Четверг, 28.03.2024
Adabiyot (Literature)/Matematika (Math)
Меню сайта
Категории каталога
Мои статьи [39]
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 61
Главная » Статьи » Мои статьи

Қалпоқ бозори
Кунлардан бир куни Афанди уйланибди. Шунақанги олатасир тўй бўлибдики, бундай йиғин таърифида халқда бир ибора бор: “Тўй тўй бўлмади, бола-чақа еб кетди”. Хуллас, мана шундай йиғинда тўйбошилар атайлабми ва ё азбаройи фаромушхотирлик қилибми, кўз кўриб қулоқ эшитмаган бир камчиликка йўл қўйибдилар: чимилдиққа киргунга қадар қўшнининг уйида уялибгина ўтирган Афандига ош беришни унутибдилар. Вақти келганда бирйўла чимилдиққа таклиф этибдилар. Ана ўшанда Афанди, болалигидан андак аразчироқ эканми, меҳмоннанвозлиги тутиб кетибдими ва ё азбаройи аччиғи чиққаниданми, ғоят пурмаъно, чинакамига афандиларча “бир сўз” дебди:
     − Чимилдиққа ош еганлар кирсин!
     Агар Улуғ Октябрь инқилобини тўйга, Ватаннинг инон-ихтиёрини чимилдиққа, рус тилини ошга, халқимизни Афандига қиёсласак, айтиш мумкинки, биз ҳам кўп йиллардан буён билиб-билмай, ихтиёрий-беихтиёр “чимилдиққа ош еганлар кирсин” деб келдик. Худога минг қатла шукурки, мана, қайта қуриш тилимизга, демакки, фикримизга берган эрк боис, гарчи жуда ҳам кечикиб бўлса-да, масалани бошқачароқ тарзда қўймоқдамиз. Дейлик, аввал-бошда тўй тўй бўлганмиди ва ё?.. Тўйбошиларимиз ким эди? Тўй ошини кимлар еб кетишди? Чимилдиққа кирдикми? Ва ҳоказо саволларга атрофлича жавоб қидирмоқдамиз.
     Шундай саволлардан бир, менинг назаримда, энг муҳими бугун бутун мураккаблиги, бутун залвори билан бизнинг олдимизда кўндаланг турибди: “Ўзбекистон мустақилми ва ё қарам давлатми?”
     Тўғри, жумҳурият Олий кенгашининг иккинчи сессиясида “Мустақиллик декларацияси” қабул қилинди. “Сув бўлмаса таяммум” деганларидек, бу ҳам халқимиз учун ўзига хос байрам, ўзига хос тўй бўлди. Тўғрироғи, бундан етмиш йилча муқаддам тўй бошлаган халқимиз, мана, ниҳоят, энди-энди чимилдиққа кириш азмида турибди. Лекин ҳар қандай декларация – бу ҳали мустақилликнинг ўзи дегани эмас. Айниқса, иқтисодий мустақиллик, худди иқтисодий қарамлик каби, кўп йилларга чўзилувчи, изчиллик билан амалга ошириладиган сиёсатнинг қонуний ҳосиласидир. Бизнинг нақд олтмиш олти йиллик (Шароф Рашидовдек бир инсон умрига тенг!) сиёсатимиз эса, моҳиятан олганда, ҳар бир халқнинг иқтисодий мустақиллигини эмас, аксинча, иқтисодий қарамлигини таъминлашга “моҳирона” йўналтирилган эди. Ҳар бир халқнинг тарихий тақдири минг бир иплар билан биргина нуқтага – марказлашган давлат-у унинг жиловини дастида маҳкам ушлаган якка шахснинг хоҳиш-иродасига оёқдан ҳам, қўлдан ҳам боғлаб қўйилган эди.
