Воскресенье, 05.05.2024
Adabiyot (Literature)/Matematika (Math)
Меню сайта
Категории каталога
Мои статьи [39]
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 61
Главная » Статьи » Мои статьи

Руҳият эҳроми: Руҳия қадрият 2 (Отаули)

 Давоми:

     Муаззам Шарқ фалсафасида чор дарвиш билан бир қаторда энг кўп қўлланувчи чор унсур (ҳаво, сув, тупроқ, олов) моддий оламдаги энг бебаҳо, ҳеч қачон пул билан ўлчаб бўлмайдиган қадрият хисобланади. Қуёшнинг нархини ва ё Ўзбекистон мамлакати тупроғининг қимматини ким белгилаб бера оларди дейсиз! Икки буюк дарёмиздаги оби ҳаётни ва ё баҳово тоғларимизу боғ-роғларимиздаги инсоний нафас, инсоний тириклик манбаини ҳам жаҳоннинг ҳеч бир пул белгилари ўлчаёлмайди, албатта. Яна шуниси ҳам борки, бу тўрт унсурдан оқар сув, учар ҳаво ва ёнар олов ўткинчи (арабча атамалар билан айтганда, фоний, омонат, муваққат), фақатгина тупроқ турғун, ўлмас (арабча атамалар билан айтганда, умрибоқий, абадий, мангу). Шуниси билан тупроқ бошқа унсурларга нисбатан минг карра қадрлироқдир. Шунинг учун ҳам одам боласи тупроқдан бино этилган ва унинг қадди баланд, қадри баланд, борар манзили абадият. Шунинг учун ҳам ҳар бир кафт тупроқ “муқаддас тупроқ”, “табаррук тупроқ”, “она тупроқ” дея улуғланади ва она-Ватанга нисбат берилади. Шунинг учун ҳам “Тупроқ бўлғил, олам сени босиб ўтсин” дейдилар Ҳазрати султони орифин Аҳмад Яссавий. Мазкур ҳикматли сатр замиридаги бир маънони замонавий тилда шундай шарҳлаш мумкин: “Ватан тимсоли, халқ рамзига айлан, токи олам аҳли сени муқаддас саждагоҳ деб билиб зиёратга келсин-да, ҳоки пойингни кўзларига тўтиё ва дилтортарларига “мозор бости” қилсин”.
     Аҳмад Яссавий ҳазратларининг шеърий ҳикматлари яққол далолат бериб турибдики, тупроқ бўлишнинг энг қудратли ва синашта воситаси сўз санъати ҳисобланади.
     Замонавий сўз санъатининг, хусусан, бадиий насрнинг ўзига хос тупроғини уч жанр – ҳикоя, қисса ва роман ташкил этади. Бу уч жанр табиати – уч бебаҳо руҳий қадрият моҳиятини ҳар ким ўзича тушунади. Мен, масалан, шундай тушунаман: ҳикоя – муайян руҳий ҳолатни, қисса – инсоний қисматни, роман – миллий руҳиятни, яъни бутун бошли бир халқнинг аҳвол-руҳиясини ҳаққоний акс эттирувчи беқиёс кўзгулар хисобланади. Агар санъат турини санъат турига қиёслаб тушунтирилса, ҳикоя – қўшиққа, қисса – катта ашулага, роман – достонга ўхшайди. Қўшиқни ҳар бир хушовоз хонанда ижро этиши мумкин. Катта ашула учун хонандага хушовозликдан ташқари чуқур нафас ҳам керак бўлади. Достон учун эса, хушовоз билан чуқур нафас ҳам кифоя қилмайди. Аввало фавқулодда, камёб ва ноёб қувваи хофиза керак бўлади. Бошқачароқ айтганда, қўшиқ куйланади – куй мавжида хониш қилинади, катта ашулада куй ҳам, соз ҳам, хониш ҳам унинг ичида бўлади. Достон эса, бўзлаб айтилади – ҳалқумда, ички овозда, бутун жисму жонни ана ўша ҳалқумга жамлаган ҳолда ижро этилади. Чинакам ҳикоя, қисса ва романда ҳам қарийб шундай. Масалан, ўзбек ҳикоячилигининг, менинг назаримда, икки