Воскресенье, 05.05.2024
Adabiyot (Literature)/Matematika (Math)
Меню сайта
Категории каталога
Мои статьи [39]
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 61
Главная » Статьи » Мои статьи

Руҳият эҳроми: Илова ТАРЖИМАИ ҲОЛ ЁҲУД РУҲИЯТНИНГ ЯНА БИР ЭҲРОМИ (Отаули)
аҳимжон Атаев (Отаули) Ўзбекистон давлат мустақиллиги йилларида носир-ёзувчи, публицист-эссеист, мунаққид ва таржимон сифатида фаол ижод қилаётган адибларимиздан биридир. Унинг анчагина машаққатли ҳаёт йўли ва серқирра ижодий фаолияти айрим ибрат бўларли жиҳатларга эгадир..
     Тошкентдан Чимкент орқали қадимий Туркистон шаҳрига борар бўлсангиз, минг йиллик ўзбек шеъриятининг бир сарчашмаси бўлмиш машҳур “Девони ҳикмат” китобининг муаллифи, авлиёлар сарвари, “шайхулмашойих” ва “Ҳазрати Султони орифин” дея улуғланувчи Аҳмад Яссавий ҳазратлари абадий қўним топган бу қадимий шаҳарга кираверишда “Иқон” деган бир қадимий қишлоқдан ўтасиз. Эътиборингиз учун, бу қишлоқда ХХ аср ўзбек шеъриятининг энг ёрқин сиймоларидан бири Миртемир домла таваллуд топганлар. Аҳмад Яссавий қабри устига Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари қурдирган муҳташам мақбарани томоша қилиб, тегишли зиёрат ва тиловатдан сўнг руҳингиз алланечук тиниқлашиб, кўнглингиз равшан тортиб, Қоратовга олиб борувчи қирқ чақиримлик йўлга чиқсангиз, йўл бошидаги “Кориз” деб аталувчи мўъжаз бир қишлоқча – бугунги кунда Туркистон шаҳрининг таркибий қисмига айланиб кетган бу заминда ҳозирги ўзбек болалар адабиётининг ёрқин намояндаси, қардош қозоқ ва қорақалпоқ адабиётларининг улкан таржимони Носир Фозилов туғилиб ўсган, агар билмасангиз билиб қўйинг! Қоратовга борувчи қирқ чақиримлик йўлнинг қоқ белида яна бир қадимий қишлоқ бўлиб, у қадимда Қарноқ, бугунги кунда эса, Отабой деб аталади. Бу қишлоқда, биласиз, албатта, айниқса, ўзининг “Улуғбек хазинаси” ва “Диёнат” романлари билан ўзбек адабиётининг оламшумул довруғига янги довруғ қўша олган атоқли адибимиз, ХХ аср Туркистон адабиётининг бир фахри-ифтихори Одил Ёқубов туғилиб ўсган! Бугина эмас. Худо бераман деса қўша-қўша бераверар экан, “Яссавийнинг сўнгги сафари” тарихий романи билан миллионлаб китобхонларимиз меҳрини қозонган ёзувчи Саъдулла Сиёев билан бир пайтлар “Оқсой” романи, кўпгина қисса, ҳикоя ва очерклари билан машҳур бўлган ёзувчи Суннатулла Анорбоев ҳам айни шу қишлоқда туғилган!
     Ҳозирда Туркистон шаҳрига қўшилиб кетган Кориз қишлоғи билан Отабой қишлоғи ўртасидаги йигирма чақиримлик йўлда қадимийликда улардан мутлақо қолишмайдиган тағин учта қишлоқ бор. Қорачиқ қишлоғида 1924 йилда Манзура Абдужабборова деган бир қизалоқ, Югнак қишлоғида эса, 1920 йилда Эгамберди Отаев деган бир ўғил, шу икки қишлоқнинг қоқ ўртасидаги Чипон деб аталувчи қишлоқда эса, 1949 йилнинг 3 апрелида шу она ва шу отадан бир фарзанд туғилган бўлиб, унинг исми Раҳимжон, фамилияси Отаев, адабий тахаллуси эса, Отаулидир. У болажон ўзбекнинг бир оиласидаги тўққиз фарзанднинг учинчиси бўлиб дунёга келди: 1945 йилда Ҳакимжон акаси, 1947 йилда Анвара опаси, 1955 йилда Дилбар синглиси, 1953-1964 йиллар миёнасида Каримжон, Мурод, Мақсуд, Маъруф ва Ориф укалари туғилганлар.
Раҳимжон Отаев (Отаули) 1965 йилда – ўн олти ёшида отасидан жудо бўлди. Кўп йиллар бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлаган отаси, қолаверса, ўзининг ҳам саводини чиқарган биринчи муаллимидан айрилиш ўспирин руҳида муайян бурилиш ҳосил қилди. Ўшанга қадар математика олимпиадаларига қатнашган, мусиқа ва тасвирий санъатга алоҳида иштиёқ билдирган, ҳатто 1964 йилда отаси билан Тошкентдаги Беньков номли рассомчилик билим юртини “бирров зиёрат қилиб қайтган” Раҳимжон ўзи ҳам кутмаган ҳолда “Туркистонда машҳур шоир” сифатида туман рўзномасида дастлабки шеърларини пешма-пеш эълон қила бошлади. Шулардан бири “Йиғлаган ота”, яна бири “Яссавий мақбараси” деб аталади. Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари ўрталарида Туркистон туман рўзномасида босилиб чиққан бу шеърлар шаҳди қуёшга етгулик, лекин ўзи ерга киргудек ўн етти яшар етимнинг қаттиқ жумбушга келган қалб туғёнлари ифодаси эди...
