Воскресенье, 05.05.2024
Adabiyot (Literature)/Matematika (Math)
Меню сайта
Категории каталога
Мои статьи [39]
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 61
Главная » Статьи » Мои статьи

Руҳият эҳроми: Руҳий қадрият 1 (Отаули)

Руҳий қадрият

     Одам боласи шу қадар азизу мукаррам, улуғу муҳтарам қилиб яратилганки, ўн саккиз минг оламдаги ҳадсиз-хисобсиз фаришталар унга муттасил такбиру таҳсин, олқишу офарин айтади. Тасаввур қиляпсизми, Аллоҳ Таоло Ҳазрати Одамни нақадар улуғвор ўзлигига мос ва мувофиқ, чексиз қудратига ярашадиган мўъжизавий ҳилқат қилиб яратган! Аввало онгли мавжудот қилиб яратган! Бошқа маҳлуқотларга раво кўрилмаган чексиз имконият – тафаккур бахти, фикрлаш саодатини бахш этган. Сўнгра хотира, ирода, идрок ва юксак инсоний туйғулар – муҳаббат, дўстлик, садоқат, меҳр-мурувват, шафқат, оқибат, инсоф, шаън-шавкат, қадр-қиммат... сингари кўпдан-кўп ганжиналар баайни анор доначаларидек ўзаро сиғишиб яшайдиган инжа кўнгил, кенг юрак, соф дил, покиза қалбни ўз бандалари орасида фақатгина одам боласига беминнат бахшида этган. Хуллас, ўз руҳининг бир қисмини Одамга бағишлаб, уни оддийгина жонзот (жонивор, маҳлуқ, ҳайвон, мол) эмас, Ҳазрати Инсон қилиб яратган у Қодир Аллоҳимиз.
     Парвардигори Оламнинг чинакамига Қодирлиги аввало шундаки, у ўзи яратган мўъжизавий ҳилқат - Ҳазрати Инсоннинг қадрини барча маҳлуқотлардан, ҳаттоки ўз ҳузуридаги фаришталардан ҳам баланд тутди. Такаббурликка берилган собиқ фаришта – Шайтони лаин инсонни ҳар боб билан ерга уриб, топтаб-таҳқирлаб, қадрсизлантириб, тубан ва пасткаш маҳлуққа айлантириб ўзининг пастарин хуморини ёзишга ҳамиша жон-жаҳди билан уринади, албатта. Лекин Қодир Раҳмон, аксинча, инсонни ҳамиша эъзозлайди, юксакликларга чорлайди, тубанлашиш – паст кетишлардан қайтаради, ҳар боб билан Ҳазрати Инсон сифатидаги қадр-қимматини ошириб-тоширади. Қадрнинг қадрини Қодир билади-да, ахир!
     Қадр билмас қариндошдан қадр билар ёт яхши, дейди халқимиз. Бу ҳикматли гап донишмандликда беназир ҳалқимизнинг ҳам нечоғли Қодирлигини, шу боис қадрнинг қадрини нақадар баланд тутишини аён кўрсатиб турибди.
                                   Қанча баланд тутсангиз сўзингизни,
                                   Ондин баланд тутғаймиз ўзингизни
     Шоҳ ва шоир Ҳусайн Бойқаронинг қадрдон дўсти Алишер Навоийга бағишлаб битган бу чинакамига шоҳбайти нафақат Ҳазрати Инсон қадри, балки у айтаётган ҳар бир сўз (лутф, лафз, калом) қадрини ҳам баланд тутган, ўзининг “худонинг ердаги сояси” эканини дил-дилдан теран ҳис қилган донишманд ва бағрикенг ҳукмдорнинг зукколиги, олийжаноблиги, самимийлиги, хуллас, том маънодаги қадрдону қодирлигини қатрадаги қуёш аксидек аён кўрсатиб турибди. Буюк мутафаккиримиз Алишер Навоийнинг беназир ижоди шу ҳаётбахш ва мўътадил иқлимда ўсиб-унгандир...
