Пятница, 26.04.2024
Adabiyot (Literature)/Matematika (Math)
Меню сайта
Категории каталога
Мои статьи [39]
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 61
Главная » Статьи » Мои статьи

Руҳият эҳроми: Руҳий ҳолат таҳлили

Руҳий ҳолат таҳлили

     Қадимий халқлар асотирларида ҳам, ўзбек халқ оғзаки ижодида ҳам, мумтоз ёзма адабиётимизда ҳам жон қушга нисбат берилади. Шу боис, масалан, тилимизда “жон қуши” сўз бирикмаси кўп қўлланилади. Алишер Навоий Фаридиддин Атторга қиёслаган қақнусми ва ё “Лисон ут тайр” достонида тилга олган қушлардек беозоргина, лекин бургут билан лочиндек ваҳший бўлмаган жон қуши ўта сезгир, зийрак, ҳамма нарсани биладиган қушдир. Жон тарк этган тана, жонсиз гавда тилимизда “майит” деб аталади ва у ҳеч нимани сезмайди ҳам, тушунмайдли ҳам, билмайди ҳам.

     Ҳиндларнинг машҳур актери Шоҳоуҳ бош ролни ижро этган “Раамжаан” бадиий фильми ўзбек тилига “Худо билади” деб таржима қилинган. Ҳинд, яъни қадимий санскрит тилидаги “раам”, яҳудий, яъни, қадимий ибрит тилидаги “абраҳам” ва араб тилидаги “раҳим” – ҳам шаклдош, ҳам маънодош, ҳам ўзакдош сўзлар бўлиб, Аллоҳ Таоло ва унинг энг бирламчи сифати – раҳмдилликни англатади. Қадимий ҳинд тилидаги “жаан” эса, “билади”, тўғрироғи, “билгич” маъносидаги сўздир.
Ҳа, Худо билгич, лекин бандасининг билгичлиги ҳамиша ҳаминқадар, яъни, чеклангандир. Аллоҳ Таоло бу оламдаги жамики жонзотларга билишнинг қуйи босқичи – ҳиссий билиш, яъни, бешта сезги аъзолари орқали кўриш, эшитиш, ҳид ва таъм билиш, тери сезгиси воситасидаги билишни беминнат ато этган. Шу боис тирик жон , жон эгаси учун сезмай қолиш улкан фожеа, ҳалокат демакдир. Фаришталар, жинлар, девлар, париларга эса, билишнинг нисбатан юқорироқ босқичи – ақлий билиш ато этилган. Билишнинг бу шаклида танадаги бешта ташқи сезгилар орқали билиш оддий жонзотларда бўлганидек ҳал қилувчи аҳамият касб этмайди. Кўпинча жон танадан ташқарида ҳам бемалол яшайверади. Масалан, ўзбек халқ эртакларидаги айрим деваларнинг жон қуши нафас олиб нафас чиқариш билан боғлиқ ҳолда унинг оғзига кириб-чиқиб туради, ғорга яшириб қўйилган бўлади ва ҳакозо. Девнинг танасини қиймалаб ташласангиз ҳам ўлдиролмайсиз, чунки у, ҳудди замонавий роботларга ўхшаб, оғриқ, иссиқ-совуқ кабиларни мутлақо сезмайди...
     Одам боласининг Аллоҳ Таоло наздида энг олий мавжудот, мукаррам ва мушарраф зотлиги аввало шундаки, у жамики жонзотларга хос ҳиссий ва жамики фаришталар, девлар, жинлар, париларга хос ақлий билиш шаклларини ўзида олий даражада бирлаштирган юксак онг, тафаккур соҳиби бўлиб, ҳам тирик жон сифатида ЖОНга, ҳам онгли мавжудот, тафаккур соҳиби сифатида РУҲга эгадир. Шунинг учун ҳам одам боласи “Ҳазрати Инсон” дея улуғланади. У Олий Руҳ – Аллоҳ Таолонинг тажаллийси бўлмиш ўз инсоний руҳини кўнгли (қалби, дили, юраги)да жон қушидек асраб-ардоқлаб, парваришлаб, ўстириб-ундириб, қанот бахш этиб, юксак парвозларга шайлаб яшайди. Имтиҳон дунёсидаги паймонаси тўлганидан кейин бу руҳ Яратганнинг даргоҳига – Олий Руҳга қайтади. Шундай қилиб, тирик жонзотлар орасида фақатгина инсон ҳам тана сезгилари орқали ҳиссий билиш, ҳам фикр-мушоҳада орқали ақлий билиш, ҳам шу икки босқичга асосланган ҳолда ўз руҳини камол топтира бориб, қалб кўзи орқали кўриш-билиш, русча сўз ва атамалар билан айтганда, “чутье”, “ясновидение”, “интуиция”, ўз тилимизда кенг қўлланувчи сўзлар билан айтадиган бўлсак, тийранлик, зеҳн, фаросат, нуктадонлик, савқи табиий орқали билиш қобилиятига эгадир. Билишнинг бу уч босқичидан биринчиси барча оддий одамларга, иккинчиси олим-алломаларга, учинчиси эса, авлиёлар ва буюк мутафаккирларга – том маънодаги комил инсонларга хос хусусиятлардир. Дунёқараши тор, билимсиз, ақли калта, ўз ҳиссиётларига асир одам бошқа жонзотлардан кам фарқ қилганидек, оддийгина инсоний ҳис-туйғулардан маҳрум, ўта ақлли, совуққон, мақолда айтилганидек, олим бўлгану одам бўлмаган “тошюрак” кимсалар ё фариштага, ё девга, ё жинга, ё парига ўхшайдилар. Ҳам ҳис-туйғуларини, ҳам ақл-идрокини тарбиялаб камол топтирган