сарбаланд чўққиси – “Ўғри” билан “Менинг ўғригина болам” асарларини қиёсий таҳлил қилиб қарасангиз кўрасизки, уларнинг ҳар иккисида қаҳрамоннинг муайян руҳий ҳолати баайни қўшиқдек мухтасаргина шаклда кўрсатилади. Биринчисида ягона суянчиғи – ҳўкизини ўғрига олдирган Қобил бобонинг дағ-дағ титраши, эсанкираши ва бошқа шулар каби жисмоний ҳолати, ҳатти-ҳаракатлари орқали руҳий ҳолат хусусида яққол тасаввур ҳосил қилинади. Иккинчисида том бошида чўнқайиб ўтирган ўғри билан уй ўртасида сулайиб ётган кампирнинг суҳбати, аниқроғи, ҳар иккисининг арзи ҳоли, изҳори дили, дарди-ҳасрати... орқали муайян руҳий ҳолат яна-да ёрқинроқ ва таъсирчанроқ кўрсатилади. Иккинчи ҳикояда, халқона ибора билан айтганда, руҳий ҳолатнинг авра-астари, ичию таши ағдариб кўрсатилади. Ўзбек қиссачилигининг сарбаланд чўққиси “Шум бола”ни олиб қарасак, унда бир шум етимнинг инсоний қисмати – руҳий ҳолатлар силсиласини яна-да батафсилроқ авра-астарини ағдариб кўрсатиш орқали муайян даврдаги мисли кўрилмаган шумликлар, “ўнинчи йилларнинг саргардонлиги”, даврда рўй бераётган, арабча сўз билан айтганда, “ҳамоқот”, русча айтганда, “кошунство” таъсирчан қаламга олинади. “Отим ориқ, манзилимга етолмайман-эй” сингари пурҳикмат сатрлардан иборат қўшиқ бу “катта ашула”нинг таъсир қудратини яна-да ошириб келади. Ўзбек романчилигининг икки сарбаланд чўққиси – “Ўткан кунлар” билан “Кеча ва кундуз” асарларини олиб қарасак, уларнинг биринчисида халқ тақдирига қайғурган фидойи зотлар (Ота – Юсуфбек ҳожи ва отага муносиб ўғил – Отабек) нинг инсоний қисматлари мисолида, иккинчисида эса, фақатгина ўз шахсий манфаатини ўйлаб, қорнининг қайғусини чекиб, ҳузур-ҳаловатини кўзлаб яшовчи худбин кимсалар қуршовида хор-зор бўлган бегуноҳ жон – Зебининг кўргиликлари мисолида бутун бошли бир даврдаги бутун бошли бир халқ – ХIХ асрнинг иккинчи ярмидаги ўзбекнинг аҳвол-руҳияси, миллий руҳ атрофлича очиб кўрсатилади.
     Соҳир қўшиқ, мумтоз катта ашула, “эпос” деса дегудек улуғвор достон камдан-кам, битта-иккита бўлгани каби, ҳар жиҳатдан баркамол ҳикоя, қисса ва ё роман ҳам ноёб ҳодисалар хисобланади. Уларнинг ҳар бири ўз ҳалқининг бетакрор руҳий қадрияти ва миллий бойлигидир.
     Лекин қадрда ҳам қадр, бойликда ҳам бойлик, қадриятда ҳам қадрият бор! Ўзининг инсоний қадр-қимматини билмайдиган, қадрини баланд тутишга интилмайдиган, аксинча, ўзини ўзи қадрсизлантирадиган назари паст адабий қаҳрамон, ҳар қанча маҳорат билан бадиий гавдалантирилиб, ёрқин бўёқларда чизиб кўсатилмасин, ўқувчида муҳаббат, ҳавас, ҳурмат каби ижобий туйғулар эмас, аксинча, нафрат, жирканиш, ижирғаниш каби салбий ҳиссиётлар уйғотиб, кўп ҳолларда китобхоннинг таъбини кир, кўнглини хира, дилини хуфтон қилишга ярайди. Бундай асар нари борса кўнгилларда ачиниш туйғусини уйғотади, холос. Диққат қилинг: “Ўткан кунлар” романининг ҳар бир қаҳрамонида, ҳаттоки “Алпомиш” достонидаги Қултойни эслатувчи ўзига хос қул – оилавий хизматкор Ҳасаналида ҳам, айтиш