     Қадрдон дўст – дўсти қодир! Ким у? Аввало ўзининг, қолаверса, бошқа инсонларнинг қадрини биладиган, ҳамиша юксак қадрлайдиган, ҳаттоки ашаддий рақиби ва қаттол душманини ҳам ўзига дўст тута олган одам. Ўзининг ва ўзгаларнинг қадрини кетказмайдиган, аксинча, қадрини оширадиган одам. Бундай одам яна “садоқатли дўст – дўсти содиқ”, “қиёматли дўст” дея улуғланади. Бундай дўстлардан ҳар биримизнинг қалбимизга энг яқини, албатта, Ҳақ Дўстдир, яъни Аллоҳ Таолонинг Ўзидир. Шунинг учун ҳам қадимги дарвиш-қаландарлар зикрида энг кўп қўлланувчи хитоб “Ҳақ Дўст ё Аллоҳ”дир. “Дарвиш ота”, “авлиёлар сарвари”, “шайхулмашойих” сифатида жаҳонда довруғ қозонган Аҳмад Яссавий ҳикматларида энг кўп қўлланган хитоб, мурожаат, чақириқ, даъват, табиийки, “дўстлар” сўзидир. Бизга замондош шоир Азим Суюннинг “Эй дўст” туркум тўртликлари (“Янги аср авлоди”, 2005) ҳам Аллоҳ Таоло ва унинг энг яқин дўсти – Пайғамбари Акрамдан то синфдош жўра ҳамда оддийгина ўқувчига қадарлик жамики дўстларга бараварига мурожаат, яъни ўзига хос муножотдир. Камина “Улус (Форобийнинг дўсти)” насрий достонимда (“Шарқ юлдузи” журнали, 2000 йил, 2-сон) бир томонда – Улусни, бир томонда Жаноби Ҳақни, бошқача айтганда, бир томонда – Халқни, бир томонда – Ҳаллоқни ўзига дўсти содиқ деб билган, бу ҳар икки дўстни юксак қадрловчи чин дўст излаб ота юртига бош уриб келган буюк аллома, муаллими соний Абу Наср Форобийнинг руҳий оламини ёритишга баҳоли қудрат ҳаракат қилган эдим.
     Кундалик мулоқотларда бир-биримизга, ҳаттоки энг ашаддий душманларимизга ҳам “Эй муттаҳамлар!”, “Ҳой аблахлар!”, “О-о, пасткашлар!” қабилида эмас, айнан “Азиз дўстлар!”, “Муҳтарам фалончи!”, “Қадрли тувланчи!” дея мурожаат этишимизда асрлар тасдиғидан ўтган улуғ бир ҳикмат бордир. Бундай мурожаатларда инсонни эъзозлаш тажрибаси, инсон қадрини баланд тутиш иштиёқи, эзгулик истаги, яхшиликка интилиш мужассамдир. Зотан, ўзининг инсоний қадрини англаш иштиёқи одам боласининг қонида бор.
     Қуръони Карим нозил бўла бошлаган кеча,рамозон ойининг йигирма еттинчи кечаси “Лайлатулқадр”, яъни “Қадр кечаси” деб аталишини кўпчилик яхши билади. Ривоят қилишларича, қадр кечасини бедору хушёр ўтказган одамнинг ҳаётида шундай мўъжизавий лаҳзалар содир бўлиши эҳтимол эканки, унинг олгани – олтин, тутгани – тилло бўлиб қолармиш. Бунинг теран маъноси бор, албатта. Лайлатулқадр шунинг учун ҳам қадр кечаси деб аталадики, одам боласи ўзининг энг юксак қадри, энг олий қимматини айни шу кечада топди. Чунки Қуръони Карим Ҳазрати Инсоннинг қадр-қимматини Арши Аълога олиб чиққан, унинг қадрини осмон қадар юксалтирган илоҳий калом – Каломуллоҳ бўлиб, Ҳазрати Инсон шаънига битилган энг буюк ва энг беқиёс қасидадир. Яна ривоят қилишларича, “Инжил” нозил бўлишидан аввал бу оламда табобат илми шу қадар тараққий этган эканки, икки нарса – отасиз туғилиш ва ўликни тирилтиришдек мўъжизагагина у қодир бўлолмай турган экан. Ана ўшанда Ийсо алайҳиссалом Худо ёрлақаб бу икки мўъжизани ўзида мужассамлаштирган ҳолда дунёга келган экан. Худди шунингдек, Қуръони Карим нозил бўлиш арафасида араб шеърияти шу қадар тараққий этган эканки, араблар орасида, масалан, “рус шеъриятининг қуёши” Пушкин вафотидан кейин айтилганидек, “шеъриятда энди ёзадиган гап ҳам қолмади, ҳаммаси айтилиб бўлинди” қабилидаги фикр устивор экан. Ана ўшандан кейин нозил бўлган Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти каримаси мағзини чаққан не бир маликушшуаролар “Йўқ, бундай шоҳбайтларни одам боласи битолмайди! Дарҳақиқат, Аллоҳ Каломи – Каломуллоҳ бу!” дея иймон келтирган эканлар. Мана, ўн тўрт асрдан буён не бир мукаллимлар, муфассирлар, муаллимлар Каломуллоҳнинг мағзини чаққани сайин иймонда собитроқ бўлмаган дейсиз! Айниқса, Қуръони Каримнинг жамики сураларию оятларини ёд билган қувваи ҳофизаси баланд қори – қироатгўй, дуогўй зотлар!.. “Олтин олма, дуо ол, Дуо олтин (олдин, ортиқ) эмасми!” дейди донишмандликда беназир ҳалқимиз. Бинобарин, қадр кечасида одамнинг тутгани – тилло, олгани – олтин бўлиб қолиши хусусидаги ривоятни юзаки тушунмаслик керак бўлади. Чинакам Қоридек том маънодаги нуроний, руҳоний, дуогўй, авлиё зотнинг олгани – олтин, тутгани – тилло бўлиши табиий. Лекин у инсон қадрини, ўзи ва ўзгаларнинг инсоний шаън-шавкатини ҳар қандай олтину тиллолардан баландроқ тутиши муқаррардир. Зеро, қадрни билган одамга дилидаги руҳий ганжина қўлидаги моддий хазинага нисбатан чандон қадрлироқдир.
