СОҲИБДИЛ ЎЙЛАР Раҳимжон Отаев сўнгги давр адабиётимизда ҳалол, тер тўкиб меҳнат қилаётган ёзувчиларимиздан биридир. Унинг қаҳрамони Носир Хўжаназаровни атоқли адибимиз, Ўзбекистон Қаҳрамони Тўлапберган Қаипберганов “бутун Туркистон элининг умрибоқий руҳини ифодалаб тургандек” деб баҳолаган ва яна, шундай қўшимча қилган эди: бу қаҳрамон “менимча, кейинги йилларда туркий халқлар адабиётида яратилган жозибали характерлардан биридир...”
Туркистон халқлари ҳаётини, унинг ўтмиши ва бугунини, шунингдек, туркий хақлар адабиётини чуқур ва нозик биладиган, асарлари халқаро миқёсда кенг танилган бу машҳур адиб ҳамма ёзувчиларимизнинг барча асарлари-ю ҳар бир қаҳрамонига бу тарзда баҳо беравермайди, албатта. Зеро, юқоридаги қисқагина, мўъжазгина баҳода Т. Қаипберганов ёзувчи ва ижодкор Раҳимжон Отаевга хос бўлган характерли хусусиятни белгилашга муваффақ бўлади. Юртбошимиз “Элим деб, юртим деб ёниб яшаш керак” деган оташин шиорни ўртага ташлаганида, бу даъватга баҳоли қудрат жавоб беришга интилган ижодкорлар оз бўлмади, албатта. Бироқ, уларнинг баъзиларида бу мўътабар чорловга ҳайбаракаллачилик кайфияти билан ёндошув ҳоллари ҳам рўй берди. Ана шундай ҳолатда айрим корхона ва даргоҳларда “ёниш тугул туташга ҳам ҳоли йўқ” одамлар ишлаётганини, бамисоли ҳазил тарзида, лекин дадил айта олган ёзувчиларимиздан бири “Афанди ўлмайдиган бўлди” номли қиссанинг муаллифи шу – Раҳимжон Отаев бўлди ва бозор муносабатларига ўтилаётган давр Ўзбекистон шароитида қизғин мураккабликларни бошидан кечираётган, мураккаб шароитларда шаклланиб, ўзининг азамат РУҲИЯТини йўқотмасликка интилаётган қаҳрамон қиёфасини акс эттиришга ҳаракат қилди. Бу ўринда “руҳият” сўзига алоҳида урғу беришимнинг сабаби бор. Гап шундаки, мана, деярли ўттиз йилдан буён ҳикоя, қисса, публицистика, эссе, адабий танқид, таржима жанрларида фаол ва, ҳатто, айрим ҳолларда, ўктам ижод қилиб келаётган, қатор асарларини Отаули тахаллуси билан нашр этаётган Раҳимжон Отаев барча изланишлари меҳварини руҳият муаммолари ташкил этади. Бу фикрни ўқиб тугатмаёқ, дарҳол: “руҳият масаласига даҳлсиз қаровчи ёзувчи бўладими?” дегувчи савол туғилиши табиий эканини сезиб турибман. Бу савол эгасининг ҳақ эканини эътироф этган ҳолда, Раҳимжон Отаевнинг руҳият масалаларига қизиқиши ҳам ёзувчи, ҳам публицист, ҳам танқидчи, ҳам файласуф сифатида алоҳида эканини яна бир марта таъкидламоқчиман. Университетнинг филология факультети кечки бўлимида ўқиб, кундузи Тошкент қурилишларида бетончи-арматурачи бўлиб ишлаб юрган кезларидан тортиб, ҳарбий хизмат-у Академиянинг Тил ва адабиёт институтида лаборантлик вақтларида фалсафа билан жиддий қизиқди, инсон руҳияти масалаларига доир адабиётларни синчиклаб ўрганди. Талабалик йиллари “Равшан” достони, Машраб шеърияти, Тагор дунёқараши ҳақида курс ишлари ёзар экан, қўйилган масалалар замиридаги фалсафий муаммоларни аниқлашга интилиш асносида яна диққатини руҳиятнинг сир-синоатлари чулғаб олди. Университетда ўқир экан, изланишларидан бирининг мавзуи Эргаш Жуманбулбул ижоди бўлди. Яна эътиборини фольклор асарида инсон руҳияти муаммоларининг акс эттирилишига қаратди. Шўро мафкураси барқ уриб турган бир пайтда диплом иши сифатида сохта шўравий мавзулар-у зўрма-зўраки доҳийлар образи талқинини эмас, “Романтизмнинг эстетик моҳияти” деган мавзуни танлади. Гапни бирмунча узоқдан бошлашимизнинг сабаби, қўлингиздаги “Руҳият эҳроми” китобининг шунчаки ўз-ўзидан яратилмагани ёки унинг сўнгги бир-икки йил ичидагина ёзилмаганига эътиборингизни қаратишгина эмас, балки ёзувчи файласуфнинг бу адабий ўйлари унинг деярли бутун умри давомида йиғилиб, шаклланиб, тартиб топиб, сайқалланиб, жиддий ҳаётий ва ижодий тажрибалар асосида юзага келганини, ундаги ҳар бир фикр, ғоя, илмий хулоса, бадиий-эстетик қарашнинг ўзига хос хужайралари-ю ўзига хос томир йўллари бор эканини таъкидлашдир. Агар Раҳимжон Отаевнинг бир қатор қиссалар, ўнлаб ажойиб ҳикоялар, танқидий-публицистик мақолалар муаллифи, қатор романларнинг таржимони эканини инобатга олсак, қўлингиздаги “Руҳият эҳроми” китоби катта ижодий изланишлар самарасининг ўзига хос назарий-амалий натижаларидан ҳам иборат экани маълум бўлади. Одамнинг тақдиридаги, ҳаёт йўлидаги айрим ҳодисалар, сабоқлар ичида қалбга ўқдек санчилиб қоладиганлари ҳам бўлар экан. Одил Ёқубовнинг “Эр бошига иш тушса”, “Қайдасан, Морико?” асарлари бунга ёрқин далил эмасми? Агар Раҳимжон Отаевнинг ҳам адабий ўйларида, эсселарида бадиий адабиёт ва инсон руҳиятига доир гўзал ва нозик кузатишларни ва бу кузатишлар ичида Япониядан тортиб, Россия кенгликларигача бўлган масофалардаги руҳий ва адабий иқлимлар тароватини пайқайдиган бўлсангиз, бунинг сабабларини унинг тинимсиз китобхон сифатидаги абжирлигидангина изламанг. Билимдаги бу кенгликнинг ҳаётий асослари бор. Унинг бир учи илмий-адабий изланишлардан бошланса, иккинчи учи Раҳимжон Отаевнинг ҳарбий хизматдаги Япон денгизи қирғоғида қад кўтарган Находка портидаги хизмати-ю бу хизматнинг Владивостокдан то Волгоградгача ёйилган кенгликларда, унинг ўз тили билан айтганда, деярли “қадам-бақадам кезиб” чиқишига ҳам бориб боғланади. Демоқчимизки, Отаули – Раҳимжон Отаев ёзувчи, танқидчи, эстет сифатида деярли чорак асрдан буён меҳнат қилиб келаётгани, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, устозлари, биродарларидан иборат ёзувчилар муҳитидан ташқари, ҳаёт деб аталмиш мўътабар дошқозонда обдон пишган, заҳматкаш, сўз ва унинг оқибат-натижасига шуҳрат эмас, балки энг аввало илоҳий қисмат деб қарайдиган, илк дуони ота-онасидан Туркистоннинг муқаддас ҳаволарида олиб, уларга ижоднинг муқаддас остоналарида тавоб қиларли даражада амал қилишга бел боғлаган ота ули ижодкорларимиздан биридир. Раҳимжон табиатида ўзи ихлос қўйган ишга, масалага ижобий маънодаги дарвешона фидойилик, дарвешона содиқлик бор. Унинг кучли жиҳатлари ҳам, кучсиз томонлари ҳам шу нуқтада туташади. Ўз фикрларига қатъий, комил ишончлари шу булоқдан сув ичади. Ўз қарашларига ўта берилиб кетиш натижасидаги айрим чекланишлар ва бирёқламаликнинг илдизи ҳам, назаримда, феълидаги ана шу хусусиятлар билан боғланиб кетади. Айрим фикрларини қайсарлик билан ҳимоя қилишда давом этса-да, айрим фикрларининг кемтиклиги бор эканини бўйнига қўйсангиз ва ишонтира олсангиз, ниҳоятда ёқимли, ҳалол, оловнок жилмайиши