мумкинки, илоҳий бир улуғворлик, оталиқ салобати, виқор, ўз қадрини баланд тутиш, қадрни билиш бор. Менимча, асарнинг энг бирламчи жозиба кучи, оҳанграбоси, ўқувчини ўзига мафтун этувчи меҳригиёси мана шудир. Афсуски, “Кеча ва кундуз” романи дастлаб дунёга келганида ҳам, эллик уч йиллик танаффусдан кейин 1988 йилда қайта ёруғлик кўрганида ҳам “Ўткан кунлар” романидек халқимиз томонидан қўлма-қўл бўлиб ва қўлдан қўймай ўқилмади. Бунинг энг бирламчи сабаби ҳам, менимча, шундаки, гарчи асар бадиий маҳорат ва жаҳон романчилиги тажрибаларидан яна-да пухтароқ фойдаланиш нуқтаи назаридан “Ўткан кунлар”га нисбатан баландроқ турса-да, қаҳрамонларнинг ўз қадрини мутлақо билмасликлари, ярми ифлос ва фахшга ботган, ярмининг хор ва абгорлиги... асарнинг жозибаси, оҳанграбоси, ўзига тортиш қудратининг қарийб қоқ ярмини йўққа чиқаради. Аксарият қаҳрамонлар, ҳаттоки Қурвонбиби, Салтанат, Энахон, Ўлмасжон, Холмат каби ижобий деб хисобланувчи қаҳрамонлар ҳам кўнгилларда хайрихоҳлик ва меҳр-муҳаббат эмас, нафрат, ачиниш, ижирғаниш сингари нохуш туйғулар уйғотади. Бош қаҳармон Зебининг болаларча соддадиллиги, оқкўнгиллиги, қалби беғуборлиги ҳавас қилгулик бўлса-да, ўтакетган оми, ғофил, оқ-қорани танимайдиган, ўз қадрини мутлақо билмайдиган ночор-нотавон бир кимсалиги... ўқувчини ачинтиради, афсуслантиради, қаҳрамонга ва уни яратган ёзувчига китобхоннинг ихлосини сусайтиради. Чунки одам боласининг табиати шундайки, у замондан орқада қолган одамга эмас, аксинча, ўз замонидан ўзиб кетган, ақалли замонга ҳамқадам-ҳамнафас бўлиб яшаётган одамгагина ҳавас, ихлос, меҳр-муҳаббат сингари юксак инсоний туйғулар оғушида қарайди. “Замон сенга боқмаса сен замонга боқ” дейди халқимиз. Замонга хос етакчи хусусиятлар ифодасини ҳамиша ана ўша замондан орқада, ғафлатда “алмисоқдан” қолган кимсада эмас, аксинча, энг илғор қарашли замондошда, замондан ўзиб яшаётган ўз замонининг том маънодаги қаҳрамонларида яққол кўришимиз табиийдир. Зотан одам боласининг ўз қадрини теран англаши аввало унинг дунёқараши нечоғли кенг эканлигига узвий боғлиқдир. Афсуски, мустақиллик даври ўзбек романларида тўлақонли шахс, буюк бир халқнинг вакили, мустақил давлат фуқароси сифатидаги ўзлигини, ўз қадрини яхши биладиган дунёқараши кенг адабий қаҳрамонни, айниқса, замонавий мавзудаги асарларда қарийб учратмаймиз. Бу давр романчилигининг энг жиддий ютуқлари сифатида юқори баҳоланган асарлар, дейлик, Тоғай Муроднинг “Отамдан қолган далалар” ва ё Улуғбек Ҳамдамнинг “Мувозанат” романларини олиб, айни нуқтаи назардан мазкур асарларга қарасак, уларнинг бош қаҳрамонлари ҳам мутлақо ҳавас қилгулик эмаслигини яққол кўрасиз. Уларга ачиниб-афсусланиб қарамай иложингиз йўқ. “Отамдан қолган далалар”нинг бош қаҳрамони Деҳқонқул қулдорлик тузумидаги етти пушти қул ўтган энг “олий нав” қулдан ҳам беш баттарроқ шундай ожиз-нотавон бир кимсаки, қамоқхонада ўз нажасини ўзига зўрлаб едирсалар еяверади. Отаси Ақраб шаҳид ва бобоси Жалолиддин кетмондаги ҳақсизликка