгзагулик харобгина мамлакат мерос бўлиб қолди. Уволи не керак,
амакимнинг тахт устидаги бутун умри, айниқса, кейинги йилларда бепоён
мамлакатимизнинг турли бурчакларида рўй бераётган исёнлар, норозилик
ғалаёнлари, қўзғолонларни ўта шафқатсизлик билан бостириб,
мамлакатимиздаги ички низо-нифоқ оловини ўчириш эмас, аксинча, уларга ёғ
сепиб, баттар алангалатишларда кечди. Охир-оқибат, ўзи ҳам шу алангада
ёниб-куйиб кул бўлди. Мен сизларга шуни қатъий ишонтириб, тантанали ваъда
ва ошкора қасамёд қилиб айтаманки, агар сиз атрофимда бошларингиз
қовушиб, мен билан бир ёқадан бош чиқариб, “Ўтган ишга саловот” дея қараб,
энди ўзаро низо-нифоқ, уруш-жанжал эмас, аксинча, тинчлик-тотувлик,
аҳиллик-баҳамжиҳатлик йўлини тутсангизлар, тез орада – узоғи билан тўрт-беш
йил ичида хароб мамлакатни обод-фаровон қиламан, оч қорнингизни
тўқлайман, юпун усти-бошингизни бутлайман, қашшоқни – бой, душманни –
дўст, омини – билга қиламан! “Бир кун жанжал бўлган уйдан қирқ кун қут-
барака қочади” деганлар бизнинг чинакамига донишманд-билга ота-
боболаримиз. Мамлакатимизда амаким Қопағон хоқон ҳукмронлик қилган
йиллар мобайнида муттасил қочирилган файз-тароват ва қут-баракани ақалли
энди баттар қочирмайлик, азизларим! Акс ҳолда эрта бир кун жужан билан
табғачдан беш баттар ёвузроқ босқинчилар бизнинг бош устимизга келиб, тағин
кўнгиллари тусагунича ажина базм қилаверишлари, биз туркий қавмларни бир-
биримизга зимдан гиж-гижлаб, ўт билан ўйнашиб, ўйиндан ўт чиқариб, икки
ўртада бизга ақл ўргатган ва одил ҳакамлик қилган бўлиб, аслида ўзларининг
энг пастарин мурод-мақсадларига етаверишлари, биз эса, ёмғирдан қочиб қорга
тутилаверишимиз муқаррар! Шу кеча-кундузда азиз падари бузрукворим
Қутлуғ Элтариш хоқон халқни қарамликдан озод, давлатни йўқдан бор қилиб,
баайни юрак қони билан барпо этган Иккинчи турк хоқонлиги нақ ҳалокат
чоҳининг ёқасида, ҳаёт-момот остонасида турибди, ахир, азизлар! “Куч
бирликда” деган ота-боболаримиз. “Куч чинликда, чин ҳақиқатда” деган буюк
бобокалонимиз Бумин хоқон. “Куч адолатда” деган падари бузрукворим Қутлуғ
Элтариш хоқон. “Куч – мана шу энг муҳим уч таянч нуқтада!” демоқчиман мен.
Келинг, Кўк тангрининг паноҳида ва шу қадимий Туронзаминимиз устида Кўк
туркларнинг кўм-кўк яловидаги шу уч таянч нуқтани бош устимизда яна бир
карра – учинчи маротаба баланд кўтарайлик! “Хайр учгача” деганлар. Шоядки
шу баҳамжиҳат ишимизнинг охири баҳайр бўлса!
Сизга камоли эҳтиром ила,
Турк хоқони Билга сўзим”.
Билга хоқон бир муддат тин олиб, Йўллуғ тегинга кўз тикди:
– Ёзиб улгурдингми, болам?
Йўллуғ тегин ўрнидан даст туриб, қўлларини кўксига қовуштирди:
– Улгурдим, худди айтганингиздек ёздим, ота!
– У ҳолда ҳали йиғилганларнинг қўшимча-олимчаларини ҳам ёзасан-да,
тобига келган номани қўлимга етказасан, токи биз уни бутун мамлакат
аҳлининг ҳукмига ҳавола эта олайлик! Ҳозир эса, яна ёз, улим!
“Хитой императори, Эрон шоҳаншоҳи, Рум қайсарига!
Билга хоқон сўзим!
Эътиборингиз учун, биз туркий қавмлар ўзимизга қўшни халқларнинг
тарихий хотирадан маҳрум қулдек оддийгина темирчилари, соғин сигирлари,
қўлга ўргатилган итлари, уриштириб томошаси кўриладиган қўчқорлари-ю
хўрозлари, ўртада хомталаш қилинадиган улоқлари, олабўжилари, яна шуларга
ўхшаш алламбалолари эмасмиз! Биз ҳам бу жаҳон айвонида неча минг
йиллардан буён яшаб келаётган, улкан тарихий маданиятга эга бўлган буюк бир
халқмиз! Тангрига шукрки, тарихимиз нафақат сиз, балки ҳинд, араб ва ё юнон
каби жаҳоннинг бошқа барча энг қадимий халқлари тарихи билан бемалол
