Воскресенье, 05.05.2024
Adabiyot (Literature)/Matematika (Math)
Меню сайта
Категории каталога
Мои статьи [39]
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 61
Главная » Статьи » Мои статьи

Руҳият эҳроми: Руҳоният ва Руҳшунослик

Руҳоният ва руҳшунослик

     Севимли шоиримиз Абдулла Ориповнинг бундан қарийб қирқ йил аввал ёзилган сара шеърларидан бири “Руҳим”, ёдингизда бўлса, шундай якунланган эди:

                             Сен мисли камалак, юксак ва сўлмас,
                             Камалакни эса, парчалаб бўлмас.
     Дарҳақиқат, камалакни парчалаб бўлмаганидек, инсон руҳини ҳам майда бўлакларга, таркибий қисмларга ажратиб бўлмайди. Агар ажратиб кўрсатилса, бу худди “юлдузлар олами”, “наботот дунёси”, “тириклик олами” сингари, бир бутун руҳий оламнинг мураккаб табиатини нисбатан соддароқ шаклларда тушунтиришнинг ўта шартли воситасигина, холос. Инсоннинг муайян руҳий ҳолати, аҳвол-руҳияси, кайфиятини ҳис қилишга кўмаклашувчи “руҳи синиқ”, “тушкун руҳ”, “кўтаринки руҳ”, “руҳи шикаста”, “руҳий ҳаста” сингари кўпгина сўз бирикмалари ҳам, аслида, худди шундай шартли воситалардир. Зотан, руҳни (ҳоҳ у Олий Руҳ, яъни, Аллоҳ Таоло бўлсин, ҳоҳ Аллоҳ Таолонинг ўзига хос тажаллийси саналувчи инсон руҳи, яъни, кўнгил, дил, қалб, юрак...) англаб етишга нисбатан ҳис қилиш осонроқ. Чунки руҳ ақлий билишга нисбатан ҳиссий билиш соҳасига кўпроқ тааллуқли ҳилқатдир. Шу боисдан руҳнинг моҳиятига мутафаккир олимга нисбатан яратувчи санъаткорнинг чуқурроқ кириб бориши нисбатан осонроқ ва қулайроқ. Натижада, дейлик, илҳом, интуиция, яъни, савқи табиий сингари руҳий ҳодисалар мутафаккир олимга нибатан ижодкор санъаткорга кўпроқ хосдир. Бошқача айтганда, мутафаккир асосан ақл билан, санъаткор эса, асосан кайфият, туйғу билан иш кўради.
     Сўз санъаткори ва киши руҳининг инженери сифатида руҳнинг туб моҳиятига чуқур кириб бориш, инсон руҳий оламини бирон-бир бадиий асарда теран руҳий таҳлил асосида жонли акс эттириш ва, айниқса, асар қаҳрамонлари тимсолида улар мансуб бўлган халқ руҳини ёрқин бўёқларда кўрсатиб бериш осон иш эмас. Руҳоний шахснинг руҳий дунёси, дейлик, бирон пайғамбар, авлиё, шайх, муфти, маҳдум, қори, имом, эшон, махсум ва бошқа руҳоният пешволарининг руҳий оламлари хусусида роман ёзишда эса, табиийки, иш камида икки-уч баробар мушкуллашади. Чунки бу ўринда аввало ҳиссий ва ақлий билиш, мутафаккирлик ва санъаткорлик, адабиёт ва илм-фан ўзига хос тарзда уйғунлашиб кетиши, ўзаро зид қутбларнинг бирлаштирилиши тақозо этилади.