қарши исён ҳиссидан унда зиғирчаям йўқ. Шунақанги бечораҳол кимсаки, инсон сифатида оилавий хизматкор Ҳасанали (“Ўткан кунлар”) ва ё оддийгина бир қарол Йўлчи (“Қутлуғ қон”) ундан беқиёс даражада юксак туради. “Мувозанат” да эса, бош қаҳрамон ўз дўстининг кўзига чўп солиб, унинг хотинига ўйнаш тутинади, буниси етмагандек, ерга урганда шердек наъра тортиб кўкка сапчийдиган ёшдаги одам ҳозирги дориломон замонда ётоқхонада ярим бўлка қотган нонни сувараклар билан “баҳам кўриш”га “мажбур бўлади”. Бундай ўқувчини ачинтирадигангина эмас,”Шуям одамми!” дея ижирғантирадиган, ҳаттоки жиркантирадиган ожиз-нотавон, ўзининг инсоний қадридан мутлақо бехабар кимсалар... шонли замонамиз қаҳрамонлари, буюк ўзбек халқининг ёрқин тимсоллари эмаслар, албатта. Аввало қаламкашни ошириб мақташ ва пуфакдек шишинтириш оқибатида, масалан, мазкур ёзувчиларимизнинг иккинчи романлари – “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” билан “Исён ва итоат” асарлари дастлабки романлардан ҳам бадиий жиҳатдан заифроқ бўлиб чиқди. Масалан, биринчи асарда “Ботир” деб аталган “қаҳрамон”, “Алпомиш” достонидаги Ҳакимбек ташланган зиндондан эмас, албатта, ниҳояти бир кавланган илдизлар ўрнидаги ҳандақдан “қутулиб” чиқолмайди. Иккинчи асарда эса, “Акбар” деган яна-да қутлуғроқ исмни кўтариб юрган навқирон йигит... бир маккора фоҳишани деб хотин-бола-чақасидан воз кечади. Орадан йиллар ўтиб, ўз хатосини англаб етгандек бўлади-да, хотин-бола-чақасининг олдига бош эгиб қайтиб боради. Хўш, бундай енгил-елпи ҳатти-ҳаракатларнинг нимаси исёну нимаси итоат?!. Умуман, “Бу дунёда ўлиб бўлмайди”, “Исён ва итоат” деган номлар остида қандай гаплар айтилиб, қанақанги ғоялар ўртага ташланяпти-ю ижодкорларнинг қадамлари юксакками-пастгами қаёққа кетяпти, ёзувчиларнинг илк романларини ошириб-тошириб мақтаган мунаққидларимиз нимагадир энди булар хусусида мутлақо лом-мим демаяптилар. Менимча, ёзувчини мақтаб-мақтаб пастга тортишга нисбатан танқид қилиб энг олий юксакликларга даъват этиш ҳар жиҳатдан маъқул иш! Адабий танқиднинг энг бирламчи вазифаси ҳам шу!
     Бундан етти йил муқаддам “Ўтаётган кунлар нафаси” деб номланган мақоламда 1998 йилда дунёга келган романларни атрофлича таҳлил қилар эканман, камина ҳам самарқандлик ёш ёзувчи Уйғун Рўзиевнинг “Атиргул” романи хусусида анчагина мақтов гаплар ёзган эдим. Қай бир жиҳатлари “Ўткан кунлар” романини, қай бир жиҳатлари эса, “Шум бола” қиссасини ёдга солувчи бу илк романнинг айниқса “ҳам қувноқ, ҳам ҳазин оҳанги, дилрабо қўшиқдек дилкаш ифода ва изҳор йўсини, теша тегмаган киноя-қочиримлар, тагдор имо-ишоралар” мени ўзига маҳлиё этган, қаттиқ ҳаяжонланиб ўзимча шундай тилак билдирган эдим: “Етти пушти булбул ўтган Эргаш Жуманбулбулнинг ота қишлоғи Жўшдан жўшиб чиққан ва йигирма уч ёшида шундай гўзал асар ёзган истеъдодли укамизга илоё кўз тегмасин, паст-баланд гаплардан эсанкираб қолмасин, дастлабки яхши асардан яна-да яхшироқ иккинчи асарга омон-эсон ўтиб олсин”.