     Лекин математикага бўлган иштиёқ аксарият қариндошлари математика фани ўқитувчилари бўлган ўспириннинг қонида бор ва у бошқа иштиёқлардан кучлироқ экан, 1966 йилги машъум зилзиладан кейинги Тошкентга ўқигани келган Раҳимжон Отаев ҳозирги Ўзбекистон миллий университетининг филология факультетига эмас, математика факультетига ҳужжат топширди. Форобий кўчасидаги бир хонадонда ижарада турар экан, кутилмаган бир тарзда 1966 йилнинг 10 июлида атоқли шоир Ғафур Ғуломнинг дафн маросимида қатнашиб, унда тилсиз-забонсиз Ойбекни ва тили бийрон не бир ёзувчию шоирларни қадамлар билан ўлчанувчи масофада туриб тирик ҳолда илк бора кўрди... Ҳойнаҳой айни шу кутилмаган “зилзила” сабаб шоирликдан ҳам, математика факультетининг кечки бўлимида ўқишдан ҳам буткул воз кечиб, Туркистонга қайтди. Бир йиллик йўл қидириш, иккилланиш, изланишлар ниҳоясида тағин Тошкентга келиб, 1967-1973 йилларда университетнинг филология факультетида, кечки бўлимда ўқиди, айни чоғда, зилзиладан кейинги Тошкент қурилишларида бетончи-арматурачи бўлиб ишлади, 1968-1973 йилларда эса, Тил ва адабиёт илмий текшириш институти фольклор бўлимининг лаборанти сифатида адабиётшунослик фани, Ходи Зариф, Музайяна Алавия, Эргаш Рустамов ва бошқа атоқли адабиётшунос олимлар ҳамда уларнинг илмий ишлари билан яқиндан танишди. Иккинчи курсда “Равшан” достони, учинчи курсда Машраб ижоди, тўртинчи курсда Рабиндранат Тагор фалсафаси ҳақида курс иши ёзди. “Муродхон” достони тўғрисидаги дастлабки илмий мақоласи биринчи устози Тўра Мирзаев таҳрири остида 1971 йилда таниқли олимларнинг нуфузли бир жамоа тўпламида босилиб чиққанида у йигирма икки ёшда эди! 1973 йилда университетнинг филология факультетини битирар экан, этика ва эстетика кафедрасида атоқли халқ бахшиси Эргаш Жуманбулбулдан ёзиб олинган достонлардан иборат беш жилдлик “Булбул тароналари” мажмуаси асосида “Романтизмнинг эстетик моҳияти” деган мавзуда диплом ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. Мазкур илмий ишнинг раҳбари аҳлоқшунос файласуф Анвар Абдусаматов, расмий оппоненти таниқли файласуф олим Ҳайдар Алиқулов, норасмий оппонент сифатида муҳокамада қатнашган олимлардан бири академик Бахтиёр Назаров эди...
Йигирма тўрт ёшида шундай мураккаб мавзудаги диплом ишини муваффақиятли ҳимоя қилган, илмий мақолалари етарлича эълон қилинган, Тил ва адабиёт институтидек улкан илмий даргоҳда ишлаб, минимумларни топшириб, номзодлик ишини ёзишга руҳан шай бўлиб турган йигит, агар фақатгина ўзини ва илмий ишини ўйлаганида, узоғи уч йилда номзодликни ҳимоя қилиши муқаррар эди. Биринчи устози Тўра Мирзаев “Шундай илмий даргоҳни ташлаб Иқонига кетиб қолган биринчи шогирдим Фарҳод Раҳимовнинг ўрнига сени менга худо етказди” дея қанчалик суюнар эди. Лекин у, Тўра Мирзаев таътилга кетган чоғида университет дипломини қўлга олган заҳоти ўзининг келажагини эмас, қишлоқдаги ойиси, акаси, опа-укаларини ўйлаб, ими-жимида ишдан бўшаб, Туркистонга қайтди. Бир неча ой Туркистон туман рўзномасида адабий ходим ва таржимон бўлиб ишлади. Йилчи сифатида Туркистондан ҳарбий хизматга чақирилган йигирма нафар тенгдошлари қаторида поездда тўққиз кеча-кундуз йўл юриб, Япон денгизи соҳилида жойлашган Находка порти яқинидаги бир полкка бориб тушди. “Рус тилини сув қилиб ичиб юборган олим” сифатида полк штабида писар (ўзбекча – мирзо, арабча – мунший) қилиб олиб қолишмоқчи эдилар, ўзича исён кўтарди: “Олти йил университет билан институтда роса писарлик қилдим, мени шундай бир жойга жўнатингки, токи хизмат хизматдек бўлсин!” “Талабларга мувофиқ” шундай бир чакалакзорга жўнатилдики, доимий ҳарбий тайёрликда турган дивизионнинг ядро зарраси бор ракетани учириш ускунасига жойлаштириш мурватини билак кучи билан буровчи “биринчи рақам” сифатида жами юздан ортиқ уришқоқлар,.ўзидан беш-олти ёш кичкина “оқсоқоллар” исканжасида ёлғиз қолди. Калтакларнинг алам-аччиғини мурват бурашдан олди. Тутқични тутамлаб туриб шунақангги айлантирдики... низомда белгиланган вақт кўрсаткичини қарийб ярмига қисқартириб, намунавий рақам сифатида Владивостокдан Волгоградга қадар жамики синов майдонларини қадам-бақадам кезиб чиқди! Атиги бир йилнинг қоқ ярмида дам поездда, дам самолетда, дам автобусда қарийб қирқ минг чақирим йўл босди... “Юрган – дарё, ўтирган – бўйра” дея билиб айтган машойихлар. Ўтирганида ё полк штабида, ё институт бўлимида мудраб ўтираверган бўлармиди. Ахир бўйрадан ҳам, пўстакдан ҳам ҳеч қачон жиддий ёзувчи чиқмаган, чиқмайди ҳам! Жиддий ёзувчи ерга урганлари сайин баайни шердек наъра тортиб кўкка сапчийдиган, тиниб-тинчимайдиган, машаққатлардан қўрқмайдиган, кўпни кўрган – кўпгина вазиятлардаги кўпдан-кўп руҳий ҳолатларни юрагидан, жонидан ва қонидан кечирган одамдан чиқади. Табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб дейдилар. Ёзувчи эса, таъбир жоиз бўлса, инсон руҳининг табибидир.