олийжаноб қалб ва учқур тафаккур соҳиби, ҳам туйғулари бой, ҳам билими чуқур ва дунёқараши кенг, ҳам кўнгил кўзи очиқ, бошқача айтганда, ҳам жисмонан, ҳам ақлан, ҳам руҳан соғлом – ҳар жиҳатдан баркамол шахс, тўлақонли, киройи, рисоладаги одам комил инсон сифатида улуғланади. Комил инсонлик одам боласининг бу имтиҳон дунёсида интилган, интилиши лозим бўлган энг нурафшон манзил, олий мақсаддир. Бу манзил-мақсад йўлидаги бирламчи машғулотимиз эса, кўнгилни оқ, дилни соф, қалбни беғубор, юракни тоза тутиб, руҳни муттасил балойи нафснинг кирдикорларидан поклай боришдир. Инсоний тирикликнинг асл маъноси ва пировард мақсади мана шудир. Ҳазрат Алишер Навоий битган шоҳбайт орқали айтганда, “Жаҳондин нотамом ўтмак биайниҳ Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ”.
     Руҳоният ва руҳшунослик, бошқача айтганда, дин-диёнат ва илм-фан баайни қўш қанотдирки, уларнинг жуфтлиги ва баҳамжиҳат ҳаракатисиз руҳ қуши комил инсонликка эришиш йўлидаги юксак парвозларга ноқобилдир.
     Ривоят қилишларича, руҳ қуши одам боласининг тупроқдан бино бўлган танасига қараб, “Бундай зимистон ғорга кирмайман” дея тихирлик қилибди. Ана ўшанда Аллоҳ Таоло бир соҳир куй – қари навони ҳам яратибдики, унинг сеҳрига мафтун-маҳлиё бўлган жон қуши тан ғорига ўйнаб-ўйноқлаб кириб кетганини ўзи ҳам билмай қолибди. Санъатлар ичида айниқса мусиқа жисми-жонимизга ўзгача ҳузур-ҳаловат бахш этиши шундан. Нима бўлганда ҳам, руҳ қуши тана ғорида ўзини қандай ҳис қилиб ундан қачон қай тарзда ҳалос бўлишига қараб одам боласига баҳо бериб унинг феъл-атворини ўзимизча таърифлаймиз: яхши, ёмон, расво, зиқна, пасткаш, палид... Одам боласининг руҳи, феъл-атвори, руҳий ҳолати – бутун сийрати унинг суврати, жисми, ташқи қиёфасида кўзгудагидек аён кўриниб туради.
     Буюк инглиз табиатшуноси Чарлз Дарвиннинг “Инсонлар ва ҳайвонларда ҳиссиётларнинг ифодаланиши” деб номланган антиқа бир асари бор. Аввалига машҳур “Турларнинг келиб чиқиши ва табиий танланиш” асарига бир боб сифатида ёзиб бошланган, кейинчалик алоҳида китоб қилинган бу асарда аллома гўё донишманд ўзбек халқи яратган бир мақол – “Ранг кўр – ҳол сўр”нинг нақадар пурҳикмат гап эканини илмий жиҳатдан асослаб бергандек бўлади. Мазкур асарда айтилишича, масалан, жаҳоннинг кўпгина тилларида “синева”, яъни, “рангпар”,”заҳил” сўзлари “кўкимтир”дан ташқари “бахил” деган маънони ҳам англатар экан. Чунки бахил кимсанинг руҳидаги иллат жисмига ўз таъсирини ўтказиб, уни кўкимтир, рангпар ва заҳил тусга киритиб қўяр экан!.. “Пакана – фитна, новча – лақма” дейди халқимиз. Бу мақол замирида ҳам буюк табиатшуноснинг яна бир тадқиқотига татигулик ҳикмат бордир. Пакана одатда ўзининг жисмоний ожиз-нотавонлиги, пачоққина “кичкина одам”лигини билинтирмаслик учун минг хил фитна-фужур, макр-ҳийла ўйлаб топишга устаси фаранг бўлади. Искандар Зулқарнайндан то Ленин, Сталин ва Гитлерга қадар башарият тарихидаги жамики ёвуз ва фитнакор кимсалар мана шундай паканагина, жиккаккина “майда одамча”лардир. Новча эса, одатда шунинг учун ҳам лақмаки, унда ўзининг новча, норғул ва бақувват гавдасига ишонч ҳисси кучли бўлади, шу туйғуга асосланган ҳолда бошқаларга ҳам ишонч кўзи билан қарайди. Унинг Худо берган алпдек қадди-қоматига ғайирлик назаридаги ғаламис кимсалар эса, бу ишончни суистеъмол қилиб, ҳар боб билан лақиллатаверадилар. Шу боисдан ҳам кўпинча новча, бўйдор, алпқомат кишилар фитнакор кимсаларнинг макр-ҳийла тузоғига тушиб, кўксидан эмас, елкасидан пичоқ еб ўладилар. Неча минг йиллик тарихимизда Алп Эр Тўнга, яъни, Афросиёбдан то Номоз ботирга қадар кўпдан-кўп баҳодирларимиз новча-алпқомат эдилар. Алишер Навоийнинг падари бузруквори Ғиёсиддин кичкина ҳам жуссаси кичкина эмас, балки икки машҳур Ғиёсиддин баҳодирнинг ёши кичкинаси эди!      Ўзбек халқининг “Алпомиш” достонидаги Ҳакимбек ва ё Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонидаги Фарҳод эса, табиийки, муболағага мойил бадиий асар қаҳрамонлари сифатида ҳаётий қаҳрамонларга нисбатан яна-да новчароқ, бўйдорроқ, алпқоматроқдир.