     Нақл қилишларича, қиролича буюк драматург Бернард Шоудан “Ҳамма аёллар сотилади дебсиз, мен ҳамми?..” деб сўраган экан, буюк драматург “Сизнинг нархингиз ўн минг фунт стерлинг” дея жавоб берибди. Қиролича “Шугинами?” дея гинахонлик қилиб бошлаган экан, Бернард Шоу айтибдики, ”Мана, кўрдингизми, жаноби олиялари, ҳаттоки сиз ҳам ўз нархингизни ошириш учун савдолашиб бошлаяпсиз!”..
     Қироличадир ва ё оддийгина оқсоч, ҳукмдордир ва ё оддийгина чўпон, айниқса, қори, эшон, муфти, шайх..., хуллас, руҳоний зот ҳар қандай оғир вазиятда ҳам нафсга эрк бермай, моддий бойликларга сотилмадими, бас, у ўзининг инсоний қадрини биладиган одам, том маънодаги Ҳақ Дўст – Ҳақнинг Дўсти, чинакамига Қодирдир.
Лекин одам боласининг балойи нафси не бир руҳоний зотларни ҳам руҳан юксалгани қўймай, тубанлик ва пасткашлик чоҳига судраб, ночор-нотавон бандаи ожизга айлантирмаган дейсиз! Одам боласи, масалан, Садриддин Айнийнинг “Судхўрнинг ўлими” қиссасидаги Қори Ишкамбага ўхшаб ўткинчи дунёнинг қўл киридек омонат мол-давлатини қўш чангалида тутамлаб туришга беҳуда уриндими, бас, ўзининг инсоний ва руҳоний шаънини ерга урган бундай пастарин зот баайни Искандар Зулқарнайндек бу ёруғ оламдан очиқ қўл билан кетибгина қолмайди. Ўз қалбидаги олтин билан тиллодан минг чандон қадрлироқ ганжиналардан ҳам мосуво бўлади. Бундай нотавон кимса, албатта, ҳеч қачон Қодир бўлолмайди.
     Чинакамига Қодирий бўлган буюк устозимиз ўзининг “Ўткан кунлар” романида яратган том маънодаги нуроний ва руҳоний зот Юсуфбек ҳожи, гарчи руҳоний сифатида қори, муфти, шайх.эмас, ниҳояти ҳожи бўлса-да, адабиётимизда ўз қадрини ҳам, ўзгалар қадрини ҳам, халқ ва Ҳаллоқ қадрини ҳам ғоят баланд тутган энг олий табақа, олийжаноб, қадри баланд, қадршунос, қадрдон зотдир. “Бу даргоҳдан ҳеч кимнинг норизо бўлиб кетмоғи мумкин эмас”. Шу биргина гапда инсоннинг ўзини ва ўзгаларни нечоғли юксак қадрлаши бор! Ўз хонадонини оддийгина бошпана эмас, Ҳақ Таолонинг даргоҳи деб билиш бор. Тилга кўчган шу каби ҳар бир сўзи, босган ҳар бир қадамида ана ўша Жаноби Ҳақнинг ёди ва андишаси бор, хуллас, Қадр бор! Лекин “Меҳробдан чаён” романидаги Солиҳ МАҲДУМда, “Кеча ва кундуз” романидаги Раззоқ СЎФИда ва ҲАЗРАТИ ЭШОНда, “Уфқ” трилогиясидаги Иноят ОҚСОҚОЛда.қадрдан урвоқ ҳам йўқ. Бинобарин, бу адабий қаҳрамонлар том маънодаги руҳоний зот эмас, гарчи улар “маҳдум”, “сўфи”, “эшон”, “оқсоқол” деб аталсалар-да Булар қариб қуюлмаган, аксинча, суюлган, ўз кўнгилларидаги бебаҳо руҳий қадриятлардан маҳрум бўлиб руҳан қашшоқлашган тубан кимсалардир.
     Халқнинг ишонгани, суянгани, руҳий таянчи – маҳдум, сўфи, эшон, оқсоқол, қори, муфти, шайхдек руҳоний зотларнинг руҳидан путур кетиб, улар тубанлика юз тутган жойда ана ўша халқнинг ҳолига вой! Масалан, “Кеча ва кундуз “ романидаги норасида қизалоқ Зебининг бошига бехос ёғилган жамики кўргиликларнинг туб илдизи Раззоқ сўфидек муридларга тўғри йўналиш бермаган ва Акбарали мингбошидек ҳаддидан ошган амалдорларни бир оғиз инсофга чақиролмайдиган, ўзи ҳам қалбидаги инсоф ва қадр каби бебаҳо ганжиналардан маҳрум бўлиб тубанлашган Ҳазрат Эшонга бориб тақалади. Халқимизнинг “Эшоним деб эшагимдан айрилдим” деган истеҳзоли мақоли ҳам Хўжа Насриддин афандидек энг сўнгги буд-шуди, суянчиғи, кундалик тирикчилик таянчидан ажраган одамнинг кўнглидан беихтиёр отилиб чиққан ўзига хос оҳ-фарёддир.