Ҳа, чинакам ёзувчи кўп юриши, кўпни кўриши, кўп нарсани билиши керак. Лекин Р.Отаев бир йиллик ҳарбий хизматдан қайтиб, Туркистон шаҳри билан Чипон қишлоғи ўртасидаги ўн икки чақиримлик йўлда уззукун зув қатнар экан, тез орада дил-дилдан амин бўлдики, бундай сарсонлик-саргардонликлардан тузукроқ бир иш чиқиши амримаҳол! Гарчи туман рўзномасининг бир сонини – ошиқона шеърлари, бир сонини – ҳикояси, яна бир сонини – мақоласи туппа-тузук “обод қилаётган” бўлса-да, унинг самараси... Намоз ўқиб топган савобинг исроф қилган таҳорат сувингга арзимайди деганларидек... Бир неча ойлик қатновдан сўнг самараси кам ишдан воз кечиб, отаси қилган ишни қилишни ҳар жиҳатдан маъқул кўрди: отаси ишлаган Чипон саккиз йиллик мактабида ўзбек тили-адабиёти ва рус тилидан дарс беришга ўтди. Бирор йилдан кейин ўқитувчи Ҳакимжон акаси уйланиб, инженер Каримжон укаси политехника институтидаги ўқишини битириб келгач, ниҳоят, оилавий шароити унга кўнгли тусаган ишни қилиш имконини берди. 1975 йилда Тошкентга қайтиб келди, лекин икки йилча аввал ўзи намойишкорона воз кечиб кетган Тил ва адабиёт институтига қайтиб ишга киролмади. Бошқа “яна-да кенгроқ майдонлар”га ҳам талпиниб етолмади. Тағин отаси қилган ишни қилишга тўғри келди. Чилонзор туманидаги 200-ўрта мактабга ўқитувчи бўлиб ишга жойлашди. Ўша пайтда Ленин номи билан аталувчи бу мактаб Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг таянч мактабларидан бири бўлиб, унда эстетика фани бўйича факультатив машғулотлар эндигина жорий этилган, лекин эстетика фани бўйича республикада етакчи мутахассис бўлмиш вазир Саид Шермуҳаммедовнинг бу ташаббусини қўллаб-қувватлай оладиган ўқитувчи мактабда топилмай турган экан! Ҳар икки томон учун ҳам баайни табиб буюргандек бир иш бўлди. Икки мингдан зиёд ўқувчи таълим оладиган бу улкан даргоҳнинг ўзига яраша каттагина қозонида қайнашдан ташқари “Турмуш, ҳулқ-атвор ва меҳнат эстетикаси” деган бир ўқув қўлланмаси, аниқроғи, илмий- педагогик рисола, хуллас, дастлабки илмий рисоласини ёзди. Мактабда тўпланган бир йиллик тажриба, эстетика фани бўйича ёқланган диплом иши ва бу рисола қўлёзмасини қўш кафтида тутиб, 1976 йилнинг ёзида Фалсафа ва ҳуқуқ институтининг ўша пайтдаги директори, ўзи алоҳида ихлос қўйган Абу Наср Форобий фалсафаси бўйича мамлакатимиздаги қарийб ягона юксак малакали мутахассис Музаффар Хайрулллаевга юзма-юз келди. Ўша вақтда Шайхова мудиралик қиладиган этика ва эстетика бўлимига лаборант сифатида ишга олар бўлдилар. Уч кунда мактабдан бўшаб, ҳужжатларини саранжомлаб келса, воажаб, институтда об-ҳаво бутунлай ўзгарган, нимагадир аллақандай тутун... Лаборантлик ўрни ҳам нимагадир бирданига йўқ бўлиб қолибди. “Ётиб қолгунча отиб қол, урушда туриш йўқ” деганлар. Тўппа-тўғри вазир Саид Шермуҳамедовнинг қабулига кириб, дардини дастурхон қилди-да, Москва ва ё Санкт-Петербургга мақсадли аспирантурага йўлланма сўради. Вазир айтдики, “Аспирантурага имкониятимиз бўлмайроқ турибди, лекин сизни эстетик тарбия масалалари бўйича услубчи сифатида ишга олишимиз, илмий ишингизга шахсан ўзим раҳбарлик қилишим мумкин!”
     Буни қарангки, тағин табиб буюргандек бир иш бўлди. Вазирликка қарашли Педагогика илмий текшириш институти, қисқагина номи билан айтганда, “Педнаук”-“Педакадемия” 30-йилларда дастлаб ташкил этилганида Қозон университети кутубхонасининг қоқ ярми шу даргоҳга кўчириб келтирилган экан денг! Вазирликнинг рус тилидаги “писарлик” ёзишмаларидан вақт орттира олган пайтларида шу бой кутубхонага баайни танда қўйиб ётиб олди. Уч йил мобайнида қадимий юнон файласуфларидан бошлаб то ҳинди Радхакришнан билан Дешпанде, немис Фрейд билан Шопенгауэр, инглиз Дарвин билан рус Мечниковга қадар юзлаб файласуфларнинг инсоний туйғулар ҳақидаги илмий қарашларини қонига сингдиришдан ташқари уч юз саҳифа ҳажмидаги “Туйғулар эстетикаси” деган илмий тадқиқотини ёзиб тамомлади. Мазкур ишнинг кичик бир таркибий қисми, масалан, 1976 йила машҳур “Гулистон” журналининг машҳур бош муҳаррири Асқад Мухторнинг шахсан таҳрири остида “Сирли олам” деган илмий-публицистик мақола сифатида чоп этилди. Яна бир қисми – “Руҳиятлар бирлиги” мақоласи шахсан Одил Ёқубов таҳрири остида “Тошкент оқшоми” газетасида босилиб чиқди. Булар Р.Отаевнинг илк илмий-публицистик, илмий-оммабоп мақолалари, биргина русча атама ва арабча истилоҳ билан айтганда, “эссе”-“бадиа” жанридаги дастлабки ижод намуналари эди. Уч юз саҳифалик илмий ишини ўзи рус тилига таржима қилиш тараддудида юрганида, кутилмаганда Ўзбекистонда эстетика фани бўйича махсус илмий кенгаш нимагадир бирданига йўқ қилинди-қўйилди... Мен қиламан ўттиз, эгам қилади тўққиз! Буёқда вазирликдаги писарлик ишларига кўмилиб кетаётгандек... Бечорага не чора бор?.. Ўйлай-ўйлай тағин билганини қилишга мажбур бўлди. “Туйғулар эстетикаси” номининг ўрнига ўзи ихлос қўйган Ғафур Ғулом шеърининг ярим сатри (“Осмон тўла юлдузлар”)ни қўйиб, тагига қўшимча ном (“Туйғулар ҳақида суҳбат”)ни қўшиб, илмий жумлаларга бадиий тус бериб, илмий ишни эссега айлантирди-қўйди. Уни дастлаб Ғафур Ғулом нашриётида бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаб турган юртдоши Одил Ёқубовга кўрсатди. Атоқли адиб ўзича жон куйдирди: “Бундай чеки-чегараси йўқ мавзунинг ичида чўкиб кетади-ку одам! Нима, жонингиз пўлатданми! Ўз бошингизни ўйласангиз-чи!..”