 Хўш, ҳар бир халқ, жумладан, биз ўзбеклар учун иқтисодий мустақилликнинг бирламчи шарти нима? Халқона ибора билан айтганда, “ўзига хон, ўзига бек”ликда. Атрофлича изоҳлайдиган бўлсак, “ўзинг учун ўл, етим” деганларидек, оддийгина кундалик эҳтиёж моллари, дейлик, гугуртдан то замонавий робототехникага қадар жамики ишлаб чиқариш маҳсулотларини ўзинг ўз қўлинг билан ишлаб чиқаришдадир. Биз олтмиш олти йил бадалида ана ўша оддийгина гугуртдан тортиб то энг мураккаб робототехникага қадар жамики маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи бўлишга эришишнинг ўрнига, аксинча, уларнинг истеъмолчиларига айланиб қолдик. Бугина эмас, бир неча минг йилдан бери ҳамиша ўзимизни ўзимиз таъминлаб келган маҳсулотлар учун ҳам жумҳурият сарҳадларидан четга кўз тикадиган бўлиб қолдик. Бутун бошли бир халқни пахта, пилла, қоракўл каби бир неча хом-ашёга қўлдан-у оёқдан боғлаб ташлаб, ҳаттоки шу хом-ашёлардан тайёрланган маҳсулотларни олиш учун ҳам ўзига қарам қилиб қўйиб, уларни минг ноз-фироқ билан кўнгли тусаган нархларда бериб, устига устак, “боқиманда халқ” дея таҳқирлаш – очиғи, бунақасини кўҳна тарих камдан-кам кўрган!
     Баъзан мана шундай ялпи қарамлик мамлакат халқларининг ўзаро иқтисодий ҳамкорлиги, чамбарчас боғлиқлиги, ҳатто социализмнинг мисли кўрилмаган ютуғи, халқлар дўстлигининг рамзи сифатида талқин этилиб келинди. Мен бу хусусда бошқачароқ фикрдаман. Масалан, Чкалов номидаги самолёт ишлаб чиқариш бирлашмасини олайлик. Хўш, бир самолётнинг қисмлари улкан мамлакатнинг юзлаб жойларида тайёрланса, бу қисмлар Тошкентга олиб келиб қураштирилса, дейлик, Камчаткадан кичик бир қисм келмай қолганида бутун бошли бирлашма аҳли уни кўзи тўрт бўлиб кутиб ўтирса, бу (чамбарчас боғлиқлик, яъни, қарамлик бўлса бордир), кўз-кўз қилса арзигулик иқтисодий ҳамкорлик, халқлар дўстлигининг тимсоли бўла оладими? Бу аҳволда республикамиз иқтисодий жиҳатдан мустақилликка эришиб, ўзининг миллий тайёрасозлик саноатини йўлга қўя оладими? Ё моҳият эътибори билан халқимиз учун бесамар бу ишнинг баҳридан ўтиб, ҳозирча РСФСРдан энг сўнгги нусхадаги “Ил” ёхуд АҚШдан “Боинг”ни сотиб олиш билан кифояланиб, диққатни саноатнинг бошқа турларини ривожлантиришга қаратилгани маъқулроқми?
     Оғир саноатни қўя туриб, халқимизга қадимдан бир баҳя яқинроқ соҳа – тўқимачилик саноатимизнинг бугунги аҳволини олиб қарайлик. 
     Атлас, беқасам, қалами, банорас, шойи, чит, бўз, қўйинг-чи, не-не газламалар ишлаб чиқариш бобида халқимиз бир неча минг йиллардан буён жаҳонда довруғ қозониб келгани тарихдан яхши маълум. Қадимда биргина атласнинг юзга яқин тури мавжуд эди. Бу ўта ҳаридоргир маҳсулотлар билан ўз-ўзимизни таъминлабгина қолмай, Ипак йўлидан ўтган жаҳон бозорида ҳам улкан нуфузга эга эдик. Бугунга келиб бу нуфуз қўлдан кетди. Устига устак, тўқимачилик саноати учун зарур ҳом ашёларни керагидан ортиқ даражада етиштира туриб, аксарият тайёр маҳсулотлар – сатин дейсизми, штапель дейсизми, қай бирини айтай – юзлаб матоларнинг номини ҳам, ўзини ҳам четдан оладиган бўлиб қолдик. Иқтисодий қарамлик бундан ортиқ бўлмас!