     Менинг назаримда, бу ўта мушкул ишни кўнгилдагидек уддалашда ўзбек ёзувчисига монелик қилувчи яна бир жиҳат ҳам бор. Гап шундаки, гарчи бизда бир пайтлар калом илми, тасаввуф илми, фалсафа, мантиқ ва бошқа фанлар ривожланган, янги давр насрида эса, айниқса, Одил Ёқубов романларида қаҳрамоннинг ички дунёсини теран руҳий таҳлил этишнинг бой тажрибаси тўпланган бўлса-да, руҳшунослик, яъни, психология фани, айниқса, унинг муайян халқнинг миллат сифатидаги руҳий олами, миллий табиати билан боғлиқ соҳаси бўлмиш ижтимоий руҳшунослик, яъни, социал психология ривожланмаган. Аниқроғи, Шўро тузуми даврида бу соҳа атайин ривожлантрилмаган. Холбуки жаҳон романчилигидаги, дейлик, Стендаль ва Флобердан то Достоевский ва Жойс асарларига қадар руҳий таҳлил бобида тўпланган бой тажрибалар, хусусан, онг оқими ва онгости (подсознание)га хос жараёнларни таҳлил этиш маҳорати руҳшунослик фани ютуқлари, масалан, Зигмунд Фрейднинг руҳий таҳлил тажрибалари, Ницше, Спенсер, Шопенгауэр ва бошқа кўпгина руҳшуносларнинг илмий тадқиқотлари заминига асослангандир. Кейинги бир аср мобайнида бизга руҳан яқинроқ бўлиб қолган рус адабиётини олиб қарасак, бу адабиётнинг икки оламшумул чўққиси – Лев Толстой ва Федор Достоевский асарларидаги теран руҳий таҳлил санъати ҳам бўшлиқда бирданига пайдо бўлиб қолмаган, албатта. Улар Гоголь ва Пушкиндан бошлаб то мазкур адибларнинг ўзларига қадар кўпгина ёзувчиларнинг рус характери, рус халқига хос миллий хусусиятларга доир фалсафий мушоҳадалари, рўй-рост айтилган ошкора фикр-мулоҳазалари, фанда эса, Павлов, Сеченев, Мечников каби буюк рус физиологларининг руҳшуносликка доир теран илмий тадқиқотлари иқлимида вужудга келгандир. Масалан, Илья Мечниковнинг “Инсон табиати ҳақида лавҳалар” ва “Кўтаринкилик лавҳалари” илмий тадқиқотлари одам боласининг ички табиати ва рус халқининг миллий характерини теранроқ тушунишда нафақат ўқувчилар, балки ёзувчилар учун ҳам беқиёс аҳамиятга эга кўмакчи бўлди ва ҳали-хануз бу борадаги беқиёс аҳамиятини тўла-тўкис сақлаб турибди.
     Ўз адабиётимизни олиб қарайдиган бўлсак, дейлик, академик Бертельснинг “Ўткан кунлар” романи тақир жойда баайни Помир тоғидек қўққисдан пайдо бўлгани хусусидаги фикрида муаллиф даҳосига қойил қолишга нисбатан, назаримда, “Қаёқдан пайдо бўлди бу?” қабилида ажабланиш, ҳайратга нисбатан таажжуб ҳисси кучлироқ эди. Шундай ҳар жиҳатдан баркамол романнинг тегишли илмий асос, ижтимоий онг даражаси, фан тараққиёти, хуллас, мустамлака шароити ва мустабидлик замонида тегишли тагзамини бўлмагани ҳолда дабдурустдан – кутилмаганда пайдо бўлиб қолиши, айниқса, мустамлакачилар учун, дарҳақиқат, таажжубланарли эди.