     Яқинда бу ёзувчининг янги асари – “Қадр кечаси” қиссасини ўқиб чиқдим-да, очиғи, ҳафсалам пир бўлди. Гап шундаки, ўзбек ёзувчисига мақтов янги ижодий парвозларга рағбатлантириш ўрнига “Бўлди, эришадиган юксаклигингга чиқиб олибсан, энди ортингга қайтавер” дегандек акс таъсир қиладими, қайдам, ё фалак, бу қиссанинг дастлабки романдан ер билан осмонча фарқи бор эди. Тасаввур қилинг, муҳтожлик сабаб қаҳрамон қадр кечасида ҳам Зарафшондан олтин қидириб кетади, иттифоқо айни шу кечада нақд ёмби топиб олади, қувона-қувона уйига келса, айни шу кечада ёнаётган уйида хотини ўйнаши билан!.. Бу нимаси? Қадр кечасининг қадри шуми?! Одатда ўтакетган фоҳиша, ароқхўр, хотинбоз, палид кимсалар ҳам рўза-рамозон кунларида, айниқса, қадр кечасида ўз нафсини тияди. Бир томонда – ёмбининг топилиши, яна бир томонда – вафодор жуфти ҳалолнинг фахш ишларга илк қадами, охир-оқибат, ёнғин-хонавайронлик... Барча тасодифлар, тубанликлар, фожиаларни айни шу қадр кечасига жамлашдан муддао, ғоявий ният нима?!. Хуллас, “Қадр кечаси” қиссаси “Атиргул” романидек кўнгилни ўстириб, руҳни юксалтирмайди, аксинча, алланечук нохуш бир кайфият уйғотади, ўқувчининг кўнглини кир, таъбини хира қилади. “Булар қанақанги мусулмон, умуман, мусулмонми ўзи?!” деган бир иштибоҳ уйғотади.
     Яқинда таниқли ёзувчиларимиздан бирининг янги романи қўлёзмасини ўқиб чиқишга мажбур бўлдим. Аё дўстлар, мазкур асарга таққослаганда “Бу дунёда ўлиб бўлмайди”, “Исён ва итоат” романлари билан “Қадр кечаси” қиссасини ҳолва деса бўлади. Асарда айтилишича, бир одам шунчаки англашилмовчилик сабаб ўлдига чиқарилади (аслида унинг чўнтагида паспорти бор кийимини кийган бошқа биров ҳалокатга учраб ўлган бўлади). Каттакон бир асар давомида ўша одам ўзининг ўлмагани – тирик яшаб юрганини ҳеч қаерда ҳеч кимга исботлаёлмай узоқ-узоқ тентирайди-да-е.. Бирон одамда зиғирча бир ҳайриҳоҳлик, бирон инсон қалбида йилт этган бир нур, заррача ёруғлик кўринмайди. Тентираб, йўл қидириб, юра-юра, ахийри ўз ихтиёри билан бориб ўзига аталган, англашилмовчилик сабаб бошқа ўлик қўйилган лаҳадга киради-кетади... Беихтиёр ҳайратдан ёқа ушлайсиз: ё фалак! Буёғи қандоқ бўлди? Бир пайтлар ўқиганимиз “Анти-Дюринг”га ўхшаб, “Гўрўғли” достонига раддия сифатида битилган “антидостон”ми, “Ўлик жонлар”га ўзбекча пародиями, “Тирилган мурда”га чапақай татаббуми, нима бу?! Замонамиз қаҳрамони, Ҳазрати Инсон, ўзбек халқи вакили ва, умуман, ўзбек халқининг масхарасини чиқариб, уни оламдаги энг ожиз-нотавон, бўш-баёв, лапашанг-ландовур қилиб кўрсатиш йўлидаги ким ўзар пойгада яна бир “мисли кўрилмаган қаҳрамонлик”ми ё?..