     Рус босқинчилари қўллаган мустамлакачилик сиёсатида ҳамиша ислом дини пешволари, диндор-руҳоний зотларни ҳар боб билан ёмонотлиқ қилиб, уларни халқнинг назарида олабўжи кўрсатиш муҳим ўрин тутганлиги бугунги кунда кўпчиликка маълум.Айниқса, ўтган асрнинг 20-30-йилларида не бир руҳоний зотлар “диндор” сифатида маҳв, қувғин, бадном этилганидан кейин оддий халқ ишониши, суяниши ва эргашиши мумкин бўлган руҳий таянчлардан жудо этилгач, бунинг қонуний ҳосилалари сифатида уруш-жанжаллар, қаҳатчилик-очарчиликлар, қувғин-қочқинлар, бошқа кўпдан-кўп кулфат-кўргиликлар халқ бошига бетўхтов ёғилаверди-ёғилаверди. Балога қарши пири балогардон, яшинқайтаргич, ҳимоячи бўлмаганидан кейин. Яланг бошга бало ёғаверади-да. Инсоф-диёнат, сабр-қаноат, иймон-ишонч, меҳр-мурувват сингари бебаҳо руҳий ганжиналар қадрсизланган жамиятда одам боласининг, Ҳазрати Инсон ҳаётининг писта пўчоғича қадри қолмайди. Бундай жамиятда ҳар бир инсон кундалик тирикчилик кўйига тушиб, оддий бир жонзотдек қорнининг қайғуси билан яшашга маҳкум этилади. Ҳазрати Инсон шу қадар қадрсизланадики, ҳалқ мақолида айтилганидек, “Нон – пайғамбар, ош – Худо”га айланиб қолади. Шўро тузумининг етмиш тўрт йиллик тарихини ақалли бирров хаёл элагидан ўтказсангиз, халқимизнинг “Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман” деган мақолию “Эсиз одам, эсиз одамлар” каби қўшиқ сатрлари нақадар теран маъноларга эга эканини яққол кўришингиз мумкин. Ўтган асрнинг ўттизинчи йилларидаги очарчиликлар, қирқинчи йилларидаги Иккинчи жаҳон уруши, 50-70-йилларидаги пахта яккаҳокимлиги каби кўргиликлар одам боласининг тинка-мадорини қуритиб, соғлигидан путур кетказиб, миллионлаб бегуноҳ жонларнинг гулдек умрини хазон қилибгина қолмади. Аввало энг оддий инсоний қадр-қимматини оёқости қилди. Ҳар қадамда ҳар боб билан инсоний шаънини топтади. Шўро тузумининг бир қарашда фаровон, тўкин-сочиндек туюлувчи 70-80 йилларда ҳам ўз бойлигидан бошқа на худосини, на авлиёсини назар-писанд қилмайдиган бир ҳовуч худосиз мешчанлар, замонавий Қорунлар исканжасидаги оддий халқ, бу халқнинг ҳар бир оддий вакили муттасил заҳарланаётган тупроқдек, қуриб бораётган Оролдек, булғанаётган ҳаводек мутлақо қадрсиз – беқадр эди. Одам боласи яшаш учун еб-ичишга эмас, еб-ичиш учун яшашга маҳкум этилган эди. Эсимда, 70-йилларнинг охирларида республика халқ таълими вазирлигида ишлар эканман, янги йил арафасида – 31 декабрь куни вазирликнинг юзлаб ходимлари кечқурун ишдан кейин бир неча соат киши бошига икки килограммдан бериладиган музлаган гўштнинг олиб келинишини бетоқатланиб кутганмиз. Янги йил киришига саноқлигина соатлар қолганида рўйхат бўйича ҳар биримиз ўз тегишимизни олиб уйимизга шошилганмиз. Ҳозир ақл бовар қилмайди! Холбуки республикамизнинг етакчи вазирликларидан бирида ишлайдиган масъул ходимлар авторитар ва тоталитар Шўро тузумида яшашга маҳкум этилган инсонларнинг энг ўзига тўқлари хисобланардилар! Уларнингки инсоний қадри шундай бўлгач, оддий деҳқон, чўпон, ишчининг аҳвол- руҳиясини тасаввур қилиш қийин эмас, албатта. Энг даҳшатли томони шундаки, инсон шаънини таҳқирлаб қадр—қимматини оёқости қилувчи бундай ҳолатларга қарши норозилик ва исён ҳисси қалблардан шафқатсизлик билан суғуриб ташланган эди. Кимдир беихтиёр “портлаб”, “Бу қандай қадрсизлик, бу қандай ноҳақлик?!. Ўғри бўл, ғар бўл, инсоф билан бўл-да!” дея ҳақиқат ва адолат учун курашиб бошласа, у албатта халқ душмани, аксилинқилобчи, бузғунчи, шикоятчи, жанжалкаш, “ёзғувчи” ва бошқа шу хилдаги ўйлаб топилган ёрлиқлар остида бадном-ёмонотлиқ, қувғин-бадарға, изза-сазойи, бало-баттар қилинар эди. Шу боис не бир қадршунослар ҳам ўзларининг ҳар боб билан қадрсизлантирилаётганини кўриб-билиб турсалар-да, дарди ичида эдилар. Аксарият “совет кишилари” қадрсизгина эмас, қадр хусусидаги тушунчасиз ҳам эдилар. Холбуки ҳар қандай эрк, озодлик, ҳуррият, мустақиллик ҳар бир инсоннинг ўз қадрини, умуман, қадрни билишидан бошланади.