ва хо-холаганча кулиб юбориши билан бу етишмовчиликни бўйнига олиб, тан бериши замирида ҳам мен ана шу дарвешона покизалик ва тўғриликни кўргандек бўламан. Унинг на ёзганларида, на ўзида бирорта бир эгрилик йўқ, лекин шу эгриликни ўзгаларда кўриб, сезиб қолса борми, оловдек ёнади. Лекин, илож қанчаки, бу олов тафтини доим ҳам ташқарига чиқаравериш мумкин эмас экан ҳаётда. Ана шундай ҳолларда бу оловнинг тафти Раҳимжон Отаев – Отаулининг асарларида бўй кўрсатади. Ҳаёт шундай эканки, наинки эгриликлар, ҳатто, яхшиликлар, гўзалликлар таъсиригача туйғу-ҳаяжонларнинг олов-оташини ҳам доимо истаганингдек ўзингда намоён эта олмай қолиш мумкин экан. Ана шундай ҳолларда ҳам Раҳимжон Отаевнинг бундай нурбахш туйғу-тушунчалари асарлари бағридан гулдек товланиб туради. Қўлингиздаги “Руҳият эҳроми” ҳам ана шундай ижод махсулларидан биридир. У 1970 йилнинг ўрталарида қадимги ҳинд ва юнон файласуфлари, Фрейд ва Шопенгауэр, Дарвин ва Мечниковлар ижодига шу қадар шўнғиб кетдики, бу изланишлар натижаси ўлароқ салкам 300 бетлик қўлёзма пайдо бўлганини ўзи сезмай қолди. Уни биров нашр этадими, йўқми, бунинг билан иши йўқ. Изланишнинг кичкинагина бир қисми Асқад Мухторга маъқул келди. Унинг шахсан ўзи таҳрир этган мақола “Гулистон”да “Сирли олам” номи билан босилиб чиқди. “Руҳиятлар бирлиги” номли жиддий мақолаларидан бири ҳам худди шу йўсинда Одил Ёқубов таҳрири остида чоп этилди. Дастлаб муаллифнинг ўзи “Туйғулар эстетикаси” деб атаган ажабтовур салмоқли асар устидаги иш, ҳарқалай беиз кетмади, у қатор ўзгартиришлар билан “Осмон тўла юлдузлар” деган ном остида алоҳида китоб ҳолида чоп этилди. Шунга ҳам, мана, деярли ярим аср бўлибди. Шу вақт мобайнида китоб бўлғуси филолог, файласуф, педагоглар томонидан фаол фойдаланиб келинди. Тўғри, у ҳақда турли фикрлар бўлди, лекин, энг асосийси, қўлига тушган ҳеч бир ўқувчини бу китоб беэътибор қолдирмади. Зотан, “Осмон тўла юлдузлар” китоби туйғулар эстетикаси, руҳият эстетикаси масалаларига бағишланган жумҳуриятимиздаги дастлабки салмоқли ишлардан бири бўлиб қолди. У даврнинг айрим мафкуравий муҳрларини эътиборга олмаганда, ўзининг мақсадли йўналишидаги илмий кузатувлари жиҳатидан ҳозиргача ўз қадрини йўқотган эмас. Муайян бир авлод эстетик тарбиясида унинг камтарона, лекин ўз ўрни бор. Қўлингиздаги “Руҳият эҳроми” нима ҳақда? У бадиий асар эмас. Илмий асар ҳам эмас. Лекин бадиий асардек ҳиссий роҳат ва илмий асардек шуурий қониқиш билан ўқилади. Бешала мақоланинг ҳар бирини ўқишни бошлаб поёнига етганингизни сезмай қоласиз. Бу мақолаларда сиз бир неча марта ўқиган бадиий асарингиз, бу бадиий асар ҳақида мутолаа қилганингиз қанчадан-қанча илмий асарлардан топмаган кузатишларни топасиз. Таҳлил ва тадқиқ этилаётган ҳиссий ҳолатларни биргалашиб туясиз ва ҳис этасиз. Натижада ўша асарларнинг ўзини ўқиганда тушмаган ҳолатларга тушганингизни сезмай қоласиз. Бадиий тафаккурингиз, туйғуларингиз бойиб бораётганини бирдан пайқаб қоласиз. Бу наинки ҳаёт ва адабиётдаги у ёки бу ҳолатларни, балки, айни вақтда, ўз-ўзингиздаги шойиста туйғуларни кашф этиш ҳолатига олиб келадики, бу жараён ўзининг нафосати, гўзаллиги билан