     Қўлёзмани университетдаги дилтортар домлаларидан бири Норбой Худойбергановнинг уйига олиб бориб берди-да, ўзи Туркистонга борди.У ерда бирор йил аввал танишиб, таҳририятда бирга ишлаб, кўнгил қўйгани Дилбар деган бир қизга уйланиб қайтди. Буни қарангки, қизнинг отаси Туркистоннинг қадимий Бобой қишлоғидан, онаси Саврон қишлоғидан экан...Тошкентга “боши иккита” бўлиб қайтгач, Норбой Худойбергановга сим қоққан эди, юракларни алланечук орзиқтирувчи жавоб қайтди: “Асарингизга тақриз ёзиб, нашриётга топшириб қўйдим. Бориб олинг, кўринг...”
Борди, олди, кўрди. Тақризмисан тақриз! ”Илмий кашфиёт даражасидаги асар” мазмунидаги энг баланд баҳо! Норбой Худойбергановдек ўта талабчан мунаққиддан чиққанми бу баҳо? Энди ишлар юришиб кетса кераг-ов!..
     1978-1981 йиллар мобайнида Р. Отаев ўз боши, оиласи – иккинчи боши, нақд ўттиз ёшида кўргани ёлғиз ўғли, унинг уй-жойи, Ватанини анча жиддий ўйлади, ўйлаганини ўйлаганига қўшди, кўпайтирди... Лекин қўлёзма жонивор... шу тўрт йил мобайнида Норбой Худойбергановнинг авж пардадаги мақтови билан бирга қимир этмай ётаверди. Азбаройи шу қўлёзмани қимирлатиш мақсадида, нашриётнинг ўзига ишга киролмагани, буёғи рус тилидаги ёзишмаларга устаси фаранг бўлиб кетгани сабабли, 1979 йилда “Госкомиздат” деган ташкилот (Ҳозирги Матбуот ва ахборот агентлиги)га ишга киришга ҳужжат топширди. Энди иш бошлайман деб турганида... раҳматли Эркин Бойсинов бош муҳаррир сифатида алланечук зорланиб тушунтирдики, ЦКадан Ўктам Усмонов қўнғироқ қилибди, Мурод Муҳаммад Дўст деган бир ёш ёзувчи Москвадек жойдан айни шу жойга кўз тикиб келаётган экан! Кейинчалик маълум бўлдики, ўша ёш ёзувчи аслида бошқа баландроқ жойларга кўз тиккан экан, бу жойни эса, Р.Отаев ҳар гал кечикиброқ хабар топавердики, Азим Суюн, Муҳаммад Раҳмон ва бошқа тенгдошлари обод қилдилар. Р.Отаев ҳам ўзига етгулик қайсаргина эмасми, тўрт йилча кутиб, 1981 йилда ахийри шу жойга етиб келди. Келдию енг шимариб бирйўла “саккиз фронтда” иш бошлади: аввало “Ўқитувчи” нашриётидаги рисоласи билан Ғафур Ғулом нашриётидаги эссесини бараварига ҳаракатга келтирди. Сўнгра ўнлаб нашриётларда пешма-пеш босилиб чиқаётган юзлаб бадиий асарларни бир чеккадан ўқиб тушириб, тақриз қилиб, шу асосда рус тилида ўзбек адабиёти хусусида бир неча туркум обзорлар тайёрлади. Айни чоғда сиртқи аспирантурага ўқишга кириб, Норбой Худойберганов раҳбарлигида “Ҳозирги ўзбек қиссалари типологияси” мавзуидаги иккинчи илмий ишини бошлаб юборди. Ва ниҳоят, беш-олти йиллик танаффусдан кейин ўзи ҳам фавқулодда бир шиддат билан ҳикоялар, қиссалар, бадиалар ёзишга тушди. Бор-йўғи икки-уч йилнинг ичида “Қайтар дунё” (кейинчалик бу асар номини “Фалакнинг гардиши” деб ўзгартиришга тўғри келди) қиссаси, “Қалб дарчаси” кичик қиссаси, “Шафқат”, “Муножот”, “Олтин олмалар”, “Бўлажак Пушкиннинг акаси” ва бошқа анчагина ҳикояларни ёзиб ташлади. Тўғри, уларнинг барчаси кейичалик, тўрт-беш йилча ўтибгина босилиб чиқди. Р. Отаевнинг ҳеч бир насрий асари бундай “танаффус”сиз чиққан эмас – “чиғириқдан ўтказиш” учун вақт керак эди-да, ахир. Лекин уларнинг ёзилиш, танқидий мақолаларининг эса, ҳам ёзилиш, ҳам босилиб чиқиш шиддати ҳавас қилгулик эди!.. Биргина 1982 йилда саналган ва саналмаган анчагина ишлардан ташқари “ЎзАС” ҳафталигида “Шеър қадри” деган қарийб бир саҳифалик илк танқидий мақоласи, “Тошкент ҳақиқати” газетасида “Ҳаёт чорраҳасидаги ёшлар” деган илк тақризи (Ғаффор Хотамнинг “Қайтиш” деган илк қиссаси ҳақида) ва ҳакозо жами ўн иккита адабий –танқидий мақолалари ёзилиб пешма-пеш эълон қилинди. Шу қадарки, сиртқи аспирантурага бирга ҳужжат ва имтиҳон топширган Абдулла Улуғов астойдил ажабланди: “Бир йилда ўн иккита танқидий мақола?.. Аспирантурада ўқиб нима қиласиз?..”
     Нима қилади, эстетика бўйича қилган илмий ишининг думи хуржунда бўлганидан кейин... ақалли адабиётшунослик бўйича илмий иш қилиб, фан номзоди бўлади-да, шуниям билмайдими бу йигитча!..