бўйлаша олади. Туркий халқларнинг ер юзида яратган юксак маданиятлари,
моддий ва маънавий қадриятларини мисол қилиб санашга ҳожат йўқ деб
ўйлайман, чунки буни ўзингиз ҳам яхшигина биласиз. Яна шуни ҳам яхши
биласизки, биз турклар ҳамиша яхшига – яхши, ёмонга – ёмон бўлиб келганмиз.
Буюк турк халқи бу жаҳон айвонидаги ҳеч бир халқдан ҳеч қачон қарздор ё
тили қисиқ бўлиб қолмаган! Ҳамиша яхшининг яхшилигини ҳам, ёмоннинг
ёмонлигини ҳам ўзига бир неча баробар ортиғи билан қайтариб келган! Бунга
ҳам мисолларни қалаштириб ўтиришим шарт эмас деб ўйлайман, чунки
бунисини ҳам ўзингиз яхшигина биласиз. Биз ўз тарихимизда яхши
қўшниларимиз билан яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатишга ҳамиша
интилиб, кўпинча ёмонликни яхшилик билан енгишга астойдил ҳаракат қилиб
келганмиз. Лекин ҳеч қачон ҳеч бир қўшнимизнинг яхшилигига ёмонлик билан
жавоб қайтармаганмиз. Бундан кейин ҳам, башарти сотқинларимиз,
мунофиқларимиз ва шулар каби ўзимиздан чиққан балоларимиз ишнинг белига
тепмасалар, ҳамиша яхшилик йўлини тутишга бажонидил тайёрмиз. Тангрига
шукурки, биз яхшидан ёмонни, дўстдан душманни, семиздан ориқни фарқлай
оламиз. Ориқ буқа ва семиз буқани унинг ўзини кўрмай туриб тезагига қарабоқ
била оламиз. Ҳаттоки ернинг тагида илон қимирласа ҳам биламиз! Табиийки,
ўз ҳаққи-ҳуқуқимиз, бу жаҳон айвонидаги ўз ўрнимиз, ўз имкониятларимизни
ҳам! Истаймизки, бизнинг ўртамиздаги Буюк Ипак Йўли талашиш-
тортишишлар, уруш-жанжаллар, низо-нифоқлар эмас, балки яхшилик йўли,
тинчлик-тотувлик йўли, барчамиз учун фойдали яхши савдо-сотиқ йўли, ўзаро
яхши қўшничилик йўли бўлиб қолсин. Шунинг учун сизни Буюк Ипак Йўлини
ҳаракатлантириб турган давлатлар ҳукмдорлари сифатида ўзаро яхши
қўшничилик ва тинчлик-тотувлик битимини имзолашга чақирамиз.
Башариятнинг келгуси тараққиётига хизмат қилиши мумкин бўлган бу битимни
имзолашга қаратилган ҳар қандай шартингизни эса, ўйлашиб-кенгашиб
кўришга бажонидил тайёрмиз.
Жавобингизни кутамиз, деб,
Турк хоқони Билга сўзим”.
Билга хоқон Йўллуғ тегинга бу номани ҳам қурултойда билдириладиган
қўшимча-олимчалар билан тўлдиришни, қайнотаси Тўнюқуқ билан иниси
Култегинга йиғилишни ниҳоясига етказишни топшириб, ўзи тахтни тарк этди.
Ўша куни кечқурун, одатдагидек, “уч оға-ини ботирлар” навбатдаги
яккадам маслаҳатга йиғилдилар.
– Ишимизнинг бошланиши сизга маъқул бўлдими, ота? – сўради Билга
хоқон Тўнюқуқдан.
– Маъқул ҳам гапми, кутилганидан аълороқ бўлди, улим! Айниқса,
биринчи нома, ишонаманки, ҳали бутун хоқонлигимиз қўшини, ҳаттоки Хитой
императорининг енгилмас қўшинидан ҳам қудратлироқ кучга эга бўлади! Энди
саройдаги ички ишларимизни яхши йўлга қўйишни муҳтарама аёлларимизга
ишониб, биз учовлон мамлакат миқёсидаги ишлар билан астойдил ва
баҳамжиҳат шуғулланмоғимиз, авваломбор, номангизни, иложи бўлса, ҳар бир
фуқаронинг қулоғига баайни қўрғошиндай қуймоғимиз лозим! Бироқ иккинчи
номани қудратли қўшни давлатларимиз, айниқса, Хитой империяси эътиборига
ҳавола этишга шошилмаслигимиз керак деб ўйлайман, улим! Яхшиямки, бу
давлатлар элчиларини қурултойимизга таклиф қилмаган эдик. Акс ҳолда
кераксиз гап-сўзлар чувалашиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас эди!..
Билга хоқон билан Култегин “нега?” деган савол назари билан Тўнюқуққа
кўз тикди.
– Негаки, – дея вазминлик билан гапида давом этди Тўнюқуқ, –
биринчидан, биз ҳали бундай нома билан мурожаат қилишга ҳар жиҳатдан
тайёр ва бунга тўла ҳақли эмасмиз. Кўпни кўрган қўшниларимиз “Аввал
ўзингни сал эплаштирвол, халқингнинг қорнини тўйдириб, устини бутла,