сизни руҳан ёшартиради, бардам қилади. Биз кўпинча моддий дунёдаги моддий эҳромларни алқаб келамиз. Лекин дунёдаги энг буюк эҳром ҳар биримизнинг ўзимиздадир, у руҳият эҳромидир, демоқчи бўлади муаллиф. Ҳар бир инсон ўз руҳият эҳромини бунёд этмоғи, уни асраб-авайламоғи, ўрни келганда унга, ҳатто, сиғинмоғи лозим. Бироқ у ўз-ўзидан бунёд бўладиган эҳром эмас. Бу эҳромни ташкил этувчи нурнинг бир учи олис-олисдаги аждодларимиз руҳига бориб боғланади. Бу руҳият эҳромини бунёд этишда адабиёт ва санъатнинг ўрни беқиёсдир. Раҳимжон Отаев ушбу китобда шулар ҳақида фикр юритади, ўрни келганда баҳслашади. Беқиёс даражада сиру синоатларга тўла бу эҳромни ўз қалбида инсоннинг ўзи яратади. Муаллиф асарини бизга адабий ўйлар тарзида тақдим этади. Назаримда, буни ҳам шартли равишда тушунмоқ лозим. Зеро, инсон руҳиятининг, инсоният руҳиятининг сир-асрорларини тушунишда, уларни талқин этиш ва бизга тақдим этишда бадиий асарлар, асар қаҳрамонлари файласуф-ёзувчига, руҳиятшуносга бир воситачилик қилади, халос. Шу маънода китоб адабий ўйлардан кўра кенгроқ ва чуқурроқдир. У, маълум маънода, ғарбда руҳий дунё таҳлили (психоанализ) билан шуғулланган олимларнинг асарлари билан камтарона бўй ўлчашадиган бўлмаган тақдирда ҳам, уларга ёндошадиган асарлар сирасида тура олади. Албатта, инсон руҳиятининг чеки-чегараси йўқ, қирралари бехисоб. Раҳимжон Отаев эса, масаланинг, асосан беш жиҳатига эътиборини қаратади ва изланишларини, кузатувларини шулар атрофида мужассам этади. Айни вақтда уларни бир-биридан узиб, ажратиб қараш ҳам қийин. Китобнинг ички дастлабки варағидаги ном атрофида масалаларнинг ёритилиши ўз ифодасини топган ҳолат тасвирининг ўзиниёқ муайян топилдиқ дейиш мумкин. Бу график тасвир асар руҳи, моҳияти, яхлитлиги ва гармониясига жуда аниқ ва тиниқ мос келади. Руҳий асос муаммоси – унинг ҳам ҳаётдаги, ҳам бадиий адабиётдаги ўрнини ёритиш – китобда муаллиф эътибори қаратилган асосий масалалардан биридир. “Жиддийроқ ўйлаб қарасангиз, – деб ёзади муаллиф, – Шўро тузуми даврида халқ бошига ёғилган жамики фожиалар одам боласининг феъл-атвори ва руҳиятида авж олдирилган иллатларнинг қонуний ҳосилалари эди” (8-бет). Бадиий асар, умуман, санъат асари моҳиятидаги руҳият муаммолари ичида қай бири муҳимроқ: миллий руҳнинг ўзими ёки руҳий қадриятларнинг намоён бўлишими; руҳий ҳолатларнинг инжа таҳлил этилишими ёхуд руҳий асослар талқинидаги ўзига хосликларми? Раҳимжон Отаев уларнинг бирини иккинчисидан устун қўймайди. Бадиий асар учун уларнинг ҳар бири ўзига хос йўсинда муҳим ва ўрнига, бадиий мантиқдаги заруратига қараб аҳамияти кучайиши табиийдир. Лекин бир нарса аниқки, уларга эътиборсизлик, бу масалаларга бепарволик ёки уларни етарли даражада асар ҳужайралари ва томирларида ифодалай билмаслик, асар таъсирчанлиги, ҳаётийлиги ва ҳаққонийлигига, шубҳасиз, путур етказади. Муаллиф руҳий асос муаммолари хусусида мулоҳаза юритар экан, имон, виждон, инсоф, ҳалоллик сингари азалий аҳлоқ нормаларига диққатимизни тортади. Бу масалаларга эътибор янгилик эмас, албатта. Уларнинг инсон учун ниҳоятда муҳим заруратлар экани ҳақида қадимдан гапириб келинади. Лекин шуниси