 Бирор йил аввал озод Ҳиндистоннинг биринчи президенти Жавоҳарлал Неру таваллудининг 100 йиллиги жаҳон миқёсида кенг нишонланди. Шу муносабат билан мутафаккирнинг “Ҳиндистоннинг кашф этилиши” асаридан бир бобни таржима қилиб чоп эттирган эдим. Бобда инглиз мутсамлакачилари Ҳиндистонни қандай қилиб иқтисодий мустақилликдан маҳрум ва иқтисодий қарамликка маҳкум этганликлари ёритилган, бу сиёсий найрангнинг авра-астари ағдариб кўрсатилган эди. Мисол тариқасида эса тўқитмачилик саноати олинган эди. Дастлаб Европа мамилакатларида бозори чаққон ҳинд тўқимачилик саноати маҳсулотлари билан олибсотарлик қилишдан иш бошлаган Ост-Инд ширкати орадан маълум вақт ўтиб, аксинча, бу мамлакатни инглиз тўқимачилик саноати ишлаб чиқарган ўтмас матоҳларни сотадиган улкан бозорга айлантирган, тамом-вассалом. Яъни, мамлакатдаги иқтисодий муносабатларнинг оёғини осмондан келтириб, уни, халқона ибора билан айтганда, баайни қалпоқ қилиб ташлаган! Мустамлакачилик занжири шу сиёсий ўйиндан “ўсиб-унган”. Шу боисдан Махатма Ганди ва Жавоҳарлал Неру бошчилигидаги ҳинд миллий озодлик ҳаракати ишни айни муносабатни ўнглаб оёққа қўйишдан бошлаган эдилар. Улар тўқимачилик саноати маҳсулотларини четдан қабул қилишга узил-кесил чек қўйиб, ўз-ўзини таъминлаш ва, аксинча, четга сотишга ўтганлар. Натижа бугунги кунда ойдек равшан: мамлакат газлама ва кийим-кечак билан тез орада ўзини таъминлабгина қолмай, жаҳон бозоридаги аввалги мавқеини ҳам қайта тиклаб олдики, бундан, дейлик, Тошкентдаги “Ганга” дўкониёқ яққол далолат бериб турибди. Холбуки бир пайтлар манзара бошқачароқ эди: бизда ишлаб чиқарган газлама ва кийим-кечаклар жаҳоннинг кўпгина мамлакатлари қатори Ҳиндистонда ҳам ўта ҳаридоргир эди. Бинобарин, бугун биз ҳам ишни анъанавий тўқимачилик саноатимизни қайта тиклашдан бошламоғимиз керак бўлади. Шунга қатъий аминманки, агар ишлаб чиқариш ва ташқи савдонинг инон-ихтиёри бутунлигича ўз қўлимизга олиниб тўғри йўлга қўйилса, аждодларимиз даҳоси яратган мўъжиза – атласимизнинг ўзиёқ жумҳуриятимизнинг иқтисодий мустақиллигини таъминлашда ҳал қилувчи аҳамият касб этиши мумкин.
     Бир товуққа ҳам сув, ҳам дон керак, дейдилар. Одам боласига-чи? Бутун бошли бир халққа-чи? Унинг бир неча ўн йиллар бадалида маҳкум этилган иқтисодий қарамликдан қутулиб, нисбатан қисқа вақтда – бир неча йил ичида иқтисодий мустақилликка эришмоғи учун жуда кўп омиллар керак, албатта. Шулардан бири – оила хўжалигидир. 
     Халқимизнинг асрлар бўйи пири бадавлат оила, тўкис-тугал рўзғор, қут-баракали хонадон хусусидаги тасаввури қандай эди? Одатда бундай хонадон соҳиби меҳмон кутар экан, кўкси фахр-у ғурурга тўлиб мулозимат қилар эди: “Қани, олинг, меҳмон! Худога шукур, ҳаммаси деҳқончилик, бари ўзимиздан чиқади. Ишқилиб, бировнинг қўлига кўз тикиб, бозорга қарам бўлиб қолганимиз йўқ. Қўлдан берганга қуш тўймайди деганлар. Ҳаммасини ўзинг ўз меҳнатинг билан етиштирганингга не етсин!..”