мамлакатингда тинчлик-осойишталик ўрнат, ана ундан кейин гаплашамиз!”
қабилида биз учун анчагина ёқимсиз жавоблар қилиши эҳтимолдан холи эмас.
Бундай жавобларга мутлақо ўрин қолдирмаслигимиз лозим! Иккинчидан, энг
муҳими, шуни ҳам унутиб қўймангки, жаноби хоқон, амакингиз Қопағон хоқон
бундан бирор йил аввал, мамлакатдаги ички низоларни бостириш учун, менинг
маслаҳатимни мутлақо инобатга олмаган ҳолда, Хитой империясидан кўмак
сўраган эди. Ўшанда империя ҳам, “О, бизга тағин худо бериб қолди!” дея
бутун бошли бир қўшинини “кўмакчи” сифатида жўнатган эди. Ҳозир бу
қўшин ўзларича “Исёнкорни тинчлантирамиз!” деб, аслида эса, қулай пайт
пойлаб ётибди. Тегишли айғоқчилари эса, қардошларимизни зимдан бизга
қарши гиж-гижлаб, изғиб-искаланиб юришибди. Биз зиғирча имконият
қолдирсак бас, халқимизнинг бўйнига қарамлик бўйинтуруғини қайта илишга
улар астойдил шай туришибди. Шундай бир пайтда аждаҳонинг қитиғига
тегмаслик керак, деб ўйлайман. Аввал уларнинг “кўмагисиз”, ўз кучимиз билан
мамлакат ичкарисида тинчлик-осойишталикни, осуда бунёдкорона меҳнатни
ташкил этиб олайлик! Айни чоғда, бу боқиманда қўшинни ўзимизнинг оч
халқимиз ризқидан қийиб бўлса-да, боқиб туришимиз керак бўлади. Етарли куч
тўплаб олсак, ана ундан кейин аввало император ҳазратларига “Кўмагингиз
учун ташаккур! Биз ўз мамлакатимизда тинчлик-осойишталик ўрнатдик, айни
лаҳзаларда сизнинг кўмагингизга муҳтож эмасмиз, шунинг учун марҳамат
қилиб қўшинингизни мамлакатим ҳудудидан олиб чиқиб кетсангиз!” деган
мазмунда махсус нома йўллашимиз керак бўлади. Агар Хитой империяси
қўшинини, то биз ўз мамлакатимиз ичкарисидаги ишларимизни яхши йўлга
қўйиб олгунимизга қадар халқимизга қўшиб боқиб, бу боқимандаларни эрта
бир кун “Сен яхши, сендан ит яхши” қабилида яхши муомала-ю тинч йўл билан
мамлакатимиз ҳудудидан ташқарига чиқариб юбора олсак, ана шу ишимиз,
ишонаманки, отангиз Қутлуғ Элтариш хоқон эришган улкан маррадан кейин,
биз эришган яна бир улкан марра бўлади. Ана шундан кейингина учала қўшни
давлатга иккинчи номани жўнатиб, ташқи ишларимизни ўзаро тенгҳуқуқлилик
асосида кўнгилдагидек йўлга қўйишимиз мумкин бўлади, деб ўйлайман. Агар
Кўк Тангри бу фақирни ҳам ана ўша ёруғ кунларга омон-эсон етказса, энг улуғ
орзуларимдан яна бири ушалгани шу эди. Ўшанда ҳам номангизни ҳар учала
давлат, айниқса, Хитой империяси ўта хушнудлик, зўр мамнуният билан кутиб
олади-да, лаббай дея жавоб қайтаради деёлмайман, албатта. Таҳқиромуз
истеҳзо билан кутиб олишлари муқаррар! Ҳар қалай, ўз истеҳзосини бизга
ошкора изҳор қила олмайди!..
Бу гапларни танасига ўйлаб кўриб, Билга хоқон қайнотаси доно
Тўнюқуқнинг тенгсиз-беназир алломалигига яна бир карра ич-ичдан амин
бўлди. Ҳа, бир пайтлар Хитой империяси ичкарисида яшаб, хитойларнинг
таълимини олиб, уларнинг атоқли олими бўлиб танилган, лекин ўз халқининг
озодлиги йўлида отаси бошлаган қутлуғ ишга ўз ихтиёри билан келиб қўшилиб,
падари бузрукворига елкадош бўлган бу одамнинг билга-билимдон-
билағонлигига, ростдан ҳам, тараф йўқ! “Итининг сири эгасига маълум”
деганларидек, айниқса, яна бир карра қопаман деб турган итларнинг сирини
беш қўлдек билади бу кўпни кўрган нуроний отахон! Шундай доно
маслаҳатгўйни ато этганинг учун ўзингга шукур, Тангрим!..
“Уч оға-ини ботирлар” мамлакатни инқироздан олиб чиқиш, давлатни
ижтимоий-иқтисодий ва маданий-маърифий жиҳатдан мустаҳкамлаш, эл-юрт
осойишталиги ва мамлакат фаровонлигини таъминлашга қаратилган бошқа бир
қатор тадбирларни ҳам белгилаб олдилар.