эътиборлики, Р. Отаевни бу масалаларнинг руҳият билан алоқадорликдаги қирралари ва уларнинг бадиий трансформацияси кўпроқ қизиқтиради. У ўз қарашларини асослашда, мақсадини очишда халқ мақолларидан, қўшиқ ва достонларидан, удумларни, одат ва анъаналарни талқин этишдан унумли фойдаланади. “Ўғри бўл, ғар бўл, инсоф билан бўл”, “Инсоф сари барака”... Қаранг-а! Ноинсофлик ўғрилик билан ғарликдан беш баттарроқ руҳий иллат экани таъкидланмоқда! Агар инсоф йўлини тутган бўлса, ўғри билан ғарни ҳам кечириш мумкин, лекин ҳаддидан ошиб ноинсофлик қилган нокасни кечириб бўлмайди”. (9-бет) “Эй ўғил, ҳаддингда тур отанг сени сотганда ҳам” дейилади ўзбек халқ қўшиғида. Қай бир ота ўз ўғлини бозорда қулдек сотишни истайди, дейсиз! Башарти шундай қилган тақдирда ҳам фарзанднинг ҳаддидан ошиб, падари бузрукворига андишасизлик, дилозорлик, оқпадарлик, падаркушлик қилиши мутлақо инсофдан эмасдир. Ана ўша ўғил туриши лозим бўлган ҳад инсоф чегарасидир, яъни инсонийлик чегарасидир. Зотан, отанинг ули ўғил бўлганидек, инсонийликнинг ули инсофдир”(10-бет). Қўлингиздаги “Руҳият эҳроми” китобидаги ҳар бир мақолада шу ва шунга ўхшаш дадил, масалани туб илдизигача бориб таҳлил этишга интилиш мўлдир. Улар билан кимлардир келишар, кимлардир келишмас, кимлар баҳсга киришар, лекин ҳеч ким бундай фикрларни ўқиб, бефарқ қолмайди. Улар сизни ўйлашга, инсон руҳияти ҳақида чуқурроқ мушоҳада юритишга ундайди. Ҳаётда ҳар қадамда учрашимиз мумкин бўлган руҳий талатумларнинг сабабларини илғаш, идрок этишга ёрдам беради. Нафсиламирини айтганда, юқорида келтирилган икки мисолдаги йўсинда фикр юрита олиш имконияти ҳам аслида мустақиллигимиз туфайли эришилган ҳур фикр юритиш имкони шарофати билан пайдо бўлди. Бундай фикрлаш Шўро даврида хурофотга, бадбинликка ён босишнинг ғирт ўзи-ку, деб, уларнинг олди олиниши шубҳасиз эди. Руҳият масалаларини таҳлил эта бориб, қатор муаммоларга мустақил муносабат билдирар экан, Раҳимжон Отаев баъзан ҳалқи, эли табиатидаги айрим қирралар, руҳиятидаги анъаналар хусусида ниҳоятда дадил, аламнок фикрларни айтишга ҳам журъат этади. Абдулла Орипов “Қачон халқ бўласан, эй, сен оломон” деб ёзган эди бир вақтлар. Ёки Достоевский “Россия мен учун азиз, лекин ҳақиқат ундан ҳам азизроқдир” деганини эслайлик. Мана, Р. Отаевнинг ана шу руҳдаги мулоҳазалари: “Бор бўлсанг – кўролмайди, йўқ бўлсанг – беролмайди” деган ҳикматли гап фақатгина ўзбек халқи ярата оладиган, ўзбекнинг ўз ичидан чиққан балолар – баҳил ва зиқна кимсалардан ёниб-ўртаниб, оҳ-фарёд чекиб яратган том маънодаги миллий мақолидир”. Тўғри, бу каби мулоҳазаларда Р. Отаев баъзан керагидан ортиқ ҳис-ҳаяжонга берилиб кетади, шу сабаб унинг айрим фикрлари баҳсталаб бўлиб қолади, ўқувчи уларга қўшилмасликка ўзини ҳақли деб билади. Чунончи, “Алпомиш” достонидаги Бойбўри билан Бойсарининг арзимас бир баҳона боис , аразлашиб, юз кўрмас бўлиб кетишининг Р. Отаев томонидан “жаҳонда ўзбекдан бошқа ҳеч бир халқ бундай ҳолатни ақлигаям сиғдиролмайди” деб талқин қилиниши ҳақида шу фикрни айтиш мумкин. Жаҳон оғзаки ва ёзма адабиёти ва ҳатто диний манбаларда бунга ўхшаш мотив оз эмас. Бунинг учун биргина Қобил ва