     Одатда ўз қадрини билмаган инсон ўзининг ота-онаси, оиласи, фарзандлари, халқи, ватанини ҳам муносиб тарзда қадрлаёлмайди. Ва, аксинча, ўзининг инсоний қадрини чуқур англаган одамгина худди ўзидек бошқа бир одамга қарам, тобе, боқиманда бўлмайди. Буни ўзи учун иснод, инсоний шаънининг топталиши деб билади. Худди шундай, ўз қадрини билган халқ ҳам ўзидек бошқа бир халққа қарам бўлмайди. Бошқа бир халқ зўравонлик билан ўзига қарам қилиб олган тақдирдла ҳам, бундай ўз шаънига номуносиб ҳолатдан халос бўлишнинг йўлларини қидиради. Шу йўлда курашади. Ҳинд халқининг йўлбошчиси Махатма Ганди ўз халқини инглиз мустамлакачилиги асоратларидан халос этишда қўллаган усул – “зўравонсизлик кураш – тинч йўл билан кураш”ни олиб, унинг моҳиятини жиддийроқ ўйлаб қаранг: миллион-миллион ҳинд халқи бир ёқадан бош чиқариб, яктан, якдил ва якнафас бўлиб баҳамжиҳат равишда ўз ишларини шундай билиб-билиб қилганки, натижада бир ҳовуч инглиз мустамлакачилари бу халқни амалда мутлақо идора қилолмай, ҳокимиятни қўлдан бой берган-қўйган. Оқибат-натижада ўзларини мамлакатда буткул ортиқча ҳис қилиб, яшаёлмай қолган ва ўз ихтиёри билан Ҳиндистонни тарк этишга мажбур бўлган. Махатма Ганди йўлидан борган улкан сиёсий арбоблардан бири, озод Ҳиндистоннинг биринчи президенти Жавоҳарлал Неру эса, жумладан, шундай йўл тутганки, масалан, Оллоҳободдаги инглиз ҳукумати қамоқхонасида ётиб ҳам тушкунликка берилмаган. Ўз жонига ўзи қасд қилмаган... Аксинча, озодликдаги қизи Индира Гандига мактублар тарзида “Жаҳон тарихига бир назар” номли оламшумул асарини ёзган! Отага ва ўз отаси Неру қўйган Ганди фамилиясига муносиб қиз ва муносиб невара – озод Ҳиндистоннинг машҳур президенти Индира Ганди эса, ўз навбатида ва ўз вақтида, масалан, мухбирнинг “Ҳиндистон жаҳонга нимадир экспорт ҳам қиладими ўзи?” деган қитмирона саволига, жумладан, шундай жавоб берган эди: “Беш минг йилдан буён Ҳиндистоннинг жаҳонга энг кўп экспорт қилган маҳсулоти фалсафадир. Ҳозир ҳам биз экспорт қилаётган энг олий нав маҳсулотимиз шу!” Айни шундай фалсафий дунёқараш, миллий ғурур, миллий шаън, миллий қадрни қон-қонига сингдирган буюк ҳинд халқининг кўпдлан-кўп асл фарзандларидан бири, масалан, машҳур актер Шоҳруҳ бош ролини ижро этган “Ўғирланмаган келин” бадиий фильми қаҳрамони Раж Европа қитъасининг қоқ марказидаги Цюрих шаҳрида туриб ўз ҳамроҳига дейдики, “Мен ҳиндман! Мен ҳинд қизи учун ор-номус нималигини жуда яхши биламан. Мен ҳаттоки тушимда ҳам суймаганга суйканиб ожизага зўравонлик қилолмайман. Худога шукур, мен ўз қадримни биламан!”
     Мохандас Карамчанд Ганди, Жавоҳарлал Неру, Индира Ганди, Шоҳруҳ каби буюк ҳинд халқининг муносиб фарзандларига хос саъй-ҳаракат ва гап-сўзлар аён кўрсатиб турибдики, ҳар бир халқнинг қисмати нафақат феълига яраша, балки аввало қанчалик баҳамжиҳат-якдиллиги ва халқ сифатидаги ўз қадрини қанчалик яхши билишига бевосита боғлиқдир.