     Бизнинг Туркистонимизда шундай қадим туркий мақоллардан бири ҳозирга қадар сақланиб қолган: “Туси келишгандан тунгилма”. Уни ҳозирги ўзбек адабий тилига сўзма-сўз ўгирсак, “Чиройлидан безор бўлма” демакдир. Одатда чиройли, хушбичим, юзида фариштаси бор, жисмонан соғлом одамнинг руҳий олами ҳам гўзал, оқкўнгил, софдил, юраги тоза бўлади. “Соғ танда соғлом ақл” мақолидаги “ақл” сўзи замирида кўнгил, дил, қалб, руҳ ҳам назарда тутилади, албатта. Ва, аксинча, жисмоний бирон-бир нуқсони бор, майиб-мажруҳ одамнинг руҳи ҳам мажруҳ, кўнгли синиқ, шикастадил бўлади. Кўзи кўр одамнинг кўзи очиқларга ғайирлик ва бахиллик билан муносабатда бўлиши, “Нега мен кўролмаяпман, у кўраяпти?” дея ич-ичдан надомат чекиши ғоят табиий руҳий ҳолатдир. Хуллас, жисмоний соғломлик ва ташқи гўзаллик руҳий баркамоллик ва ички гўзаллик билан узвий боғлиқ ҳодисалар бўлиб, улар инсоннинг ҳар томонлама етук бўлиш йўлидаги сидқидил саъй-ҳаракатлари, жумладан, жисмоний тарбияси, жисмидаги ҳар бир аъзони жонкуярлик-ғамхўрлик билан парваришлашининг қонуний ҳосиласидир. Ривоят қилишларича, қиёмат кунида одам боласининг жисмидаги ҳар бир аъзо ўз соҳибининг феъл-атвори хусусида “мени пок тутди”,”мени ножўя ишларга юмшамади” дея гувоҳлик берар экан. Ҳаттоки бу фоний дунёда ҳам, дейлик, кўзлари олазарак, қарашлари бежо, бадбашара, қулоқлари қанқайган, бурни танқайган, қўли эгри, оёғи қийшиқ... кимсаларнинг бутун турқи-таровати ва ҳар бир аъзойи бадани унинг сийрати, руҳияти хусусида бизга гувоҳлик бериб тургандек бўлади... Халқимизнинг энг ёмон қарғишларидан бири “Бетингдан бузилгур” экани бежиз эмасдир. Чунки ҳаром-ҳаришга бўғзигача ботган фоҳиша ва ё хотинбоз даставвал бетидан бузилиб бошлайди, ана шундан кейингина бирон тери-таносил касалига гирифтор бўлади... Хуллас, ҳар жиҳатдан соғлом ва гўзал инсоннинг руҳи тушкун, ғамгин, мискин бўлиши ва ё, аксинча, ўлим тўшагида озиб-тўзиб обдон ҳунуклашган қариянинг руҳи кўтаринки, кайфияти чоғ, хушнуд-бахтиёр бўлиши фавқулодда ясама, нотабиий, зўрма-зўраки ҳолатдир.