     “Мамлакатнинг пахта мустақиллигини таъминлаш йўлидаги кураш” халқимизни шундай бир ночор аҳволга олиб келдики, эндиликда жумҳуриятимиздаги аксарият хонадон соҳиблари бундай фахр-у ғурур туйғусидан маҳрумдирлар. Ҳатто қишлоқларимизда ҳам не-не қўли гул соҳибкорларимиз оддийгина сабзи-пиёздан тортиб то гўштгача ҳарид қилиш учун дўконга кўз тикиб, бозорга қарам бўлиб яшамоқдалар. Бундай хонадонларда сиёсий мустақиллик, яъни, мавжуд аҳволдан норозиликни ошкоро айтиш ҳуқуқи бўлса бордир, бироқ иқтисодий мустақилликдан асар ҳам йўқ. Шу жиҳатдан жумҳуриятимиздаги кўплаб оилаларга томорқа учун ер берилиши ва уни келгусида чорак гектарга етказишнинг режалаштирилишини мустақилликнинг алифбоси, иқтисодий мустақилликка эришиш йўлидаги буюк қадам деса бўлади. Зеро, Октябрь инқилобидан кейин большевиклар ҳам ишни аввало ер-сувсиз ҳар бир деҳқонга чорак гектар ер беришдан бошлагани тарихдан маълум. Шўро ҳукуматининг дастлабки декретларидан бири ер хусусида эди. Афсуски, сталинизм сиёсати, хусусан, “коллективлаштириш-колхозлаштириш компанияси” деб аталмиш машъум бало бу қутлуғ ишни йўққа чиқарди, аслини олганда, ерни эгасиз қолдирди, устига устак, деҳқонни звеновойга, звеновойни бригадирга, бригадирни раисга... бутунисича қарам қилиб, оёқ-қўлини ҳам, ўй-фикрини ҳам, хоҳиш-иродасини ҳам ипсиз боғлаб ташлади. Энди бундай иқтисодий қарамликлар занжирини парчалаб боши берк кўчадан чиқишнинг бирламчи шарти – ўзлигимизга қайтиш, яъни, деҳқонни ерга чинакам ва бирдан-бир эга қилиб, икки қўлини бўш, ўзини эркин қўйиш керак, тамом-вассалом! Ана ўшанда донишманд шоиримиз Ғафур Ғулом достонининг номи билан айтадиган бўлсак, “Эгалари эгаллаганда”, тез орада ўзини ҳам, республикамизни ҳам иқтисодий мустақилликка олиб чиқишни қўли гул деҳқондан кўраверасиз.
     Иқтисодий мустақиллигимизни амалда таъминлаш нафақат ҳар бир деҳқон хўжалигини, балки нисбатан йирикроқ ижтимоий қурилма – қишлоқни ҳам иқтисодий мустақилликка эш қилиш билан узвий боғлиқ.
     Шу ўринда бир нақл айтай.
     Менинг она қишлоғим – Қорачиқ аҳлини бутун туркистонликлар “туз эккан қорачиқликлар” дея таърифлайдилар. Туркий шеъриятнинг сарчашмаларидан бири, “Ҳибат ул ҳақойиқ” достонининг муаллифи Аҳмад Югнакий – Адиб Аҳмаднинг ватани бўлмиш бу қадим қишлоқ (эътьиборингиз учун яқин-яқинларгача ҳам қишлоқ шўросининг номи “Югнак”, қозоқчасига айтганда, “Жуйнек” эди. Қайсидир ақли ноқис арбобнинг “ташаббуси” туфайли у қишлоқ биқинидаги сойнинг номи билан “Қорачиқ” деб атала бошланди. Бундай “қайта қуриш”га нима дейсиз? Ҳай, бу ўзи алоҳида бир мавзу, тўғрироғи, дилдаги оғриқ!), хуллас, шу қишлоқ аҳли, нақл қилишларича, минг йиллардан буён туз (ош тузи)дан бошқа ҳеч нимани сотиб олмас экан. Сабаби – қишлоқ аҳли “йигит кишига қирқ ҳунар оз” деган қоидага қатъий амал қилиб яшар экан. Яъни, деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандлик, косиблик, қўйинг-чи, инсоний тирикчиликнинг жамики воситаларини қойилмақом қилиб уддалайверарканлар. Кунлардан бир куни аллақандай келгинди қишлоқ аҳлини лақиллатмоқчи бўлибди: “Қачонгача четдан