     Орадан йигирма тўрт йил (!) ўтганидан кейин энди жиддийроқ ўйлаб қараса, Абдулла Улуғовнинг билгани билган экан! 1983 йилнинг 25 августида Сарвар Олимжонович Азимовнинг шахсан таклифи ва “Госкомиздат”даги бевосита раҳбари Рубен Акопович Сафаровдан шахсан илтимоси билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига танқид ва адабиётшунослик бўйича адабий маслаҳатчи сифатида ишга чақирилди. Икки кундан кейин Ғафур Ғулом нашриётида марҳум Воҳид Зоҳидов раислигида танқид ва адабиётшунослик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлди. Йиғилишдан чиқиб суриштирса, ярим ҳажмигина нашр режасига амал-тақал киритилган, эрта-индин чиқадиган бўлиб турган “Осмон тўла юлдузлар” эссесининг иккинчи корректурасидан “Энг жумбоқ туйғу” деган каттагина бир боб нашриётга сезиларли моддий зарар келтирилган ҳолда олиб қолинибди! Сўраб-суриштирган эди, маълум бўлдики, бу ишни бош муҳаррир ўринбосари бўлиб эндигина иш бошлаган Ўткир Ҳошимов қилибди! Нега, нима мақсадда, энди шуниси етмай турувди... Кулишини ҳам, йиғлашини ҳам билмади. Хаёлида Абдулла Ориповнинг бир қуйма тўртлиги айланди:
                                           Кулма, кулма, нега куласан
                                           Ҳижолат чекканнинг ҳолига?
                                           Нега қўл узатдинг камбағалнинг
                                           Ўғрилардан қолган молига?..
     Ана ўшанда “Эссе деган “баррикада”нинг Афанди таклиф қилган икки томонидан бирини узил-кесил танлаш керак, шекилли?.” – деган хаёлга борди..
     Бобнинг корректурасини олиб бориб “Шарқ юлдузи” журнали публицистика бўлимининг мудири Мурод Хидирнинг қўлига топширди. У “Севги, никоҳ, оила ва ажралиш муаммолари” деган қўшимча ном билан журналнинг 1983 йил 12 сонида , “Осмон тўла юлдузлар” эссеси билан баравар босилиб чиқди. Журналнинг йиллик мукофоти билан тақдирланди. Шу орада Танқид ва адабиётшунослик кенгашига янги раис сифатида тайинланган Салоҳиддин Мамажонов мақоласини мақтай-мақтай бир орзиқди – бир орзиқди! “Қани энди олим йилига битта шундай зўр мақола ёзса!” Бу гапдан Р.Отаев, табиийки, қаттиқ ажабланди: “Нега энди йилига биттагина?! Ахир, у бу мақоласини етти йилча аввал бир кеча-кундузда ёзиб битирган эди-ку!..”
     “Шарқ юлдузи” журнали бош муҳаррири Пирмат Шермуҳамедов ҳам ўз номидан, ҳам Сарвар Азимов номидан, ҳаттоки Зулфияхоним номидан мақтай-мақтай янги мақолага буюртма берди: “Худди шу мақолангиздай “Никоҳ” деган яна бир мақола ёзиб берасиз, ука!” “Ёзиш бўлса ёзиш-да!” дея икки-уч кунда “Никоҳ ёҳуд бахт фалсафаси” деган янги мақолани ёзиб, оққа кўчириб топширган эди, бош муҳаррир ўринбосари Худойберди Тўхтабоев андак шаштидан туширди: журналда бу асарнинг қоқ ярми эълон қилинди. Ҳар қалай, сиёҳи қуримай пешма-пеш эълон қилинган биринчи бадиаси эди бу! Танқид ва адабиётшунослик бўлимида вақтинча ишлаб турган Икром Отамурод ҳам “Эркин Аъзамов портретига чизгилар” ёзиб беришни буюртма қилувди, “Дилрабо қўшиқлар айтилаверсин” деган бу “чизгилар” нақ яшин тезлигида, “Никоҳ ёхуд бахт фалсафаси”ни ҳам ортда қолдириб, журналнинг 1984 йилги 2-сонда босилиб чиқди. Илк кўклам кунларида республика ёш ёзувчилар семинари бўлиб, ундаги адабий танқид машғулотларига нафақат иштирок этди, якунловчи машваратда кенгаш раиси Салоҳиддин Мамажоновнинг ўрнига ахборот берди. Роппа-роса йигирма биринчи мартда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо сифатида қабул қилинди. Май ойида Москвада бўлиб ўтган собиқ иттифоқ ёш ёзувчиларининг УШ семинар-кенгашига Ўзбекистондан Хайриддин Султонов, Шароф Бошбеков, Қутлибека Раҳимбоева, Ҳамза Имонбердиевлар қаторида ягона мунаққид сифатида қатнашиб қайтди. Виталий Озеров, Леонид Тер-Акопян, Казбек Султоновлар бошқарган танқид машғулотларида қирғизистонлик Калик Ибраимов, қозоғистонлик Шуга Нурпеисова, озарбайжонлик Самир Тагизода ва бошқа жами қирққа яқин ёш мунаққидлар қаторида қатнашиб, Эркин Аъзам, Тоғай Мурод, Мурод Муҳаммад Дўст, Хайриддин Султонов, Анвар Обиджон ва Ғаффор Хотам ижоди таҳлил этилган рус тилидаги мақоласи (“Горизонты поиска: проблематика и характер”) “Дружба Народов” журналига тавсия этилди. Бундан ташқари, ўзи апил-тапил рус тилига таржима қилиб Москвага жўнатган “Осмон тўла юлдузлар” эссеси қўлёзмасига ажойиб рус олими, “Три влечения” деган ноёб эссе муаллифи Юрий Рюриковнинг ёзган батафсил тақризини қўлига олиб (яна бир эришгани шу бўлиб) Тошкентга қайтди. Ўша йилнинг иккинчи ярмида яна иккита адабий-танқидий мақоласи, чунончи, сўз санъатининг уч мезони хусусидаги “Теранлик, Кенглик, Юксаклик” ва ёшлар қиссачилиги хусусидаги “Қаҳрамоннинг қисмати – кураш” мақолалари олдинма-кетин “ЎзАС” ҳафталигида эълон қилинди. Мақталиб-мақталиб “Адабиёт ва замон”, “Ҳақиқат – ижод байроғи” жамоа тўпламларига киритилди. Ниҳоят, ўша 1984 йилнинг сўнггида қарийб уч йилча ҳаракатсиз ётган илк қиссаси, ниҳоят, ҳаракатга келиб, “Ёшлик” журналида эълон қилинди. Вертер бўлмаса-да, ҳар қалай, шунга яқинроқ Ҳакимбек деган бир ёш файласуфнинг изтироблари қаламга олинган бу қисса Р.Отаевнинг республика матбуотида ёруғлик кўрган биринчи насрий асари эди!.. Шундай қилиб, ҳисоб-китоб қиламизки, Р.Отаевнинг биринчи илмий мақоласи 22 ёшида, биринчи илмий-оммабоп, илмий – публицистик мақоласи 27 ёшида, дастлабки танқидий мақоласи 33 ёшида, илк насрий асари 35 ёшида босилиб чиқди. Демоқчимизки, Р. Отаев бадиий насрга бир ёзувчи учун етарли даражадаги жиддий тайёргарликлар билан келди ва, табиийки, кейинги йигирма икки йил мобайнида ёзганлари ҳам шунга ярашадир.