     Ўзбекни ўз қадрини билмайдиган оми-ғофил, думбул-лақма, дунёқараши тор, маънавияти қашшоқ, ўтакетган ахмоқ, аянч бир жонзот сифатида кўрсатиш, шу йўл билан уни қадрсизлантиришга уриниш нафақат айрим романларда, бадиий наср, бадиий адабиёт ва, умуман, санъатнинг бошқа турлари ҳамда жанрларида, ҳаттоки ишлаб чиқариш ва кундалик турмушда ҳам, афсуски, учраб турибди. Масалан, бундан бир неча йил муқаддам “Ўзбегим” деб номланган пахта ёғини кўрганимда беихтиёр таажжубдан ёқа ушлаган эдим. “Воажаб, калтабинликми, кўролмасликми, ғаламисликми бу?! Шўро тузумида “Пахта ўзбек халқининг миллий ифтихори” қабилидаги қарашлар бундай “Ўзбегим” деган пахта ёғига нисбатан ҳолва эмасми?! Кенг жаҳон айвонида ақалли биронта “Ҳиндим” деган чой, “Арабим” деган ҳурмо, ҳаттоки “Ҳабашим” деган қаҳва идиши борми экан!..” Хайриятки, бу номдан ҳозир нишон ҳам қолмади; бир кўриниш берди-да тезда йўқ бўлди. Кейинроқ телевизорда “Отабегим, Зайнаб билан қолинг, бегим” қабилидаги вазни енгил қўшиқларни тинглаб, бачкана клипларни томоша қилсам, очиғи, қон босимим ошадиган бўлиб қолди: “Буюк адибнинг, унинг шоҳ асарининг, ажойиб қаҳрамонларининг масхарасини чиқариб, уларни қадрсизлантиришми, нима бу?!” Айниқса, кулги ниқоби остида кўрастилаётган айрим масхарабозликлар, чунончи, бир шиша винонинг ортидан сарпойчан югургилаб юрган эркаклару сигир судраб кетаётган ва ё лой ҳандаққа ағанаётган аёлларнинг аянчли ҳатти-ҳаракатларига қараб туриб, очиғи, фиғоним фалакка ўрлайди: “Мустақил Ўзбекистон давлатида яшаб, жаҳонга юз тутаётган қадди баланд, қадри баланд, буюк бир халқнинг фарзандларига ярашадиган қилиқми шу?! Булар халқнинг қадрини оширяптими, туширяптими? Ҳориждан келган меҳмонларимиз кўриб, ўзбек халқи ҳақида нима деб ўйлаяпти экан? “Онангни отангга бепардоз кўрсатма” деб яшайдиган андишали бир халққа наинки бепардозлик, шунақанги ўтакетган бепардалик-беҳаёликлар, бачкана қилиқлар ярашадими?..”
     Куни кеча ўзим ғоят юксак қадрлайдиган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталигида ўзим ғоят ҳурмат қиладиган ва улкан адиб сифатидаги порлоқ келажагига умид кўзи билан қарайдиган истеъдодли укам Абдуқаюм Йўлдошнинг “Адажонимдан айланай” ҳикоясини ўқиб, очиғи, тушунмадим.Аё дўстлар, буниси ҳаммасидан ошиб тушди-ку!.
     Тасаввур қилинг: заводда бешинчи разрядли токар, қўли гул уста бўлиб ишлайдиган Нўъмонжон ательеда тикувчи бўлиб ишлайдиган хотинини уйда қолдириб, янги йил байрами арафасида ва туғилган кунида ёлғиз қизчаси Меҳринисани шаҳар айлантиргани олиб чиқади. Икковлон аввал янги зоопаркка боришади, кейин кабобхўрлик қилишади, шоколад ейишади, ниҳоят, шаҳарга чиқишдан асосий мақсад – театрга кирмоқчи бўлишади. Шунда Нўъмонжон чўнтакларини қайта-қайта кавлаштириб қарайдики, ишхонадан берилган чипталар йўқ! Чипта йўқми, демак, театрга кириб бўлмаслиги ҳар қандай одамга беш қўлдек маълум. Лекин Нўмонжон нимагадир эшикбонга ялиниб-ёлвориб ичкарига чиптасиз кирмоқчи бўлади. “Семириб кетганидан қорни олдинга осилиб тушган, ҳарсиллаб нафас олаётган эшикбон”, ўз вазифаси бўлганидан кейин, табиийки, ота билан қизни ичкарига қўймайди. Ота тағин нимагадир ялиниб-ёлворавергач, у “деярли бўкириб гапиришга ўтади”. Бирдан пайдо бўлган спорт кийимидаги аллақандай йигит эса, нимагадир Нўъмонжонни дабдурустдан тепиб йиқитиб, оғзи-бурнини қора қон