     Агар бу жаҳон айвонида ўз қадрини биладиган ва юксак қадрлайдиган халқ иккита бўлса, улардан бири ўзбек халқидир. “Бош эгиб яшагандан тик туриб ўлган яхши”. Ўз қадрини, ўзининг инсоний шаън-шавкатини осмони-фалакка кўтариб айтилган бундай мақол жаҳонда ўзбекдан бошқа бирон-бир халқда борми экан!
Ўз қадрини нақадар баланд тутиши ўзбек халқининг наинки ҳикматли гапида, шоҳбайтида, ғазалида, достонида...ҳам аён кўриниб туради. Кейинги қарийб бир асрдан буён у, айниқса, уч насрий жанр – ҳикоя, қисса ва романда аён кўринмоқда.
Маълумки, биринчи ўзбек романи “Ўткан кунлар” жаҳон адабиётининг пешқадам жанри – романнинг, ўзбек тили ва ўзбек адабиётининг қадрини туширадиган эмас, аксинча оширадиган, оширганда ҳам, жаҳоншумул довруғига янги довруғ қўша оладиган асар бўлиб чиқди. Бундай ҳар жиҳатдан баркамол асарнинг илк роман сифатида пайдо бўлишини фавқулодда ҳодиса, ҳаттоки тасодифий ҳол деб қараш анчагина кенг тарқалган. Холбуки бу ўринда мутлақо тасодиф йўқ, балки аксинча улкан қонуният бордир. Ҳамиша оққан ариқдан сув оққанидек, ўзбек халқининг халқ сифатидаги ўзлигини, ўз қадр-қимматини яна бир карра англаш ва ўзининг нималарга қодирлигини жаҳонга яна бир карра кўр сатиш имконияти, салоҳияти бунда мужассамдир. Зотан, Абдулла Қодирий ХХ аср бошларидаги жаҳон романчилигини, ўзига руҳан яқинроқ ҳинд, араб ва турк романчилигини, айниқса, Журжи Зайдоннинг тарихий романлари, Рашод Нури Гунтекиннинг “Чолиқуши”, Исмоилбек Гаспринскийнинг “Дорулроҳат мусулмонлари” романларини, бу асарларнинг бадиият даражасини жуда яхши билар эди. Бинобарин, ўз олдида нафақат биринчи ўзбек романини яратиш, балки уни, худди Алишер Навоий ўз “Ҳамса”сини Низомий, Деҳлавий ва Жомий “Ҳамса”ларидан оширганидек, Журжи Зайдон, Гунтекин ва Гаспринский романларидан ошириш вазифаси ҳам турганини, ўзбек халқининг халқ сифатидаги шаъни ҳам шуни тақозо этишини, ўзи ва ўз халқи бунга муносиб ва қодирлигини жуда яхши тушунар эди. Қодирий бу ҳар икки вазифани шараф билан қойилмақом қилиб адо этди! Бу улуғ устознинг Чўлпон, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодировдек энг муносиб шогирдлари ҳам, худога шукур, мустамлака шароитида ақл бовар қилмас даражадаги мушкул вазиятларда ҳам ўзбек романчилигининг оламшумул қадрини баланд тутиб келдилар. Шуни комил ишонч билан айтишимиз мумкинки, бугунги кунда жаҳон романчилик мактабларининг ҳеч биридан қолишмайдиган, баъзи бир жиҳатлардан, хусусан, инсон руҳий дунёсига чуқур кириб бориш – теран руҳий таҳлил бобида анчагина ўзиб чиққан қудратли ўзбек романчилик мактаби, буюк Қодирий ўзига ва ўз халқига муносиб тарзда асос солган мактаб ҳавас қилса арзигулик даражада ишлаб турибди. Лекин очиғини айтиш керак, жаҳондаги бошқа ҳалқларга нисбатан ўзбек халқида бу мактабнинг туғилиши, яшаб кетиши ва ривожланиши беқиёс даражада оғир кечди. Бунинг туб сабабларини мустамлака тузумнинг кирдикорларидангина эмас, ўзбек халқининг халқ сифатидаги миллий менталитетидан ҳам қидириш керак бўлади. Гап шундаки, ўзбекнинг ҳинддан, арабдан, турк билан татардан, жаҳоннинг бошқа энг қадимий ва ҳозирда тараққий этган халқларидан бир фарқли жиҳати борки, дейлик, бутун ҳинд халқи ёппасига ўз йўлбошчиси Махатма Гандига якдил, яктан, якнафас бўлиб бирлашиб кетганидек, бу халқ аксарият ҳолларда бир йўлбошчининг атрофида кўнгилдагидек бирлашолмайди. Ўзига хон, ўзига бек, ҳар бир вакили ўзича бир пошшо халққа ҳамиша қаттиқ панд берадиган энг оқсоқ жиҳат ҳам шу! Бу халқ учун, ўз мақоли билан айтганда, кўпинча “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” Кўп ҳолларда бу халқни янги, улуғ, нурафшон йўлга бошлаш иштиёқида турган чинакам зиё соҳиби, шу халқнинг рўшнолиги ва фаровонлиги йўлида жонини жабборга бериб ишлайдиган фидойи заҳматкаш айбсиз айбдор бўлиб чиқаверади. Масалан, ўзбек халқ эпоси – “Алпомиш” достонида юрт ҳукмдори Бойбўри “китоб кўриб ўтирган” ўғли Ҳакимбекнинг закот ҳақидаги гапидан кейин халқни янги қонун-қоида – закот асосида жипслаштирмоқчи, нисбатан ҳаққонийроқ ва адолатлироқ йўлга бошламоқчи бўлади. Лекин ҳеч ким, ҳаттоки ўз туғишган укаси Бойсари ҳам бу беғараз, яхши ниятни тўғри тушунишни истамайди. Аксинча, қилдан қийиқ қидириб, бу йўлбошчини ўтирса – ўпоқ, турса – сўпоққа чиқаришга тушади. Мол-дунёси мил-мил элибойлар от билан туя эмас, ниҳояти бир тиррақи эчкини закот сифатида беришдан бутун Бойсун-Қўнғирот элини қоқ иккига бўлиб, Ватанни тарк этиб, ватангадо ва бошқа халққа қарам бўлишни афзал кўрадилар. Кўргиликлар эса, албатта, шунга яраша бўлиб чиқади. Қоқ иккига ажралган халқни қайта бирлаштириш бутун эпоснинг мазмун-моҳияти, мақсад-матлабини ташкил этади.
     Мустамлака тузумлар, айниқса, мустабид Шўро тузуми жонини жабборга бериб ишлаётган фидойи заҳматкаш ва халқни янги йўлга бошлаётган фидойи йўлбошчини ҳар боб билан ёмонотлиқ қилишга тайёр Ёртибой оқсоқолдек калтабинлардан, узоқни кўролмайдиган, бахил, боши қовушмайдиган ноаҳил, назари паст, тубан кимсалардан усталик билан фойдаланди. Укани акага, жиянни тоғага, болани отага, неварани бобога қарши қайраб солиб, одам боласини ўз шахсий манфаати йўлида ҳаммани ва ҳамма муқаддас қадриятларни, ҳатто ўз виждонини ҳам арзимас чойчақага сотиб юборадиган, хуллас, ўз инсоний қадрини мутлақо билмайдиган тубан кимсага, онгсиз бир маҳлуққа айлантиришга уринди. Табиийки, бундай ғайриинсоний ҳолатларга қарши исён кўтариб, инсоф ва қадр, диёнат ва адолатга даъват этган фидойи зотлар бу тузумнинг ашаддий душманлари сифатида яна-да қаттиқроқ ёмонотлиқ қилинди. Қодирий, Чўлпон, Фитрат каби фидойи зотларга отилган маломат тошларининг қоқ ярми мустабид тузумга, қоқ ярми ана ўша отасини ҳам сотадиган палид кимсаларга тегишли эди. Холбуки бу халқнинг “ўзидан чиққан балолар” мустамлака шароитидагина эмас, мустақиллик шароитида ҳам бир халққа етиб ортгулик даражада эди. Мана шундай ноҳақ маломатлардан ва хизматга туҳматлардан юраги ўртанган буюк мутафаккиримиз Алишер Навоий беш ярим аср муқаддам ўзининг энг пурҳикмат шоҳбайтларидан бирини укаси Дарвишалига атаб шундай битган эди: “Навосиз улуснинг навобахши бўл, Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл”. Қарийб тўққиз аср муқаддам авлиёлар сарвари Аҳмад Яссавий ҳазратлари эса, бу халққа хос энг манфур иллатлар олдида ўзининг ночор-ноиложлигини изҳор қилиб, шундай ўта содда, етти ёшдан етмиш ёшгача ҳар бир ўзбек оппа-осон тушуна оладиган ҳикматли сатрни битган эдилар: “Ер остига қочиб кирдим нодонлардин...” Шунинг учун ҳам халқимизда юзаки қараганда енгил кулгу учун, аслида аччиқ истеҳзо билан айтилган бир ҳикматли гап борки, “Ботир ботир эмас, ёмондан қочиб қутулган ботир”. Хуллас, шуниси аниқки, ҳар қандай янгилик ҳам, буюклик ҳам, қаҳрамонлик ҳам бошқа ҳалқларга нисбатан ўзбек халқида бир неча баравар кўпроқ қаршиликка учраб, минг машаққат билан ўзига йўл очади. Табиийки, йўл бошидаёқ ё ўртасига ҳам етиб боролмай жон таслим қилганлар яна-да кўпроқ... Аҳмад Яссавий ҳазратларининг яна бир ҳикматли сатри ҳам шундан далолатдир: “Бу йўлларда жон бермасдан имкони йўқ”.