     1985 йилнинг бошларида “Нима қилмоқ керак” деган машҳур савол унинг олдида жиддий равишда кўндаланг бўлди. Биринчи илмий ишини-ку, қоқ ярмини бўлса-да, эссе тарзида чиқариб бир қадар эплаштириб олди. Энди тағин туя гўшти еб кетаётган иккинчи илмий иши – “Ҳозирги ўзбек қиссалари типологияси”ни тезроқ ниҳоясига етказиш керакми, ё ақалли энди асосий муддао, пировард мақсад – бадиий наср билан астойдилроқ шуғуллангани маъқулми? Шу йилнинг кўкламида илмий ишига сўнгги нуқтани қўйиш ниятитда Тошкент маъданли сувлар шифохонасига ётиб, йигирма тўрт кунда илмий иш ўрнига “Сурнай наволари” деган каттагина бир қисса ёзиб қайтди. Унда ўша кўклам ёзувчилар уюшмасида рўй берган жараёнлар “қизиқ устида” бастакорлар уюшмасига кўчириб ўтқазилган, демакки, ёш бастакор ва мусиқашунос Озод Зиёдович Ҳолиқовнинг бир инсоний қисмати анчагина маъжозий, тагдоргина қаламга олинган эди. Асарда озодлик нафаси шундоққина уфуриб турган эди. Қўлёзмани “Ёшлик” журналининг бош муҳаррир ўринбосари Мурод Мансур ўқиб қизғин маъқуллади, худди “Осмон тўла юлдузлар” каби, буюк Ғафур Ғулом ижодидан, хусусан, “Сурнай” шеъридан олинган “Сурнай наволари” номига нисбатан бевосита “Озод” деган ном остида эълон қилишни маъқулроқ кўрди. Р.Отаев, табиийки, бу жўяли таклифга бажонидил рози бўлди. Шу орада наср бўлимининг мудири Эркин Аъзам таътилдан қайтиб, қўлёзмани Шуҳрат Ризаевга тақриз қилдирибди-да, асарнинг йўлига яхшигина чим босибди. “Моҳирона тадбир”дан хабар топиб исён кўтарган Р.Отаевни тинчитишми-тинчлантириш учун янги бош муҳаррир Омон Матжон қўлёзмани Тоҳир Маликка яна бир тақризга берди. Тоҳир Малик, афтидан, сихниям, кабобниям куйдирмаслик ёхуд бўри ҳам тўқ, қўзичоқ ҳам тирик бўлиши учун тақризда ёш бастакор Озод Ҳолиқовнинг Фарҳод ва Маржон деган ўғил-қизларини бехос йўқотиб қидиришига боғлиқ оилавий можаролардан буткул воз кечиб, бастакорлар уюшмасидаги воқеаларнигина қаламга олиш тавсия қилинган эди. Бу муаллифга маъқул келмади, албатта. Зотан, Фарҳоди билан Маржонини қидираётган Озоднинг руҳий ҳолати, кўнгил мулки, кўнгил бисоти – мана шу сурнай наволари эди-да! Қисса қўлёзмаси наср бўлимининг янги мудири Ғаффор Хотамнинг қўлида уч йилча авайлаб сақланди. Тўртинчи йилда Тоҳир Малик “Оббо, шу биргина қиссани ҳалиям эълон қилолмай сарсонмисиз? Мана, қандай ҳоҳласангиз шундай чиқаринг!” дея ҳиммат кўрсатди. Асар 1989 йил 2 сонда, ниҳоят, эълон қилинди.
     1985-1989 йиларда роппа-рорса тўрт йил Р.Отаев нима қилди? Аввало кимлардир инсофга келишини сабр-тоқат билан кутди. Лекин қўл қовуштириб, мудраб ўтиравермади,албатта.. Тағин насрни қўя туриб, аввало бадиий таржимага, кейин танқид билан публицистикага зўр берди. Тўлепберген Қаипбергеновнинг “Қорақалпоқнома” роман-эссеси ва “Бобомга хатлар” бадиасини – қорақалпоқ тилидан, эрон адиби Муҳаммад Али Жамолзоданинг “Шўробод” асарини – рус тилидан, қозоқ адиби Мухтор Мағавиннинг “Тириклик қўшиғи” қиссасини – қозоқ тилидан таржима қилди. Уларнинг аксарияти журналларда пешма-пеш босилиб чиқди ҳам. Зўр асар вақтинча димиқса димиқади, лекин ўлмайди экан, улардан биттаси – “Тириклик қўшиғи” роппа-роса ўн йилдан кейингина 1998 йилда раҳматли Озод Шарафиддиновнинг қизғин қўллаб-қувватлаши билан “Жаҳон адабиёти” журналида босилиб чиқди.
     Иккинчи номзодлик ишидан ҳам узил-кесил қўлни ювиб қўлтиғига урганидан кейин, назарида, қиссадан кенгроқ майдонларга йўл очилгандек бўлди. “Ёшлик” журналининг 1986 йил 3-сонади Одил Ёқубовнинг “Кўҳна дунё” романи атрофлича эстетик таҳлил қилинган “Ҳикматлар карвони”, “Гулистон” журналида 1986 йил “Янгиликнинг туғилиши”, “Звезда Востока” журналининг 1986 йил 6-сонида “Дружба Народов” журнали пайсалга солган “Горизонты поиска: проблематика и характер”, 1987 йилда “Адабиёт ва санъат” жамоа тўпламида Одил Ёқубовнинг “Оққушлар, оппоқ қушлар” романи таҳлилига бағишланган “Эпик тасвир ва таҳлил” мақолалари, яна бошқа анча-мунча мақолалари ва тақризлари эълон қилинди. Ҳатто Ғаффор Хотам ва Аббос Саиднинг ижодий изланишлари, болалар адабиёти муаммолари хусусидаги рус тилида ёзилган “За все в ответе”, “Начни с себя” ва бошқа мақолалари “Правда Востока”,”Комсомолец Узбекистана” каби газеталарда ҳам босилиб чиқди. Энди ўйлаб қараб гоҳида афсусланасан киши! Хайф кетган вақт-соат, куч-ғайрат, орзу-умидлар!.. Бахтиёр Назаров Тил ва адабиёт институтининг директорлигидан то Фанлар Академиясининг вице-президентлигига қадар қарийб йигирма йиллик арбоблик ишларининг ўрнига “Ғафур Ғулом олами”дек тадқиқотларнинг тўртта-бештасини қаторлаштириб қўйганида-ку, нақадар гўзал иш бўлар эди! Худди шундай, Р. Отаев ҳам ўткинчи дунёларга алаҳсимай, йилига ақалли битта “Сурнай наволари”дек қисса ёзиб турганида!..