қилади. “Қаҳрамон” эса, худди шуни кутиб турган ва муроди ҳосил бўлгандек, қизини етаклаб жимгина уйига қайтади. Қайтар экан, “чўнтагида бор пулини чиқариб санаб кўради”. Бир минг олти юздан бир минг тўрт юзига қизига совға олади. Автобусда уйга қайтаётиб қолган икки юз сўм атрофида яна бир “кутилмаган” можаро бошланиб кетади: “ўн олти-ўн етти ёшлар чамасидаги чиптачи”дан илон пўст ташлайдиган дакки-дашномларни роса эшитади. Шу асно қизчаси учун қўшиб тўлашга аслида йўқлигини яхшигина биладиган юз йигирма сўмни қидириб... боягина ўзи қайта-қайта кавлаштириб тополмаган томоша чипталарини энди нимагадир топиб олади. Ҳикоянинг фабуласи шу! “Қаҳрамон”нинг антиқадан-антиқа ҳатти-ҳаракатларини ўзингизча мушоҳада қилиб, унинг эс-хуши жойидалигига шубҳаланиб қоласиз. Одам боласи онгсиз маҳлуқ эмас, онгли мавжудот бўлганидан кейин босаётган қадамини зиғирча ўйлаб кўради-да ахир! Сохтакорлик, ясамалик, ўзининг ўзбегини имкон қадар олабўжи, тасқара қилиб кўрсатишга уриниш ҳам эви билан-да ахир! Бош қаҳрамон-ку, тентакка ўхшар экан, “деярли бўкириб гапиришга ўтган” эшикбон, ҳе йўқ-бе йўқ уни тепиб оғзи-бурнини қон қилган аллақандай йигит, қарийб отаси тенгги одамни янги йил арафасида очиқ-ошкор ҳақорат қилаётган ўспирин чиптачи... нимагадир буларнинг барчаси учун одам боласининг зиғирча, бир пуллик қадр-қиммати йўқ! Умуман, Ҳазрати Инсонни, хусусан, ўзбек халқи вакилларини бунчалик афтодаҳол, хор-забун, бўкирадиган туя, бегуноҳнинг бетига тепадиган даражада бешафқат, каттага ҳурмат ва ўзбекона андишани йўқотган бетгачопар, хуллас, на ўзининг, на ўзганинг қадрини билмайдиган бир нокас қилиб кўрсатиш ўзбек ёзувчисига нима учун керак, тушуниб бўлмайди.. Наҳотки шулар ўзгалар дилига зиғирча озор беришдан ҳамиша сақланиб яшаган, Ҳазрати Инсон кўнглини ўстириб, қадрини ошириб яшаб ўтган улуғ аждодларимиз, дейлик, Юсуфбек ҳожидек юксак ички маданият, бой маънавият ва маърифат соҳибларининг ворислари бўлсалар?!.
     Ҳикоянинг номи – “Адажонимдан айланай” ҳам беш-олти яшар қизалоққа мутлақо ярашмайдиган бачкана қилиққа, бола тилидан масхара ва калака қилишга ўхшайди. Одатда ўзбекнинг ота-онаси, бобо-момоси ўз ўғил-қизлари ва невара-чевараларидан айланиб-ўргилиб гиргиттон бўлиб яшайди. Лекин қизалоқнинг ўз отасидан айланиб-ўргилиши... ўзбек учун эриш туюладиган ножўяроқ ҳатти-ҳаракат хисобланади.
Тўғри, айниқса, мустақиллик ва фикр эркинлиги шароитида ёзувчининг дунёни, инсонни, муайян халқ вакилини қай кўз билан кўриб қандай кўрсатиши ўзининг ихтиёридаги шахсий иши, албатта. Қаламкашга ёмонни яхши қилиб кўрсат, бўяб-бежа дея кўрсатма бериб бўлмайди. Қуюшқонга сиғмас кўрсатмаларни ёзувчиларимиз Шўро тузуми даврида жуда кўп кўрганлар. Лекин шу ҳол ҳам шак-шубҳасизки, чор тарафга қора бўёқни ўйламай-нетмай чаплайвериш ғоят бехосият ишдир. Шоири замон ёзганидек, дарҳақиқат, “Иллат қидирганга иллатдир дунё, Ҳикмат қидирганга ҳикматдир дунё”. Ёзувчининг иши эса, табиийки, иллат қидириш эмас, аксинча, ҳикмат қидиришдир, илоҳий ва инсоний нур қидиришдир, кўнгилларни нурафшон қилиб ёриштиришдир.
     Халқимиз ҳаётида, айниқса, Ўзбекистон давлат мустақиллиги шароитида ҳар қадамда улуғ бир ҳикмат, оламшумул қадр-қиммат, кўнгилни равшан торттирадиган файз-тароват, зиё-ёруғлик борки, уни кўриш учун фавқулодда ўткир кўз шарт эмас, оддийгина, фақат холислик билан қаровчи кўзлар кифоя.