     Руҳий ҳолатдан ташқи қиёфа ва ҳатти-ҳаракатга нисбатан ҳам яққолроқ далолат берувчи нарса, албатта, айтилаётган гап-сўз ва унинг айтилиш оҳангидир. Масалан, қўл қовуштириб, қуллуқ қилиб, мўмингина бўлиб турган одамнинг “Фақир қулингиз” қабилидаги лутф-карамини юзаки тушуниб, андишанинг отни қўрқоқ қўйиб, нописандлик билан қулдорнинг қулга муомаласини қилиш... калтабинлик ҳам, ноинсофлик ҳам мана шудир. Аслида “Мени худодек кўряпти-я, ҳурматни қаранг, камтарликни кўринг!” қабилида ўйлашга, ўзгаларни ҳам лутф-карам назари билан қарашга ундовчи тагдор ва пурмаъно “бир сўз” бу! Аксинча, гердайиб туриб “Биласанми, мен кимман?” қабилидаги дағдаға-таҳдидли саволни кўндаланг қўйган одам, саломга яраша алик деганларидек, “Сен ҳам ўзимиз қатори бир бандаи ожизсан-да! Ҳар қалай, Афлотун эмаслигинг аниқ!” сингари нордонгина жавоб олиши табиий. Ижтимоий ҳодиса сифатидаги инсоннинг камоли-ю заволи аввало мана шундай гап-сўз, муомала-муносабатнинг қонуний ҳосиласидир. Нафақат муайян ташқи қиёфа, жисмоний ҳолат, ранг-рўй, аввало СЎЗнинг буюк таъсир қудратини чуқур ҳис қилган Аҳмад Яссавий ва Бобораҳим Машрабдек улуғ сўз санъаткорлари бўлмиш авлиёи киромлар, гарчи ўзлари ўзларини “Қул Хўжа Аҳмад” ва “Девона Машраб” дея камтарлик, ҳокисорлик, фақиру ҳақирлик билан тилга олсалар-да, улар айтган ҳар бир сўзнинг қадрини яхши билган нуктадонлар, аксинча, бу зоти шарифларни “Ҳазрати Султон” ва “Шоҳ Машраб” дея улуғлаганлар.
     Одам боласининг суврати ва сўзида ифодаланувчи сийрати – руҳий ҳолатини руҳонийлик ва олимликдек қўш нигоҳи бор ёзувчининг кўзи билан қараб атрофлича таҳлил қилганингиз сайин бири биридан ажойиб-ғаройиб манзараларни кўраверасиз. Айниқса, сўзда руҳий ҳолатнинг қай тарзда акс этишига зеҳн қўйиб қарасангиз, сўз устаси – сўз санъаткори билан оддийгина эзма-вайсақи ва ёзғувчи-назмбоз ўртасидаги осмон билан ерча фарқни аён кўришингиз мумкин. Бу борада донишманд ўзбек халқининг ҳар бир сўзи, ибораси, мақоли, латифаси, афсона-ривояти..., айтиш мумкинки, тиллога тенг. Масалан, “Эски ҳаммом – эски тос” иборасини олиб, шу учтагина сўзнинг мағзини чақиб қаранг! Яққол манзара ҳам, аниқ руҳий ҳолат ҳам, тагдор ифода ҳам, қўйинг-чи, олам-олам маъно шу бир ибора – учтагина сўз замирига санъаткорона сингдирилган. Эски ҳаммом – бу дунёнинг, эски тос – ҳар бир инсонга тегишли нарса, бисот, насибанинг тимсолидир. Бугина эмас. Биргина “тос” сўзида қўшалоқ маъно ифодаланган. Гап шундаки, тилимизда тоғора ҳам, думғаза ҳам “тос” деб аталади. Иборадаги “тос” сўзини хоҳласангиз – тоғора, ҳоҳласангиз – думғаза, бошқа сўзлар билан айтганда, орқа, кет, чатаноқ деб тушунаверасиз. Торгина ҳаммом мисолида кенг дунёни образли идрок қилиш, шу бир образда бутун руҳий ҳолатни жонли ва лўнда акс эттириш... улкан сўз санъаткоригагина муяссар бўладиган улкан маҳорат, албатта. Айни маҳоратни чуқур ҳис қилган одам сўз санъатининг яна бир мумтоз намунаси бўлмиш “Сиққанга ҳам биттангга, сиғмаганга ҳам биттангга” мақоли замиридаги теран маънони тўғри тушуна олади. Тарих дарслигида қачонлардир бир оёғида базўр тик турган деҳқоннинг суврати бўларди, кўрганмисиз? “Қутлуғ қон” романидаги Йўлчига ўхшаб еридан ажраган деҳқоннинг ҳам ижтимоий, ҳам жисмоний, ҳам руҳий ҳолатини аён кўрсатувчи суврат у! Худди шундай, икки оёғи бир этикка тиқилиб, дўппи тор келиб, ўта танг аҳволда қолган ва бу мушкулотни ҳам кулиб енга олган донишмандликда беназир халқнинг нишонга бехато урилган ўқдек ўткир ҳикматли гапи-да бу! Мақолга асос бўлган ривоят, табиийки, яна-да пурҳикматроқ: эмишки, бир пошшоликда шундай янги солиқ тури жорий қилинибди: мамлакатнинг жамики фуқароси бир чеккадан битта-битта тоғорага ўтқазилиб, орқаси тоғорага сиғса ҳам, сиғмаса ҳам бир тангадан солиқ ундириладиган бўлибди!.. “Мақсад киши бошига бир тангадан солиқ ундириш экан, тоғорага ўтқазиб овора бўлишнинг нима кераги бор?” дея ажабланарсиз балки? Асло-асло ажабланманг! Ахир, мазкур ривоятнинг юксак бадиият намунаси сифатидаги қизиғи, маза-матраси, қаймоғи ҳам мана шунда-да! Ахир, асосий мақсад солиқ ундириш эмас, кўнгли тусаган номаъқулчиликдан қайтмайдиган ўтакетган пасткаш кимсанинг солиқ баҳонасида одам боласини “ҳазрати инсон” шарафига номуносиб бир тарзда аҳмоқ, овора-сарсон, калака килиш, руҳини чўктириб, инсоний шаън-шавкати ва ғурури-ифтихорини поймол қилиб, ўзи билан баробарлаштириб, қора кўнглидаги энг пастарин хуморини ёзиш...