Ҳобил ҳақидаги қиссани эслашнинг ўзиёқ кифоя, деб ўйлаймиз. Лекин, айни вақтда, Раҳимжон Отаев ўзбек адабиётининг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Кеча ва кундуз”, “Қутлуғ қон” сингари ўнлаб шоҳ асарлари мисолида ва улардаги қаҳрамонларнинг руҳияти тасвирланишини ниҳоятда аниқ, қисқа ва лўнда янгича талқин эта оладики, натижада бу асарлар қиммати ва моҳиятини яна-да теранроқ англай борамиз. “Шахснинг эрксизлиги қандай инсоний фожиаларга олиб келиши мумкинлигини “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романларига нисбатан яна-да кучлироқ, таъсирчанроқ кўрсатиб берган асар, шубҳасиз, “Кеча ва кундуз” романидир. Асарнинг бош қаҳрамони Зеби бошидан кечирган кўргиликларда ҳамма айбдор: бир томонда қаҳрамоннинг ўзи, унинг эрксизлиги, ҳуқуқсизлиги, ночор-нотавонлиги... иккинчи томонда – онаси Қурвонбиби фитнанинг бўш-баёвлиги, отаси Раззоқ сўфининг калтабинлиги, Мирёқубнинг худбинлиги, Хадичахоннинг маккорлиги, Энахоннинг ночорлиги, Акбаралининг ноинсофлиги, “балиқ бошидан сасийди” деганларидек, асарда кўрсатилган энг олий руҳоний зот – Хаст эшоннинг ҳам ўз манфаати шахсияси йўлида ҳақ йўлидан озганлиги...” Муаллиф хулосасига кўра, бундай муҳит эса Зеби ва Зебига ўхшаганлар умрини, бахтини поймол қилмаслиги мумкин эмас. Зебининг атрофидагилар уни ҳимоя қилиш учун курашиш у ёқда турсин, ноинсофларни, ҳатто “инсофга чақирмайди, чақиролмайди”. “Асарнинг “Кеча”лиги, яъни унда кўрсатилган руҳ осмонининг қоронғу кечадек тим қаро, яъни, зимистонлиги мана шунда” деб хулоса чиқаради Р. Отаев. Муаллиф шу тариқа руҳиятимиздаги кўриб туриб кўрмасликка, билиб туриб билмасликка олиш ҳолатларини, номардларча “сукут сақлаш” фалсафасини кескин фош этади. Бу дард муаллифнинг ҳам кўнглига шунчалик аламлар, оловлар соладики, баъзи ўринларга келиб, “шу қадар тинчликсевар, қўймижозмизки, ичимиздан чиққан балолар бизни тинчимизга қўйсалар бас!..” дейишгача бориб етади. Бундай кезларда муаллифнинг бу каби фикр-мулоҳазалари илмий ёҳуд публицистик йўналишдан бадиийлашиш, умумлашиш томон юз буради, мулоҳазалардаги адабий ўйлар шаклида бадиҳа унсурлари кучаяди. Умуман, мазкур китобга кирган мақолаларнинг тили, айниқса, гўзал, чечан, енгил халқона ва бадиий эканлигини таъкидламоқ керак. Муаллиф ниҳоятда ҳур, эмин-эркин мушоҳада юритади, бир замондан иккинчи замонга, бир макондан иккинчисига, бир асардан бошқасига, аввалги масаладан янгисига шу қадар жонли ва табиий равишда ўтадики, гўё худди шундай бўлиши керакдек. Натижада, сиз ҳам ёзувчининг сеҳрли етагида ана шу кескин, ўзгарувчан, янги оламларга кириб кетганингизни сезмай қоласиз. Сизга бу оламларда тақдим этилаётган фикрларнинг барчасини беистисно қабул қиласиз, уларни қўллаб-қувватлайсиз, дейиш нотўғри бўлур эди. Зотан, муаллифнинг ўзи ҳам бизга фақат маъқул келадиган гап айтиш йўлини тутмайди. У доимо, китобнинг бошидан охиригача, ўзининг мустақил фикрларини айтишга интилади. У ёки бу асар, қаҳрамон ёки муаммо, тарихий шахс ва тўқима образ ҳақидаги ўзининг қалби-тафаккурида эврилган фикрларини ўртага ташлайди ва сатрлар остидан: хоҳлаганингизни қабул қилинг, истамаганингиз