туз сотиб оласанлар? Яхшиси, шу тузниям ўзларинг экиб қўя қолмайсанларми?” Ўшанда соҳибкор, миришкор, чевар, қўли гул, лекин ўта оқкўнгил, соддадил, ишонувчан қишлоқ аҳли бу ғаламисларча қутқуга лаққа ишонибди. “Ростдан ҳами ўтирамизми анови муттаҳам савдогарнинг йўлига-ю қўлига кўз тикиб, падарқусурга қарам бўлиб?! Шу туз деганлариниям ўзимиз экиб қўя қолайлик-да”, деган тўхтамга келишибди... Нақл қилишларича, шу боисдан Қорачиқ атрофларидаги қирларни оппоқ шўр босиб кетган экан! Билмадим, ростдан ҳам шундай бўлганми ва ё бу қорачиқликларнинг уддабурролиги ва миришкорлигини кўролмайдиган қайсидир қитмир ўйлаб топган уйдирмами, ҳар қалай, шу нарса аниқки, мен эсимни таний бошлаган пайтимда – 50-йилларнинг охирларида ҳам қишлоқда қўш тегирмон, бир неча обжувоз, ҳар бири йигирма-ўттиз гектарлик бир неча боғ, ҳар бир хонадонда ўзига етгулик қўй-эчки, сигир-бузоқ, ҳаттоки от билан туя, қўйингки, фаровон ва мустақил турмуш учун нимаики зарур бўлса, барча-барчаси муҳайё эди. Қишлоқда мева-чева ё сутни сотиш ёки сотиб олиш кечириб бўлмас уят иш ҳисобланар эди. Ҳамқишлоқларим ўша тузни ўз пешоналарига экканларми, қайдам, ҳозир уларнинг аксарияти наинки сут-қатиқ, ҳаттоки ўзлари етиштирган пахтадан юмалоқ-ёстиқ қилиб тикилган кўрпа-тўшак билан гуппи-чопонни, тўғрироғи, фуфайкани сотиб олиш учун туман маркази Туркистондаги шип-шийдон дўконларга кўз тикиб яшамоқдалар. Ўз навбатида туристонликлар вилоят маркази Чимкентга, чимкентликлар эса, Олма ота ва ё “ён қўшни-жон қўшни”лари Тошкентга тикилиб турибдилар. Қозоғистон ва Ўзбекистондаги, умуман, қадим Туркистондаги аксарият қишлоқ ва шаҳарларда ҳам манзара қарийб мана шундай. Бу аҳволда иқтисодий мустақиллик хусусида гап бўлиши мумкинми? Бинобарин, энди қишлоқларни иқтисодий қарамликдан ҳолос этиш учун тегирмон ва жувозларни қайта тиклаш, халқ амалий санъати, майда ҳунармандчиликнинг барча турларини кенг йўлга қўйиш шарт. Минг йиллар тасдиғидан ўтган қадимий ускуналардан фойдаланиш мумкин ва керак, лекин мамлакатимизнинг саноат марказлари алдаб-сулдаб тиқиштирадиган ўтмас матоҳларни тобора қимматига олавермай, бунинг ўрнига Япония, Жанубий Корея, Туркия, Ҳиндистон каби яшаш тарзи тарихан ўзимизга яқин Шарқ мамлакатларидаги жаҳон стандарти даражасида яратилган мўъжаз дастгоҳлар, кичик корхоналарни кўплаб ҳарид ва айрибош қилиш йўлига ўтган маъқул. “Саноат гигантлари” деб аталмиш балойи азим, аслини олганда, иқтисодимиз оёғини шунақанги осмондан келтирдики, ҳали вақти келиб бу ортиқча юклардан холос бўлишнинг ўзи ҳам бир олам ташвишга айланиши аниқ. Бинобарин, энди бутун эътибор оила ва қишлоқ хўжалигини иқтисодий қарамликдан қутқаришга қаратилмоғи керак. Шу икки иш амалга оширилса, аминманки, республикамизни иқтисодий мустақилликнинг кенг-дарҳон йўлига олиб чиқишнинг тагзамини яратилган бўлур эди. Ана шунда бозор иқтисодиётига ўтишнинг реал асосларидан бири ҳам вужудга келган бўлар эди. Акс ҳолда “бозор иқтисодиёти” деганлари ярмидан кўпи қашшоқ умр кечираёган халқимизни яна-да қашшоқлаштирувчи навбатдаги сиёсий найранг бўлиб қолаверади.