     Йўқ, чинакам танқид ҳам абадиятга даҳлдор чинакам санъатдир. У ҳамиша умрибоқий асарларга суянибгина умрибоқийликка эришади. Бу йилларда ёзилган беҳисоб адабий-танқидий мақолалар ва тақризлар орасида Одил Ёқубовнинг икки ўлмас асари янгича таҳлил этилган икки мақоласининг келажагига умид билан қараса бўлади. “Шарқ юлдузи” журналининг 1989 йил 1 сонида эълон қилинган, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи таҳлилига бағишланган “Тонг юлдузи шуълалари” ва ўша йили “ЎзАС” ҳафталигида эълон қилинган, “Ёрқиной” драмаси таҳлил қилинган “Тасаввур зиёси” мақолалари, албатта, уларнинг ёнига қўшила олади. Айниқса, шу иккита мақолани ўз вақтида Умарали Норматов билан Бегали Қосимов, кейинчалик Дилмурод Қуронов билан Баҳодир Карим каби олимлар мақтаб тилга олдилар, муаллифнинг танқидий қарашларини ўз вақтида ҳам, ўн беш йилдан кейин ҳам писанд қилган олимларга қуллуқ!
     Буюк Чўлпон асарлари, гарчи Исрофилнинг сури бўлмаса-да, ҳар қалай, не бир мудроқ қалбларни ҳам уйғотишга қодир руҳий қувватга эга экан! 1989-1991 йилларда фавқулодда бир шиддат билан ёзиб ташланган кўпгина публицистик ва адабий-танқидий мақолалари, ҳикоялари ҳамда бадиаларининг қанчалик пишиқ-пухталигига қараб туриб муаллиф ҳам гоҳида “Ёпирай, шуларни ўзим ёздимми?” қабилидаги хаёлларга боради.Начора,Навоий билан Пушкиндан мерос, ҳар бир қаламкашнинг кўнглида оздир-кўпдир муқаррар бўладиган туйғу бу!..Масалан, “Гап билгунча иш бил” (“Ўзбекистон овози”, 1989, 25 февраль), “Қалпоқ бозори” (“Халқ сўзи”, 1990, январь), “Тил ва Эл Ули ёхуд қақраган тилга тириклик суви” (“Гулистон”, 1990), “Қалдирғочнинг қайрилган қанотлари” (“Ёш ленинчи”, 1990), “Мантиқ қани?” (“Мулоқот”, 1992) публицистик мақолаларини бадиий публицистикани чинакам бадиий адабиётга айлантириш йўлидаги жиддий тажрибалар дейиш мумкин. Бу даврда ёзилган ёхуд аввалроқ ёзилиб, ниҳоят, эълон қилинган “Шафқат” (ЎзАС, 1989), “Муножот” (“Ёш ленинчи”, 1990), “Отажон” (“Ёшлик”, 1991), “Отабош” (“Гулистон”, 1991) ҳикоялари, “Тагор билан суҳбат” фантастик қиссаси (“Санъат”, 1990), “Қалбнинг етти иқлими” туркумидаги “Ҳайрат”, “Муҳаббат”, “Ҳурмат”, “Маломат”, “Нафрат”, “Даъват”, “Ҳасрат” бадиалари ҳам кичик ҳажмдаги бадиий насрнинг бешафқат вақт ҳукмига рўйхушлик беравермайдиган анчагина пишиқ-пухта намуналаридир. Бу асарларнинг аксарияти “Отаули” тахаллуси билан эълон қилинган. “Ота”, “Отатурк”, “Оталиқ”, “Отабек”, “Отажон” эмас, “Отаули”гина...
     Қирқ ёшида “Отаули” бўлгач, етти-саккиз йиллик қуруққўлликдан бир қадар қутулиб, тез орада икки китобни бирин-кетин қўли кўрди. 1990 йилда Ғафур Ғулом нашриётида атоқли қорақалпоқ адиби Т.Қаипбергеновнинг “Қорақалпоқнома” роман-эссеси Р.Отаев таржимасида китоб бўлиб босилиб чиқди. 1991 йилнинг ёзида – Ўзбекистон давлат мустақиллигини қўлга киритган тарихий кун арафасида “Сурнай наволари” қиссалар ва “Қалбнинг етти иқлими” туркум бадиалар тўплами (“Ёш гвардия”, Тақризчилар: олим Маҳмуджон Нурматов ва ёзувчи Шодмон Отабек) нашр этилди. Тўғри, раҳматли олим Ғулом Ғафуров билан бирга Ғафур Ғулом нашриётида 10 босма тобоқ ҳажмидаги “Фикр ва сўз имконияти” деган бир адабий-танқидий мақолалар тўплами чиқадиган бўлиб турувди. Ҳатто қалам ҳақи ҳам олиниб, китобнинг ёруғликка чиқишига рухсат ҳам берилувди. Қорақалпоқ тилидан таржимами, қўшни нашриётдаги китобими, мазкур китобдаги “ён қўшниси”ми, туб илдизини билиб бўлмайдиган сабабларга кўра ўша тўплам китоб бўлиб чиқмай қолиб кетди. Ўша-ўша Отаули йигирма уч йилдан буён Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида хизмат қилиб, аввало мунаққид сифатида енг шимариб ишлаб, юзлаб танқидий мақолалар, обзорлар, тақризлар, бадиалар ёзиб, ўзининг адабий-танқидий тўпламини кўзи кўрмади. Ўлмас Хўжа Насриддин афандимиз “Насиб қилса эрингман” деганидек, насиб қилса, “Руҳият эҳроми” деб номланган адабий ўйлар китобчасини шоядки кўрса!