     Биз бадиий насрнинг энг мўъжаз шакллари, қатрада қуёш акс этгандек ўзида олам-жаҳон маъноларни бирлаштирган бадиият нуқралари – ибора, мақол ва ривоятда муайян руҳий, шунингдек, жисмоний ва ижтимоий ҳолатнинг нечоғли теран ифодаланганини бирровгина кўздан кечирдик, холос. Кўриниб турибдики, халқнинг қудратига тараф йўқ! Жаҳоннинг энг улуғ сўз санъаткорлари ўз маҳоратларини жамлаганларида ҳам халқнинг биргина киройи ибораси, мақоли, латифаси ва ё ривоятини яратолмайди. Шу маънода буюк Чўлпоннинг “Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир” сатри халқнинг гўзал шоирона таърифигина эмас, халқ сўзи – халқона сўзнинг қудратидан яққол далолат ҳамдир.
     Халқнинг ҳар бир сўзини теран ҳис қилган қаламкашнинг, дейлик, мусаввир, ҳайкалтарош, бастакор ва бошқа жамики ижодкор зиёлилар, ҳаттоки ўқитувчи-мураббий ва олим-алломадек сўз билан иш кўрувчи малакали мутахассислардан афзал жиҳати аввало шундаки, у сўздан ҳам ҳиссий билиш, ҳам ақлий билиш, ҳам шу икки билиш шаклини ўзида юксак даражада уйғунлаштирган руҳий ҳолат, руҳий кечинма, кўнгил кўзи, савқи табиий, таҳайюлни билишнинг муҳим воситаси ва ўзининг ҳал қилувчи аҳамиятга эга иш қуроли сифатида фойдалана олади. Айни шу имкониятининг шарофати билан сўз санъаткори, айниқса, шоир бошқа зиёлиларга нисбатан халққа руҳан яқинроқ туради, унинг кўнглига, кўнглидаги энг пинҳоний нукталарга йўл топа олади. Маълумки, шоир ўзининг энг ботиний кечинмаларини шеърда рўй-рост ифода ва изҳор қилар экан, истаса-истамаса, ўзининг муайян руҳий ҳолатини сўзда таҳлил, тафтиш ва тадқиқ қилади. “Ҳар не истарсен, ўзингдин истагил” деганларидек, шоирнинг сўз воситасида ўз кўнглига, кўнглидаги энг ботиний туйғуларига нечоғли теран назар ташлай олиш қобилияти унинг қанчалик халқ шоири – халқона шоирлигидан яққол далолат бериб тургандек бўлади. Янги давр ўзбек адабиётида Абдулҳамид Чўлпон, Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғулом, Миртемир, Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов шеъриятлари бундай халқона сўз воситасида кўнгил уммонига чўмиш ва муайян руҳий ҳолатни таҳлил қилишнинг тобора теранлашув йўлини мухтасар кўрсатгандек бўлади. Энди шеъриятда одам ва олам , халқ ва башарият, ўтмиш ва замон... хусусидаги интиҳосиз кечинмаларни шеъриятимиз сарчашмасида турувчи Аҳмад Яссавий ҳазратлари тилга олган “уч юз олтиш томир, тўрт юз қирқ тўрт сўнгак”дан, ҳозирги атама билан айтганда, “қалб призмаси”дан ўтказиб ифодалаш, муайян руҳий ҳолатнинг асл шеърий таҳлилини Абдулла Ориповдан, бу шоирнинг “Ўйларим”, “Баҳор”, “Авлодларга мактуб”, “Муҳаббат” сингари энг мумтоз шеърларидан ошириш... энди ҳеч кимга ҳеч қачон муяссар бўлмайдигандек.... Лекин руҳий ҳолат таҳлили бобида бадиий насрнинг, айниқса, замонавий ўзбек насрининг тўплаган тажрибалари шеъриятимизга нисбатан камроқ, имкониятлари эса, аксинча, кўпроқдир. Бунга амин бўлиш учун ҳикоя, лавҳа, очерк, бадиа, қисса, достон каби нисбатан ихчамроқ насрий жанрларни қўя туриб, ўзбек романчилигининг саксон йиллик тарихига айни нуқтаи назардан кўз ташлаш бу ўринда кофоя қилади деб ўйлаймиз.