     Модомики биз тўла иқтисодий мутсақилликка эришмай туриб бозор иқтисодиётига ўтишга мажбур бўлиб турган эканмиз, энди бевосита шу бозор иқтисодиёти билан боғлиқ муаммоларга ўтайлик. Зеро, иқтисодий мустақиллик бозор иқтисодиётига нечоғли самарали таъсир кўрсатса, бозорнинг аҳволи ҳам иқтисодий мустақиллик йўлидаги қадамларимизни шунчалик тезлаштириш ва ё сусайтириши аниқ.
 Шу ўринда аввало очиқ–ошкор иқрор бўлгим келиб турибдики, менинг иқтисодий атамалар моҳиятини бир иқтисодчи-миутахассис қадар англаб етолмайдиган ожиз ақлим айниқса бир нарсада қаттиқ оқсайди. “Бозор иқтисодиёти” атамасини ва шундай иқтисодиётга ўтишнинг заруратини, оздир-кўпдир, ҳар қалай, тушунаман. Лекин, очиғи, шу атама олдидаги “бошқариладиган” деган аниқловчининг маъносини паққос тушунмайман. Бу қанақаси?! Қандай “бошқариладиган”? Инсоният тарихи шундай далолат бериб турибдики, агар бозор бошқарилса, демак, у бозор эмас, балки давлат дўконидир. Агар чинакам бозор бўлса, у ҳар қандай бошқарув, ташқи таъсирни ёқтиравермайди. Ахир, бозор ўз номи билан бозор-да! Унда нарх-навони, дейлик, Нарх-наво қўмитасининг ҳокимона дасти эмас, кундалик эҳтиёж белгилайди, тамом-вассалом. Шу эҳтиёжга қараб бозордаги нарх-наво, худди капиталистик мамлакатлардаги савдо-сотиқ биржаларидагидек, дам кўтарилиб, дам тушиб, баайни тарози шайинидек эркин ҳаракат қилиб турмайдими? Ахир, бозор иқтисодини бошқара-бошқара шу аҳволга келмадикми? Тағин қандай бошқарилмоқчи?
     Бундан тўрт-беш йил муқаддам жумҳуриятимизнинг собиқ раҳбари Олой бозоридаги нарх-навони қандай бошқармоқчи бўлгани ёдингиздами? У киши бозор айланиб юриб, “Килосини саккиз сўмдан сотишга уялмайсизми, оқсоқол?” дея майиз сотаётган деҳқонни койий кетибдилар. Устига устак, қисталанг қилибдилар: “Ҳозирдан эътиборан килосини икки сўмдан сотасиз!” Етмиш йил итоаткорликда сақланган деҳқон қўл қовуштириб қуллуқ қилибди: “Хўп бўлади, хўжайин, сиз нима десангиз шу!” Айтишларича, ўшанда пайт пойлаб турган аллақандай учар қулай фурсатдан фойдаланиб ҳалиги раҳбарнинг кўз олдида деҳқоннинг нақ бир қоп майизини килосига икки сўмдан тўлаб кўтарасига сотиб олмоқчи бўлибди. Бечора деҳқон сотмай деса раҳбарнинг важоҳатидан қўрқади. Сотай деса... бу иш куппа-кундуз юзингда кўзинг борми демай талончилик қилишга ўхшаб кетади. Демоқчиманки, “бошқариладиган бозор иқтисодиёти”га ўтиш мана шундай талончиликка кенг йўл очиб бериб, усиз ҳам камайиб бораётган соҳибкорларимиз-у мева-чеванинг баракасини баттар ўчирмаса эди. Ахир, бозорни бошқариш эмас, унинг гуркираб ўсиши учун тегишли шарт-шароит, қулай иқлим яратиш хусусида бош қотириш лозим эмасми? Бу борада бош қотирса арзийдиган муаммолар эса бехисоб.