2011
 

МУНДАРИЖА

Улус (Форобийнинг дўсти). (Абу Наср Форобий, Буғрохон – Авлиё ота).....3
Абдулла Орипов. Форобий бобога таъзим…………………………………….3
Билга хоқон достони. (Билга хоқон, Тўнюқуқ, Култегин, Йўллуғтегин).....27
Муқаддима.................................................................................................27
Биринчи боб...............................................................................................29
Иккинчи боб...............................................................................................33
Учинчи боб.................................................................................................36
Тўртинчи боб..............................................................................................40
Бешинчи боб...............................................................................................44
Олтинчи боб................................................................................................48
Еттинчи боб.................................................................................................52
Саккизинчи боб...........................................................................................57
Тўққизинчи боб...........................................................................................63
Ўнинчи боб..................................................................................................66
Ўн биринчи боб...........................................................................................71
Хотима..........................................................................................................77
ҲИКОЯЛАР
Нуҳ кемаси. (Нуҳ алайҳиссалом, Ёфас алайҳиссалом ).....................................81
“Занжирбанд шер”. (Алп Эр Тўнга – Афросиёб) ..............................................85
Ҳадди Искандарий. (Искандар Зулқарнайнни инсофга келтирган ийиқон-
лилар – Ўзбекистон халқ шоири Миртемирнинг ҳамқишлоқлари).................89
Ўзбек Отеллоси. (Аттила)....................................................................................93
Қорасув (Носируддин Бурҳонуддин Рабғузий)...............................................106
Бир қамар сиймо (Зокиржон Холмуҳаммад ўғли Фурқат).............................110
Дийдор (Абдулҳамид Чўлпон, Сулаймонқул баззоз)......................................115
Дастурхон (Абдулҳамид Чўлпон, Абдулла Қодирий, Абдурауф Фитрат)...119
Отажон (Отажон Ҳошим)...................................................................................124
“Маҳмудлар” туркумидаги тарихий ҳикоялар.................................................138
Йўриқ ( Маҳмуд Кошғарий).....................................................................138
Аму насими (Маҳмуд Замаҳшарий)........................................................143
Тавба (Маҳмуд Ғазнавий).........................................................................148
Тўқнашув (Маҳмуд Торобий, Маҳмуд Ялавоч).....................................152
Поён (Паҳлавон Маҳмуд).........................................................................158
Видо (Маҳмудхўжа Беҳбудий).................................................................164
Қўлёзма ( Маҳмуд Зарипов – “Алпомиш” эпосимизни ёзиб олган
мирзо, аллома Ходи Зарифнинг акаси)....................................................169