     “Қисаси Рабғузий”, “Маҳбуб ул қулуб”, “Бобурнома” каби мумтоз бадиий насримизнинг умрибоқий обидалари юксак маҳорат билан айтилган бадиий сўз намуналари сифатида беқиёс аҳамиятга эга, албатта. Лекин ўзбек бадиий насрида сўз воситасида гўёки жонли одам қиёфасини бадиий гавдалантириш, насрда тўлақонли адабий қаҳрамон сиймосини яратиш Абдулла Қодирий ижоди, хусусан, “Ўткан кунлар” романидан бошланди. Яна шуниси ҳам борки, ўзбек романчилигининг асосчиси ўзининг “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романларида у ёки бу адабий қаҳрамоннинг инсоний қисмати, бошидан кечирганлари, саъй-ҳаракатлари, ташқи қиёфаларини ипга тизилган маржондек изчил ва аниқ-тиниқ тасвирлаб кўрсатиш, айрим ҳолларда эса, таърифлаш йўлидан боради. Гарчи жаҳон романчилигининг ютуқларидан яхшигина хабардор бўлса-да, анъанавий достонлар руҳида тарбияланган ўзбек китобхонининг идрокини назарда тутган ҳолда қаҳрамоннинг муайян руҳий ҳолати, ўй-кечинмалари, руҳий оламини мутлақо таҳлил этмайди. Моҳир рассом ва ё режиссердек ички дунёни ташқи қиёфада ва ҳатти-ҳаракатларда беришни маъқул кўради. Холбуки, дейлик, “Отелло” фожиасидаги Отелло образининг беқиёс таъсир қудрати бу ролни қойилмақом ижро этаётган Аброр Ҳидоятовнинг ташқи қиёфаси ва ҳатти-ҳаракатларида, ҳаттоки гапираётган гапларида эмас, буюк актер ҳар бир сўзга жойлаган ёниқ қалб кечинмалари, эҳтирослар қуюни, қалб қўри, юрак ёлқини, пафос, қўйинг-чи, руҳий ҳолатнинг қойилмақом актерона таҳлилидадир. Жумладан, “ув-в-в” ва “им-м-м” сингари уввос ва имолардадир. Демоқчиманки, масалан, Абдулла Қодирийнинг ўрнида Федор Достоевский ва ё Одил Ёқубов бўлганида, дейлик, севимли хотини Кумушни севмас хотини Зайнаб заҳарлаб ўлдирганидан кейинги Отабекнинг руҳий ҳолатини – айни шу руҳий ҳолатни бутун бошли бир романда атрофлича таҳлил этиши эҳтимол эди. Лекин Абдулла Қодирий, яна такрорлаймиз, жаҳон романчилигининг бу борадаги ютуқларидан хабардор бўлгани ҳолда, ўзбек китобхонининг идрокини назарда тутиб, қаҳрамоннинг муайян руҳий ҳолатига чуқур кириб боишдан ўзини тияди, руҳиятни таҳлил этмайди, балки уни ташқи қиёфада ва ҳатти-ҳаракатларда кўрсатади.
     Агар ўзбек романчилигига Абдулла Қодирий асос солган бўлса, ўзбек романида руҳий ҳолат таҳлилига асос солган ёзувчи, шак-шубҳасиз, Абдулҳамид Чўлпондир. “Кеча ва кундуз” романида атиги биргина ўринда руҳий ҳолат таҳлили намунасини кўрамиз. Бу Биби Марям (Мария Степановна Астрова)ни исловатхонадан олиб чиқиб, жисмонан тозаланиш ва руҳан покланиш йўлини қидириб турган Мирёқубнинг ўз-ўзини суд қилиши билан боғлиқ изтироблари қаламга олинган саҳифалардир. Асардаги бошқа бирон қаҳрамон бирон жойда ўз-ўзига ақалли бирровгина назар ташлаб, қалбига қулоқ солмайди. Дейлик, Стендаль қаҳрамонлари сингари ички нутққа, изтиробли ўйларга берилмайди. Ақалли бирон марта “Нима қиляпман ўзи?” дея ўйлаб кўрмайди. Фақат пичоқ бориб суякка қадалганида – бор-йўқ буд-шудлари, кўзларининг оқи-қораси, ёлғиз зурёдлари Зеби Сибирга сургун қилинганида мунис-муштипар ота-она беихтиёр портлайди: Қурвонбиби фитна ақлдан озади, Раззоқ сўфи пири муршиди Ҳаст Эшоннинг қотилига айланади. Раззоқ сўфининг Эшонга қарата айтган гаплари “Кеча ва кундуз” романидаги насрий сўзнинг бадиий жиҳатдан энг юксак чўққиси, чунки у оддийгина гап эмас, дил сўзлари, юракдан айтилган гап, нафақат Эшон, балки жами тингловчилар ва ўқувчилар олдига кўндаланг қўйилган жиддий саволлар, жон аччиғида айтилган аччиқ ва ҳақ СЎЗ!.. Асар сўнггида ақлдан озган Қурвонбиби фитна тилидан Зеби таърифида келтирилган шеърий сатрлар эса, нафақат мунис-муштипар онанинг дил рози, балки бутун асарнинг авж пардаси, қаҳрамон руҳий ҳолатини шеърий таҳлил қилишнинг гўзал намунаси ҳамдир.