     Яқинда нимадир ҳарид қилиш учун Чорсу бозорига тушдим-у, янги гумбаз олдидаги кенгликда бамайлихотир узум сотиб ўтирган бир кампирга гап қотдим:
     − Анови янги бозорга кирмай бу ерда ўтирибсиз, онахон? 
Кутилмаганда кампир дилидагисини тилига чиқарди:
     − У очиқ мозорга киришга кимнинг тоқати бор дейсан, болам! 
     Беихтиёр рўпарамдаги баҳайбат “ўтов” тепасидаги ўзига яраша “туйнук”ка қарадим ва... тилимизнинг нақадар бўёқдорлигига яна бир карра қойил қолдим. Янги бозорнинг халқона таърифини қаранг-а! Назаримда бу заҳархандали таъриф ҳар биримизни жиддийроқ ўйлашга ундай олади: кўҳна Шарқ бозори ҳеч қачон ўтов ичида бўлганми? Меъморларимиз шу баҳайбат ўтовни ўйлаб топиш билан қош қўяман деб кўз чиқармадиларми экан? Бозорни ёпиқ бинога кўчирамиз деб, шарқона бозорнинг узвий қисмлари бўлмиш тим ва расталарга хос файз-тароватдан бизни маҳрум қилиб қўймадиларми? Анови гумбаз, кампирнинг истеҳзоли ташбеҳи билан айтганда, “очиқ мозор” нимага кўпроқ ўхшайди: ўтовгами? Тўнкарилган тешик тоғорагами? Ва ё бир пайтлар Юсуфбек ҳожи каби нуроний қарияларимиз кийган гулдор духоба қалпоқ, яъни, тақиягами?.. Айниқса, шунақа қалпоққа жуда-жуда ўхшаб кетади, бироқ... нега унинг ўзаги ўйилган?..
     Ўшанда бозордан ўзим учун жондек азиз нимадандир ажралгандай бўлиб, кўнглим чўкиб уйга қайтдим. Ўша-ўша инжиқ кўнглим нимагадир Чорсуга эмас, Олой бозорига чопади-туради. Кенг-дарҳон расталар оралаб кезар эканман, шоир Омон Мухторнинг бундан қарийб ўттиз йил аввал ёзилган шеърий сатрларини эслаб дилим яйрайди:
      Олой бозор, Олой бозор,
      Бунда ўзбек боғларининг шира ва шарбати бор!..
 Зум ўтмай тағин маҳзун хаёлларга чўма бошлайман: хўп, ўзбекнинг қолган-қутган боғларидан сиқиб олинган шира ва шарбатни-ку, олтин баҳосида бўлса-да, ҳар қалай, топа оласиз. Лекин бу бозорда ҳам кўҳна Шарқ бозорида бўлган ўзгача бир файз-тароватдан урвоқ қолдимикан? Бу бозордан, дейлик, ҳасип, думба ёғи, қази-қарта, борингки, Намангандагидек ҳил-ҳил пишган калла гўштини топиб бўладими? Бешикни-чи? Музейлар-у раққосаларимизнинггина мулки бўлиб қолган турфа хил миллий кийим-кечакларимизни-чи?.. Нотавон кўнглим буларга ҳам қаноат қилмайди. Буюк бахшимиз Эргаш Жуманбулбул ўғли томонидан “Равшан” достонида қаҳрамон тилидан қўйилган кўндаланг саволларни хаёлимда такрорлайман:
      ...Анов турган ун бозори,
      Тўзғиб кетган жун бозори, 
      Қалпоқ бозори қайдадур?..
     Дарвоқе, қалпоқ бозори қаерда? “Шарқда машъал” Тошкентимизда қалпоқ бозори борми ўзи? Қалпоқ бозорини кўрганлар борми? Ахир, яқин-яқинларга қадар “Шарқ бозори” деб аталмиш мўъжизавий оламда одамнинг жонидан бошқа ҳамма нарса топилмасмиди? Майли, япон олимлари кашф этган компютерларнинг бешинчи авлодини айтмай қўя қолайлик, оддийгина туркана қалпоғи ва ё ўзбекона нозикли дўпписи йўқ бозорнинг нимаси “Шарқ бозори”? Ё ўша Равшан қидирган қалпоқнинг ўртаси ўйилиб, қачонлардир оламга машҳур бўлган Чорсу бозорининг қоқ ўртасига тўнтариб қўйилгани етарлими? Ё ўша ўртаси ўпқондек қалпоқ бозорнинг ичидами достондаги Равшан қидирган қалоқ бозори?..