     Дарвоқе, қўллари бу масалада жудаям қуруққина эмас экан! 1990 йилнинг бошида Ўзбекистон ёзувчиларининг навбатдаги қурултойига тайёргарлик кўрилар экан, ўша вақтдаги уюшма раиси Одил Ёқубов Дўрмондаги ёзувчиларнинг Ижод уйига таниқли болалар шоири ва таржимон Миразиз Аъзам билан Р.Отаевни олиб кетди. Икковлон бирор ойда “Ўзбек адабиёти 1985-1990 йилларда” деган бир китобча тайёрладилар. У минг нусхада нашр этилди ва жамики қурултой қатнашчиларига тарқатилди. Китобча ҳажмининг учдан бир қисмига Р.Отаевнинг ўзбек насри, публицистикаси, драматургияси ва адабий танқидчилиги хусусидаги наинки шахсий кузатишлари, балки “Мажолис ун нафоис”га татаббу тарзида ёзилган “Дағал мажлислари” ва, умуман, қалб қўри яхшигина тўкилган. Гарчи ратопринт усулида босиб чиқарилган бўлса-да, ўн олти йилда муаллифнинг ўзидек у қадар сарғайиб-синиқиб кетмаган, қизиққонлар ҳозир ҳам бемалол қизиқиб ўқишлари мумкин...
     Бу ўринда айтса бўладиган ва айтмаса бўлмайдиган тағин қандай гап қолди? “Отаули деган заҳматкашнинг заҳматкаши ёзувчи, мунаққид, публицист ва таржимон сифатида 1991 йилдан кейинги ўн беш йил мобайнида нима каромат кўрсатди, хўш?” деган саволга жавобгина қолди, холос.
     Отаули 1989 йилда – қирқ ёшида бошлаб, 1993 йилда – қирқ тўрт ёшида (тасаввур равшанроқ бўлиши учун айтиш мумкинки, Чўлпон ёшида бошлаб, Қодирий ёшида) уч қисм, беш юз саҳифадан иборат “Тилсим (Туркистон достони)” деган бир салмоқли асарини, ниҳоят, ёзиб битирди. Одатда ҳар бир қаламкашнинг бош асари бўлади. Отаулининг қирчиллама қирқ тўрт ёшида ёзиб битирган бу бош асарида оддий деҳқон – Собир қовунчи, ҳунарманд уста – Қодир учар ва зиёли (тилшунос олим) Кенжа Ботир (Ботир Зокиров) – шу уч оға-ини ботирларнинг Ўзбекистон давлат мустақиллигига, аниқроғи, давлат тили ҳақидаги қонунга келиш йўли ўзига хос тарзда ёритилди. Асарнинг 150 бетлик бир қисми (“Қодир учар қиссаси”) 1994 йилда “Шарқ юлдузи” журналининг 12 сонида босилиб чиқди ва шу бир қисми 1995 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан “Алп Жамол” корпорацияси таъсис этган Алп Жамол мукофоти билан тақдирланди. Яна бир юз бетлик қисми (“Собир қовунчи қиссаси”) 1995 йилда “Ёшлик” журналининг 3-4-сонларида эълон қилинди. Асосий қисм (Икки юз эллик бет ҳажмидаги “Кенжа Ботир қиссаси”)дан айрим парчалар “Ўзбекистон овози”, “Қишлоқ ҳаёти”, “Мулоқот”, “Тошкент оқшоми”, “Ёш куч”, “Тонг юлдузи”..., қўйинг-чи, қарийб барча етакчи газета-журналларда босилиб чиқди. Қўлёзма тўла ҳолда Ғафур Ғулом нашриётида нақд ўн уч йилдан буён қимирламай турибди. Ўн уч йил бадалида нашриётга тўрттами-бешта директор келиб кетди. Алп Жамол мукофотини олган қарийб барча асарлар китоб бўлиб чиқди. Не бир сувлар оқиб, не бир дарахтлар кесилди. Одамзод Ойни қўйиб, Зуҳро, Муштарий, бошқа сайёраларга чиқаман деб турибди. Не бир нашриётларда не бир китоблар жилд-жилд бўлиб чиқиб ётибди. Лекин бу кенг дунёга биттагина “Тилсим (Туркистон достони)” деган китоб ҳали-хануз сиғмай турибди... “Кенгга кенг дунё” деганлари шуми?!.     Ўшанда – 1994-1995 йилларда Отаули “Начора, ҳажми каттароқ экан, билмасдан қулочни каттароқ отиб юборганман шекилли, балки кейинроқ сиғиб қолар” деган хаёлда , албатта, яхши ният ва умид билан билганини қилаверди. “Зора сиғишига ёрдам берса” деган умидда қадим туркий сўз-ўзакларнинг туб луғавий маъноларини шарҳлаб, “Сўз ҳақида сўз” деган жажжи мақолачалар туркумини ёзди. Жами қирқтача бу мақолачаларини газета-журналларда бирин-кетин эълон қилди. Айни чоғда, “Худо хоҳласа , энди шуниси бемалол сиғади” дея, тағин буюк Ғафур Ғуломдан ном-нишон олиб, икки юз эллик бет ҳажмидаги “Афанди ўлмайдиган бўлди” деган янги насрий достон ёзди ва уни 1997 йилда тамомлади. Ора-чурада Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” ва “Диёнат” романларини ўзича таҳлил қилиб, “Маърифат ва маънавият машъали” деган эллик бетлик бир танқидий рисола ёзди. Бу икки шоҳ асар ҳақида айтилмаган гап қолмади хисоб, айтиш иштиёқидагилар эса беҳисоб, бинобарин, рисолани ҳозирча заҳирада ушлаб туриш мумкин, рақобатчини кўпайтиришнинг кераги йўқ!. Лекин замонамизнинг Хўжа Насриддин афандиси - Насриддин Латифиддинович Хўжаназаров деган бир элшунос олимнинг ажойиб – ғаройиб саргузаштлари анчагина мароқли ва ўйноқи қаламга олинган “Элчи (Афанди ўлмайдиган бўлди)” достонини қаерга б
Категория: Мои статьи | Добавил: otauli (19.01.2009) | Автор: Отаули
Просмотров: 3121 | Комментарии: 11 | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 1
1 ArtFus  
0
Воскресенский завод лазерной обработки металла
предлагает услуги лазерной резки листов металла, труб, уголков, швеллеров,
на самом современном оборудовании

сайт vz-lom.ru

почта - info@vz-lom.ru

телефон для связи +79233283477

Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Друзья сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Copyright MyCorp © 2024
Сделать бесплатный сайт с uCoz