     Абдулҳамид Чўлпондан кейин ўзбек романида руҳий ҳолат таҳлили бобида олға қўйилган янги бир қадамни аввало Абдулла Қаҳҳорнинг “Сароб” романида кўрамиз. Асарнинг бош қаҳрамони Раҳимжон Саидий ўзбек адабиётида воқеалар тасвири асосида эмас, ўй-кечинмалар ифодаси, руҳий ҳолат таҳлили асосида бадиий гавдалантирилган илк адабий қаҳрамон сифатида биз учун алоҳида қадрлидир. Шу маънода “Сароб” ўзбек адабиётидаги дастлабки психологик романдир. Саидий муттасил ўз-ўзини тафтиш қилади, ўзлигини ва ўзининг борар манзилини англаб етишга баҳоли қудрат уриниб яшайди. Ўзи интилган манзил, ёзувчининг сўнгги ҳикояларидан бирининг номидан фойдаланиб айтганда, “Нурли чўққилар” эмас, ниҳояти “Сароб” бўлиб чиққанига узил-кесил амин ва дил-дилдан иқрор бўлгач эса, яшашга нисбатан ўлимни афзал кўради. Бутун бошли роман, айниқса, асарнинг сўнгги саҳифалари қаҳрамоннинг айни шу ўлимини ҳам бадиият, ҳам мантиқ, ҳам ички феъл-атвор ва худбин шахс руҳияти нуқтаи назаридан атрофлича асослашга моҳирона йўналтирилади. Айниқса, қаҳрамоннинг ўз-ўзига даъвати, ўзини ўзи ўлдиришга чақириши ва бу ишининг тўғрилигини ўзича асослаши қоғозга туширилган ўринлар “Кеча ва кундуз” романидан кейин руҳий ҳолат таҳлилининг яна бир гўзал намунасини беради.
     “Сароб”дан кейин ўзбек романчилиги тарихида дунёга келган бир неча юзлаб асарларда, айниқса, “Қутлуғ қон”, “Уфқ”, “Машъал”, “Умид”, “Юлдузли тунлар”, “Одам бўлиш қийин”, “Гирдоб” асарларида руҳий ҳолат таҳлили бобида муайян тажрибалар тўпланди. Лекин Одил Ёқубов яратган олти роман, айниқса, адиб ижодининг ўзига хос гултожлари бўлмиш “Улуғбек хазинаси” ва “Диёнат” романлари бу борада фавқулодда ибратли жиҳатларга эга, айтиш мумкинки, ўзбек романчилиги тарихидаги беназир асарлардир.
     Одил Ёқубовнинг “Улуғбек хазинаси” романида адабиётимиздаги Мирзо Улуғбек мавзуида ва, умуман, ўзбек романчилигида амалга оширилган ўзига хос инқилоб аввало шунда кўзга ташланадики, мазкур асарда илк бора муайян қаҳрамоннинг бошидан кечирганларини хронологик тартибда бир чеккадан ҳикоя қилиб бериш, яъни, воқеанависликдан буткул воз кечилиб, бутун диққат-эътибор қаҳрамоннинг бошидан эмас, кўнглидан кечаётган оқим – руҳий ҳолатлар таҳлилига қаратилди. Бунинг учун Мавороуннаҳр тахтида қирқ йил ҳукмронлик қилган Мирзо Улуғбек ҳаётининг сўнгги таҳликали кунлари олиниб, бу кунларга, эслаш-эслатиш, лирик чекиниш, ўй-мушоҳада ва бошқа руҳий таҳлил воситалари орқали ойлар, йиллар, ҳаттоки асрлар, айтиш мумкинки, баайни “Зижи Кўрагоний”дек зичлаб сиғдирилди. Мазкур асар учун муҳими Ота – Улуғбекнинг тож-тахтдан мосуво этилиши ва Фарзанд – Абдуллатифнинг тахтни эгаллаши, ўғилнинг ўз отасини ўлдириши – падаркушлик инсоният тарихидаги, дейлик, “Шоҳ Эдип” ва “Қирол Лир” фожиаларида қаламга олинганидек умумбашарий ҳамоқатнинг ўзи эмас, бу кўргиликнинг ҳар бир қаҳрамон, ҳар бир кўнгилда уйғотган акс-садоси, руҳиятларда рўй берган ўзига хос тўфонлардадир. Қизиғи шундаки, Улуғбек, Абдуллатиф, Али Қушчи, Мавлоно Муҳиддин, Ҳожа Салоҳиддин заргар, Қаландар Қарноқий сингари ҳар бир қаҳрамоннинг ўзигагина тегишли қалб ҳақиқати, жумладан, падаркушликдек машъум фожиа ва унинг оқибатларига ўзининг шахсий муносабати бор! Бир асарда ўнлаб қаҳрамонларнинг руҳий оламларига тийран назар ташлаш ва уларни бир нуқтага – Мирзо Улуғбек бунёд этган маърифат хазинасига муносабатда жамулжам қилиш... ўзбек романчилигида, ҳаттоки жаҳон романчилигида ҳам мисли кўрилмаган ҳодиса эди. “Диёнат” романида эса, бу ҳодиса қарийб икки баробар кенгроқ миқёсларда содир бўлади. Асарда бош қаҳрамон Нормурод Шомуродов, яна бир етакчи қаҳрамон Отақўзи Умаров, шунингдек, Жамол Бўрибоев, Воҳид Миробидов, Ҳайдар ва бошқа жами элликка яқин инсонларнинг руҳий оламлари ва уларнинг ҳар бирининг диёнат тушунчасига бетакрор шахсий муносабатлари, ўнга яқин оилалар муҳити атрофлича очиб кўрсатилади. Айни чоғда шу адабий қаҳармонлар ва оилалар мисолида ўзбек халқи ҳаётининг эпосга хос кенг панорамаси чизилади.