     Албатта, Ўзбекистон давлат мустақиллиги йилларида ўзбек халқидек буюк бир халқнинг оламшумул довруғига янги довруғ қўшадиган, халқ ва Ватан қадри ҳамда обрўсини яна-да ошира оладиган ғоявий-бадиий жиҳатдан баркамол асарлар талайгина яратилди. Ҳар жиҳатдан ҳавас қилса, ибрат олса ва жаҳонга “Мана, Ўзбек!” дея кўз-кўз қилса арзигулик адабий қаҳрамонлар ҳам яратилди ва яратилмоқда. Айниқса, Соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратлари, Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур, Жалолиддин Мангуберди, Имом Бухорий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Маҳмуд Торобий, Бобораҳим Машраб сингари кўпдан-кўп улуғ аждодларимиз ҳақидаги янги тарихий-биографик асарлар билан ҳар қанча фахрланишга ҳақлимиз. Саид Аҳмаднинг “Офтоб ойим” ҳикояси, Одил Ёқубовнинг “Қайдасан, Морико?” қиссаси, Муҳаммад Алининг “Мен кўрган Америка” ва “Абадий соғинчлар” китоблари, Хайриддин Султоновнинг “Бобурийнома” маърифий романи, Қамчибек Кенжанинг “Ҳинд сориға” сафарномаси каби ҳорижий мамлакатлар ҳаёти билан боғлик сара асарлар ҳам ўзбек халқининг халқаро ҳамжамиятдаги қонуний ўрнини яна-да муқимлаштириш ва қадр-қимматини яна-да оширишдек хайрли ишга муносиб ҳиссалар хисобланади. Мустамлака шароитида дунёга келган Абдурауф Фитратнинг “Ҳинд ихтилолчилари”, Ойбекнинг “Нур қидириб” ва “Покистон таассуротлари”, Шуҳратнинг “Жаннат қидирганлар”, Ёқуббек Яквалхўжаевнинг “Қайтар дунё” асарларида қаламга олиниб бошланган бу мавзу энди, мустақиллик шароитида янги юксакликларга кўтарилиши шубҳасиз. Замонамиз қаҳрамонларининг улкан бунёдкорлик ишлари, умумхалқ қурилишлари, тадбиркорлар, фермерлар, сиёсий арбоблар, жаҳон танийдиган олимлар ва бошқа шулар каби илғор дунёқарашли замондошларимизнинг ҳар қанча ибрат олса арзигулик ишлари хусусидаги китоблар, публицистик мақолалар ва очерклар ҳам талайгина яратилмоқда. Булар яхши. Лекин публицистика ўз номи билан публицистика. “Ниначининг минг ургани – Босқончининг бир ургани” деганларидек, мингта публицистик асар битта баркамол насрий асар – ҳикоя, қисса ва роман ўрнини босолмайди. Бинобарин, замонавий мавзудаги баркамол насрий асарда ўз қадрини яхши биладиган, ўз халқи, ватани, мамлакати билан астойдил фахрланадиган, қаҳрамон деса арзийдиган, ўқувчи ҳавас билан қарайдиган дунёқараши кенг, руҳияти бой, маънавияти юксак, маърифатли, хуллас, тўлақонли адабий қаҳрамонлар яратиш ёзувчиларимиз олдида турган энг муқаддас ва долзарб вазифадир.
     Хулласи калом, гапнинг индаллоси шуки, келинг, ўзимизни ўзимиз беқадр қилмайлик, азиз дўстлар! Ўз қадримизни билайлик, қадрли бородарлар! Қадримизни пасайтирмайлик, аксинча, юксалтирайлик! Энди ҳамиша қаддимиз ҳам, қадримиз ҳам баланд бўлсин! Халқимиз ва Ватанимиз жаҳон миқёсидаги ўзига муносиб қадр ва мавқега қайта эга бўлаверсин! Қадримиз ҳамиша бор бўлсин, зотан у бу жаҳон айвонидаги ҳар бир инсон ва ҳар бир халқнинг энг бебаҳо, энг олий даражадаги руҳий қадрияти хисобланади.

Категория: Мои статьи | Добавил: otauli (19.01.2009) | Автор: Отаули
Просмотров: 1359 | Комментарии: 4 | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Друзья сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Copyright MyCorp © 2024
Сделать бесплатный сайт с uCoz