қолсин, деяётгандек бўлади.. Бу услуб асарга бўлган ўқувчининг қизиқишини яна-да кучайтиради. Очиғи, муаллифнинг дадил, баъзан қизиққон, лекин масалага мустақил қарашлари сизни ўз домига тортиб бораётганини сезмай қоласиз. Тўғри, баъзан асосий мақсад ва масаладан четлашиш, узоқлашиш, ўқувчини зерикишга олиб келадиган ўринлар ҳам йўқ эмас. Лекин масала яна руҳият муаммоларига қайтиши билан сиз йўқотаёзган нарсангизни топиб олгандек бўласиз ва эндигина бошланган диққинафаслик ўрнини яна тоза ҳаво эпкинлари табиий равишда эгаллаб олади. Ана шу тоза ҳаво эпкинлари сизнинг дилингизга ҳам тоза ҳаволар олиб кира олади. Маълумки, халқ доимо ўзининг руҳий мададкорларига ишониб, суяниб яшаган. Қори, оқсоқол, муфти, шайх, эшон, сўфи ва ҳакозолар халқнинг ана шундай руҳий таянчлари эди. Тарихдан биламизки, чоризм босқинчилигининг енг шимариб бошлаган дастлабки сиёсатидан бири кенг халқ оммасини ана шу руҳий таянчга қарши гиж-гижлашдан иборат бўлди. Руҳоний зотларни ёмонотлиқ қилиш чоризм ва шўро сиёсатининг доимий диққат марказида бўлди. “Руҳий таянчлардан жудо этилгач” халқни ғорат қилиш ўз-ўзидан осон кечади, зотан, “балога қарши пири балогардон, яшинқайтаргич, ҳимоячи бўлмаганидан кейин, яланг бошга бало ёғаверади-да”, деб хулоса чиқаради Р. Отаев. Бу – ниҳоятда тўғри фикр. Агар Дукчи эшон ва унинг ҳаммаслакларидан иборат қасоскорлар тарих майдонига отилиб чиқмаганлари тақдирда ҳам, босқинчилар бу каби диний улуғ зотни қоралаб, бадном этишнинг йўлини ўзлари барибир ўйлаб топган бўлур эдилар. Улуғ Беҳбудийнинг тақдири бунга мисол эмасми? Раҳимжон Отаевнинг руҳий қадрият ҳақидаги мулоҳазалари, хулосалари, қайси давр адабий асарлари, қаҳрамонлари ҳақида фикр юритмасин, айниқса, худди шу кунимизга даҳлдорлиги, истиқлолимизнинг маънавий-руҳий асосларини мустаҳкамлашга қаратилганлиги билан қимматлидир. Қадр, қадриятдек тарихий, абадий муаммонинг замонавий моҳияти, унинг, айниқса, мустақиллик даври учун яна-да долзарб моҳият касб этадиган қирралари ҳақида ёниб-куйиб билдирилган мушоҳадалар, бу масаланинг барча халқлар учун умумий ва ҳар бир халқ, хусусан, ўзбек халқи учун ҳам тарихан, ҳам ҳозирда дахлдор бўлган хусусиятлари ҳақидаги фикрлар , бу масаланинг миллий руҳият билан чамбарчас алоқадорликдаги жиҳатлари ва уларнинг талқини бирорта китобхонни бефарқ қолдирмайди. “Руҳият эҳроми”нинг бундай саҳифалари, шубҳасиз, наинки ёшлар, балки барчамиз истиқлол ғоялари руҳида тарбия топишимизда муҳим аҳамиятга эгадир. Шуниси эътиборлики, муаллиф қадр ва унинг руҳоний ҳислатлари қиммати ва моҳияти ҳақида фикр юритар экан, масаланинг наинки шахс, Инсон, балки Ватан билан алоқадор фазилатларини ҳам ёритади. Хоссатан, ўз қарашларини нафақат шу куннинг санъат, адабиётга доир асарлари, балки ҳазрат Яссавий шеърий ҳикматлари мисолида далиллашга ҳаракат қилади. Кези келганда Махатма Ганди, Неру, Индира Гандилар шахсияти, ғоялари, уларнинг қадриятга муносабатлари хусусида тўхталиб ўтади. Муайян масалаларда улар билан ўзимизни муқояса қилади. Шу билан бирга мен Раҳимжон Отаевнинг мазкур китобдаги айрим фикрларига қўшилмаслик мумкин деб биламан. Унинг “Кеча ва кундуз”, “Отамдан қолган далалар”, “Мувозанат” ҳақидаги баъзи фикрлари ана шундай таассурот қолдирди.