     Ўзбек романчилиги ва ундаги руҳий ҳолатлар таҳлили санъатининг тадрижий такомилида бетакрор ўрин тутувчи бу икки роман бошқа бир қатор ибратли жиҳатларга ҳам эга. Агар “Ўткан кунлар”да ХIХ асрнинг биринчи ярми, “Меҳробдан чаён”да шу асрнинг иккинчи ярми, “Кеча ва кундуз”да мазкур асрнинг сўнгги ўн йиллиги, “Қутлуғ қон” билан “Сароб”да ХХ аср бошлари, “Навоий”да эса, ХV асрнинг иккинчи ярмида яшаган ўзбек халқининг ҳаёти ва руҳий ҳолати ҳаққоний акс эттирилган бўлса, “Улуғбек хазинаси”да ХV аср (қарийб бир аср!), “Диёнат”да эса, ХХ аср (асрнинг 10-йилларидан то 70-йилларига қадар) эслаш, муқояса қилиш, қайта идрок этиш каби руҳий таҳлил воситалари орқали лўнда ва ҳаққоний тарзда бадиий гавдалантириб берилди. Агар бу ҳар бири қарийб бир асрлик тарихни хронологик изчилликдаги тасвирда кўрсатувчи анъанавий йўлда ёритилганида бир неча ўнлаб жилдлик асарлар ҳам камлик қилиши эҳтимол эди. Лекин бизнинг олдимизда кўп жилдлик йилномалар ва жангномалар, борингки, “Шоҳнома” ҳам эмас, таъбир жоиз бўлса, руҳнома, инсон руҳи ва қисмати нуқтаи назаридан қайта яратилган тарих, кўҳна тарихнинг том маънодаги бадиий инъикоси турибди. Дарҳақиат, “тарихнавис адибнинг иши тарихчи олимнинг иши тугаган жойдан бошланади” деган гап теран маъноли гап. “Улуғбек хазинаси” ва “Диёнат” романлари бунинг яққол далилидир
Мазкур икки роман ва улардан кейин дунёга келган талайгина асарларда руҳий ҳолат таҳлили бобида тўпланган бой тажрибалар келгусида улкан тадқиқотларга асос бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
     Камина бундан қарийб ўттиз йил аввал “Тошкент оқшоми” газетасида атоқли адибимиз Одил Ёқубов таҳрири остида эълон қилинган дастлабки адабий-танқидий мақолам – “Руҳиятлар бирлиги”дан кейинги кўп йиллик ижодий изланишларим якунларини “Руҳият эҳроми” деб номланган мазкур мақолалар туркумида бир қадар умумлаштиришга ҳаракат қилдим...Мазкур учинчи мақолада инсон руҳининг ташқи қиёфа, ҳатти-ҳаракат ва гап-сўзда зуҳур кўрсатиши, сийратнинг сувратда намоён бўлиши ва, ниҳоят, энг улкан суврат, бадиий полотно - романдаги руҳий ҳолат таҳлилига доир айрим шахсий кузатишларимни мухтасар баён қилдимки, улар ёшларимиз, айниқса, ижодкор ёшларимиз учун фойдадан ҳоли бўлмас деган умиддаман.
Категория: Мои статьи | Добавил: otauli (19.01.2009) | Автор: Отаули
Просмотров: 8703 | Комментарии: 48 | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 2
2 SergEvalt  
0
<a href=http://zmkshop.ru/uslugi/izgotovlenie-i-montazh-metallicheskikh-ferm/>масса фермы 12 м</a>

1 Jerrywatup  
0
Привет.
Приглашаю Вас на Интересный High Five сервер
Сервак подойдет тем кто уважает длительную игру с замыслом на тотальное доминирование.
Скорее всего не подойдет предпочитающим налететь и всех победить.
Пробегающим мимо любителям попрыгать по серверам переоткрывашкам, ловить мало, т.к. старички их очень быстро накажут :)

Адрес http://l2immortal.com

Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Друзья сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Copyright MyCorp © 2024
Сделать бесплатный сайт с uCoz