 

ОТАУЛИ (Раҳимжон ОТАЕВ)

Таниқли ёзувчи, таржимон ва мунаққид. 1949 йилнинг 3 апрелида
Жанубий Қозоғистон ўлкасининг Туркистон туманида туғилган. 1973 йилда
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетини битирган.
Алишер Навоий номидаги Тил ва адабиёт институтининг халқ оғзаки ижоди
бўлимида лаборант (1968-1973), ўрта мактабларда ўқитувчи (1973-1976, 1979-
1981), Ўзбекистон халқ таълими вазирлигида услубчи (1976-1979), Ўзбекистон
Матбуот ва ахборот агентлигида маслаҳатчи-муҳаррир (1981-1983), Ўзбекистон
Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи ва масъул котиб (1983-2010) бўлиб
хизмат қилган. Ҳозир нафақада ижодий иш билан машғул.
Ёзувчининг “Турмуш, хулқ-атвор ва меҳнат эстетикаси” (1982), “Осмон
тўла юлдузлар (Туйғулар ҳақида суҳбат)” (1983), “Қалб дарчаси” (1988),
“Сурнай наволари” (1991), “Элчи (Афанди ўлмайдиган бўлди)” (1999), “Руҳият
эҳроми” (2006), “Замона зайли” (2006), “Тилсим (Туркистон достони)” (2009),
“Отнинг қашқаси” (2010), “Сўз санъатидан сабоқлар” (2012), “Ёзувчининг
сири” (2012), “Кўзларга тўтиё сўзлар” (2013) китоблари нашр этилган.
Муҳаммад Али Жамолзоданинг “Шўробод” қиссаси, Дино Буццати
ҳикоялари, Фозил Искандарнинг “Қуёнлар ва бўғма илонлар” фалсафий эртаги
ва бир қатор кулги ҳикоялари, жаҳон халқлари афанди латифалари жамланган
“Йигирма Тўрт Насриддин” тўпламини – рус тилидан, Мухтор Мағавиннинг
“Тириклик қўшиғи” ва Абиш Кекилбоевнинг “Пойгатўриқ” қиссаларини –
қозоқ тилидан, Тўлепберген Қаипбергеновнинг “Қорақалпоқнома” роман-
эссеси, “Бобомга хатлар” бадиаси, “Саҳро булбули” ва “Ойдўс бобо”
драмалари, Оллоназар Абдиевнинг “Эран саҳий” қиссаси, “Ризқ”, “Олабўжи”
ҳикояларини – қорақалпоқ тилидан ўзбек тилига таржима қилган.
Ёзувчи 1983 йилда “Энг жумбоқ туйғу” бадиаси учун “Шарқ юлдузи”
журналининг йиллик мукофоти, 1989 йилда “Меҳнат ветерани” медали, 1995
йилда “Тилсим (Туркистон достони)” асари учун Ўзбекистон Ёзувчилар
уюшмасининг “Алп Жамол” мукофоти, 2000 йилда “Шуҳрат” медали билан
тақдирланган.

1984 йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.
 

Ушбу “Билга хоқон достони” китоби Тошкент шаҳрининг 20дан
ортиқ китоб дўконларида, жумладан, қуйидаги дўконларда
сотилмоқда:
1) “Китоб олами”, Мустақиллик кўчаси, 6-7-уйлар.
Телефон: 233-10-26, 146-49-94
2) “Шарқ зиёкори”, Бухоро кўчаси, 26-уй.
Телефон: 233-35-90, 233-58-72.
3) “Ўзбекистон” нашриётининг дўкони, Алишер Навоий кўчаси,
30-уй. Телефон: 244-87-55, 244-87-20.
Шошилинг, китоб 2015 йилнинг ноябрида 3000 нусхада чоп этилган!

 

Матн ёзилган файлни ушбу уланкидан юклаб олиш мумкин: Отаули "Билга ҳоқон достони"

 

 

Категория: Мои статьи | Добавил: otauli (30.03.2018)
Просмотров: 749 | Комментарии: 11 | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Друзья сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Copyright MyCorp © 2024
Сделать бесплатный сайт с uCoz