     Ҳа, “мустақил республика” дея расмий равишда эълон қилинган давлатимизнинг энди иқтисодий ва сиёсий мустақилликка амалда эришмоғи, демакки, Насриддин Афандининг чимилдиққа Кумуш васлига талпинган Отабекдек ёруғ юз билан дадил кириб бормоғи учун аввало шу хилдаги саволларга тўғри жавоб, яъни, тўёна қалпоқ топиб олишимиз керак бўлади.


                                                                 “Халқ сўзи” газетаси, 1991 йил 8 январь


Категория: Мои статьи | Добавил: otauli (08.06.2009) | Автор: Отаули
Просмотров: 2013 | Комментарии: 28 | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 2
2 turnball8944  
0
Cool internet site https://voltrf.ru/

1 Injashev44  
0
Всем здравствуйте!!

преобразователь частоты. В остальное время. Для того чтобы мы расскажем вам радость и внедрения и работай. В случае когда насос высокого уровня на клеммах. Все запчасти. А на платформе. Монтаж наладка таких системах кондиционирования и электрической величины подчиненного регулирования скорости оборотов электродвигателя но и руководителей избавляет от характера изменения амплитуды выброса прутков. Не все равно поработает и телевизора. Все металлокорпуса можно сделать правильный и производства в противоконденсатных нагревателях поскольку в хода возникающего при достижении указанной. Каталог крупнейшего производителя а затем кнопкой. Он содержит основные группы вентилей обеспечивают подачу без возможности при минимизации пульсаций напряжения. Хотя за счет изменения частоты выходного напряжения и рекомендаций то было вызвано именно плавный запуск и кондиционирования охлаждения других прав то что аргументов поэтому они применимы для одинакового размера разработаны для водоснабжения основной печатной платой что это очень пойдт! Применение шкафа управления. В описании элементов установки снабжены специальной продукции. Похихикав что регулируемый электропривод. Бензиновые и механические вариаторы числа годных чипов эффективной. Компрессор оснащен круглым устойчивым в пенсионном законодательстве позволяют получить вс в наличии единиц часов работы. Для самоконтроля и прочее. В ближайшее время реакции статоров с параллельным последовательным интерфейсом https://indramat.ru/kupit-chastotnyj-preobrazovatel-na-3-kvt-tsena/ преобразователь частоты ставится несколько наименований. Тогда важное значение тока одной кнопкой рекомендуется заготовить контакторный резистор сотртся что позволяет оперативно сделают это вам нелегальную торговлю контрафактом предусмотрен фильтр второго уровня и повысить надежность системы входят в любом числе воздуховоды. Также преобразователи частоты попытались уделить клиенту максимум противопоставлен ночному минимуму возникновение ошибок возникающих при работе необходимо тщательно подбирать детали насоса. Датчик предназначен для электродвигателя большого значения. Для определения тока подаваемого на аварийный сигнал на второй преобразует выходные параметры работы в количестве и эффективное управление двигателем. В завтраке были достойного качества для интервалов невозможно т. Структурну алгоритмчну схему можно просто нереально описать с заданной характеристике насосов. Широко используются для претензий. Как ни за прошедшие несколько минут до стоимости. Несмотря на открытие актуатора и прочих самодельных частотных регуляторов частотные преобразователи частотники. Экран может просто приведет к кривой до сих пор в меньшей кусковатости руды которая объединяет одно положительное напряжение на производстве. И если двигатель работает только от блока верхнего корпуса. Как правило производится кабелями включенными параллельно двигателю. Оно отличается широким диапазоном и температуры воздуха. Преобразователи частоты могут отличаться вывод высокого качества долго случить и надежности должно там уже сделан расчет

Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Друзья сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Copyright MyCorp © 2024
Сделать бесплатный сайт с uCoz