Хусусан, Чўлпон романидаги қаҳрамонлар “ўз қадрини мутлақо билмаслиги”, Тоғай Мурод ва Улуғбек Ҳамдам романларининг бош қаҳрамонлари “мутлақо ҳавас қилгулик эмаслиги” жиҳатидан танқид қилинади. Бу билан биз мазкур асарларда камчилик йўқ демоқчи эмасмиз. Гап шундаки, Р.Отаев айтаётган фикрлар етарли даражада ўзини оқламайди. Чунки, романдаги Чўлпоннинг қаҳрамонлари ўз қадрини билмасликлари асарнинг камчилиги эмас. Ёзувчи уларнинг худди шундай эканликларини тасвирлашни мақсад қилиб олганини унутмайлик. Адиб уларнинг шундай эканини кўрсатиб, бу даражада бўлиш, бу даражада қолиш мумкин эмаслигини таъкидлаб, қадр-қимматни билишга, унинг учун курашиш лозимлигига чақиряпти, ахир. Тоғай Мурод ва Улуғбек Ҳамдамнинг бош қаҳрамонлари мутлақ ҳавас қилгулик эмаслиги ҳақидаги фикрга келганда шуни таъкидлаш жоизки, ёзувчилар уларни бизга ҳавас қилинг деб яратаётгани йўқ. Уларнинг ҳаёт ҳақиқатига нечоғлик мос эканини бадиий жиҳатдан тасвирлаяпти, халос. Барча бош қаҳрамонлар ўқувчи ҳавас қиладиган йўсинда ёки даражада тасвирланиши шарт эмас. Бунга жаҳон адабиётининг ўнлаб нодир асарларидан мисол келтириш мумкин. Шуниси ҳам борки, Раҳимжон Отаев муваффақиятли асарлар ҳақида, улардаги руҳий дунёнинг тиниқ тасвири ҳақида нечоғлик суюниб фикр юритса, бу масалада муваффақиятсиз чиққан қатор асарлар ва қаҳрамонлар ҳақида, қадрият масаласидаги айрим эътиборсизликлар ҳақида шу даражада куюниб гапиради. Лекин бу руҳга, бу йўналишга “Руҳият эҳроми”да аҳён-аҳёндагина дуч келамиз. Агар бутун китоб давомида бу йўналиш изчиллик билан давом этиб борганида у шубҳасиз яна-да ютган бўлар эди. Шўро даврида миллий руҳ, миллийлик, миллий қиёфа ҳақида кўп ёзилди. Бироқ уларнинг аксари сафсатабозликдан бошқа нарса эмас эди. Шу жиҳатдан “Руҳият эҳроми” муаллифининг миллий руҳ ҳақидаги қарашларини кузатар эканмиз, бу қисмда кўпроқ миллийлик ва тарихийлик масалаларига эътибор берилганлиги аён бўлади. Муаллифни назаримизда масаланинг кўпроқ тарихий жиҳатлари қизиқтиради. Бу қисм, китобнинг бошқа қисмлари, бўлимларига нисбатан олиб қаралганда, бирмунча чалароқ, нотўкисроқдек таассурот қолдиради. Тўғри, китобдаги мақолаларнинг эссе, бадиҳа услубида ёзилганини инобатга олсак ва бу жанрнинг ўзига хос қонуниятлари мавжуд эканини назарда тутсак, ундан илмий мақолага ёки илмий ишга хос бўлган мухтасарликни талаб этиш ноўриндек кўринади, албатта. Лекин, бундан қатъи назар, эссе жанри доирасида ҳам айтилмоқчи бўлган фикрлар ва мақсадга доир муаммолар аниқланиб, мушоҳада-мулоҳаза тарзи шунга мос йўсинда бўлса, асарнинг композицион яхлитлиги таъминланган бўлур эди. Ким билсин, эҳтимол муаллиф сўнгги мақолани онгли равишда шундай тузилишда қургандир. Яъни, унинг нотугалдек экани бежиз эмасдир. У балки ҳали тўлиқ тугалланмагандир, яна давоми бордир, эҳтимол. Агар шундай бўлса, биз, азиз китобхон, сиз билан биргаликда “Руҳият эҳроми”нинг давомини, унинг янги саҳифаларини кутиб қоламиз.
Бахтиёр НАЗАРОВ,
Академик, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Танқид ва адабиётшунослик кенгаши раиси.
|