     Нима бўлганда ҳам чумчуқдан қўрққан тариқ экмаганидай, эзгулик йўлида собит қадршунос йўлчи маломатлардан қўрқиб бу йўлдан озмайди. Улуғ халқнинг улуғ фарзандлари ҳар хил шамойиллардаги ёмонотлиқ қилишларга аччиқма-аччиқ энг олий мурод-мақсад манзиллари томон интилаверадилар; кўнгилларга яхшилик, эзгулик, олижаноблик, шаън-шавкат, қадр-қиммат уруғларини экаверадилар.Улар инсон қадри, халқ қадри, Ватан қадрини пасайтириш эмас, юксалтириш, уни умуминсоний юксакликларга кўтариш йўлида баҳоли қудрат хизмат қилганлар, хизмат қилмоқдалар ва албатта хизмат қилаверадилар. Айниқса, Шўро тузуми, дейлик, Абдулла Қодирийдан то Миртемирга қадар не бир фидойи зотларни ҳамиша моддий муҳтожликда сақлаб туриш, таржима, таҳрир, танқид, тақриз ва бошқа хил, чинакам сўз санъаткори учун иккинчи ва учинчи даражали, ҳаттоки истеъдодсиз ёзғувчининг ночоргина қораламасини “эпақага келтириш” сингари “қора ишлар” билан муттасил банд қилиб туриш, худди қўйнинг тақдирини бўрининг қўлига топширгандек, истеъдоднинг бош устига истеъдодсиз қаламкашни раҳбар ва қоровул қилиб қўйиш сингари беҳисоб “ҳийлаи шаърий усул”ларни қўллашда устаси фаранг эди, токи чинакам истеъдод бош кўтариб, ўз қадри, ўз халқининг қадри, муқаддас Ватанининг қадри хусусида “дўппини бошдан олиб” жиддийроқ ўйлашга ҳоли қолмасин. Номлари саналган улуғ устозларимиз, уларнинг муносиб шогирдлари бундай усулларга қарамасдан, худди “Қутлуғ қон” романини ёзаётган Ойбек домладек, маломатлару оҳ-нолаларга чалғиб қолмаслик умидида тўнини бошига буркаб бўлса-да, ўзларининг энг бирламчи ишларини баҳоли қудрат амалга оширдилар. Масалан, ўзбек адабиётида, гарчи Александр Сергеевич Пушкиннинг “Евгений Онегин” шеърий романи даражасида бўлмаса-да, ҳар қалай, шеърий роман жанри талабларига нисбатан тўлароқ жавоб бера оладиган икки асар (Муҳаммад Алининг “Боқий дунё” ва Хусниддин Шариповнинг “Бир савол” шеърий романлари) яратилган бўлса, уларнинг иккинчисида шундай қуйма сатрлар нақорат – рефрен сифатида қайта-қайта такрорланиб келади:
                                        Азиз Ватан, иқбол Ватани,
                                        Қадди баланд, қадри баландим.
                                        Юрагимга жо этиб сени ,
                                        Қучоғингда нурга беландим
     Ўзбекистон давлат мустақиллиги асрлар мобайнида ҳамиша, дарҳақиқат, қадди баланд, қадри баланд бўлиб келган, лекин мустамлака тузумлар шароитида қадди эгилиб-букилиб қадрсизланган, айрим шеърий асарлардагина юксак қадрланган бу Ватанни, улуғ бир ҳалқни, қадри юксак Ҳазрати Инсонни азалий ўзлигига қайтарди ва қайтармоқда. Агар мустабид Шўро тузумида “давлат инсон учун” эмас, аксинча, “инсон давлат учун” деган “қоида” ҳар қадамда амал қилиб, одам боласига дахшатли даражада улкан давлат машинасининг кичик бир мурвати сифатида қараш кенг қулоч ёзган бўлса, энди мустақил Ўзбекистон давлатида, аксинча, “Ҳамма нарса инсон учун, унинг бахт-саодати учун” деб қараш йилдан-йилга тобора етакчи тамойил тусини олмоқда. Муҳтарам Президентимиз томонидан Ўзбекистон давлат мустақиллиги шароитида ўтган шонли ўн беш йилнинг ҳар бири махсус номланмоқдаки, бу қутлуғ номлар (Алишер Навоий йили, Аҳмад Яссавий йили, Амир Темур йили, Инсон манфаатлари йили, Соғлом авлод йили, Оналар ва болалар йили, Меҳр-мурувват йили, Қарияларни қадрлаш йили...) энг муқаддас руҳий қадриятларимизни, аввало “қадр” деб аталувчи энг бебаҳо руҳий бойлигимизни улуғлашга қаратилган номаи аъмолларимизни аён кўрсатиб турибди.
     

Категория: Мои статьи | Добавил: otauli (19.01.2009) | Автор: Отаули
Просмотров: 1377 | Комментарии: 8 | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Друзья сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Copyright MyCorp © 2024
Сделать бесплатный сайт с uCoz