Холбуки ўзбек адабиётининг олтин асри бўлмиш темурийлар даврида ҳам даставвал Мирзо Улуғбекнинг осмон илми ва бошқа илмлар, ана ундан кейингина Алишер Навоийнинг сўз санъатимизни осмони-фалакка юксалтирган беқиёс шеърияти дунёга келган эди-да! Демоқчиманки, одатда ҳар бир ишда, айниқса, бадиий ижодда ютуқнинг қанчалик оламшумуллиги илмий асос – тагзаминнинг нечоғли мустаҳкамлигига бевосита боғлиқдир. Афсуски, бизда ўзбек халқининг миллий менталитетига хос мусбат ва манфий жиҳатлар, хусусан, “олтинчи бармоқ”қа боғлиқ иллатлар, умуман олганда, ўзбек характери, ўзбекчилик, ўзбеклик, ўзлик ҳақидаги ошкора мушоҳадалар, фалсафий асарлар, илмий тадқиқотлар, дейлик, рус, немис ва инглиз халқларида бўлганидек кўп эмасдир. Бу ҳам “Бош ёрилса – бўрк ичида, илик синса – енг ичида” дея сир бой бермай сипойилик сақлаб яшашга мойил ўзбекнинг миллий табиати билан изоҳланса ажабмас. Холбуки “Оғриқни яширсанг иситмаси ошкор қилар” деганларидек,бутун ички сир-асрор ва руҳий дунёнинг аниқ-равшан ифодасини халқнинг ўз ижодидан истаганингизча топишингиз мумкин. Масалан, “Бор бўлсанг – кўролмайди, йўқ бўлсанг – беролмайди” деган ҳикматли гап фақатгина ўзбек халқи ярата оладиган, ўзбекнинг ўз ичидан чиққан балолар – бахил ва зиқна кимсалардан ёниб-ўртаниб, оҳ-фарёд чекиб яратган том маънодаги милий мақолидир. Ёхуд, “Ўзингники ўзагингни ўяди” мақолини олиб, унинг мағзини чақиб, фалсафий-руҳий салмоғини ўзингизча чамалаб кўринг! Нақадар ўзбекона мақол бу! Учтагина бўлакдан таркиб топган шу содда йиғиқ гапни илк бора тилга олган ўзбек уни, худди Миртемир домланинг “Мажнунтол тагига ўтқазинг мени, Мен учун йиғласин, мен йиғлаб бўлдим” сатрлари каби, дил-дилдан бўзлаб, қон қақшаб, икки қўли билан бошини чангаллаб айтган бўлса ажаб эмас!..
     Ҳа, “Куйгандан кулли бало чиқади” деганлари рост! Куйган юраклардан “Муножот”дек куй, “Чўли Ироқ”дек беқиёс наво, тош юракларни ҳам зир титратгувчи гиря, йўқлов, илтижо ва ҳакозо мўъжизалар чиқиши табиийдир, айниқса, ўзингники ҳар қадамда ўзагингни ўйиб турган бир пайтда ва халқингни кўнгли ярим, шикастадил, руҳи синиқ, номукаммал, ўзингни эса, ночор-нотавон ҳис қилиб, Алишер Навоий чизган “Занжирбанд шер”дек нажот истаб, чора қидириб ожизона тўлғонганингда... Гоҳо шунақанги шоҳ асарлар дунёга келадики, муаллифнинг ўзи ҳам “Воажаб, шу менми?!” дея ҳайратдан ёқа ушлайди. Бадиий тафаккурни жаҳоний юксакликларга кўтарганини ўзи ҳам билмай қолади.
     Ўзбек халқ қаҳрамонлик эпоси – “Алпомиш” достонини олиб, унда ўзбек халқининг миллий табиатига хос фазилат ва иллатлар нечоғли ёрқин бўёқларда акс этганига диққат қилинг. Асардаги зиддиятнинг кескинлашиб бошлашига қаранг. Арзимас бир баҳонаи сабаб – закот туфайли бир қориндан талашиб тушган ака-укалар Бойбўри ва Бойсарининг бир-бири билан аразлашиб, юз кўришмас бўлиб кетиши... бу қанақаси?! Айтиш мумкинки, жаҳонда ўзбекдан бошқа ҳеч бир халқ бундай ҳолатни ақлигаям сиғдиролмайди. “Воажаб, қондош-жондош ака-укалар дунёнинг молини талашяптими, нимани бўлишолмаяпти? Закот сифатида бериладиган бир тиррақи эчкига ота гўри қозихона бўлдими энди? Шунга шунчами?!” дея ажабланиши аниқ. Бу ҳолатни фақатгина ўзбек тўғри тушуниб, теран ҳис қила олади. Зотан, жаҳоннинг энг қадимий халқларидан бири бўлмиш ўзбекнинг кўнгли шу қадар нозикки, унга энг яқин жигарбанди томонидан содир этилган салгина нописандлик ҳам малол келади-да, у билан улкан бир мамлакатга ҳам сиғишиб ўзаро муроса-мадора қилолмай, ҳар бири ўзи хон, ўзи бек, ўзи ўзига хон, кўланкаси майдон бўлади-қўяди. Фазилатми-иллатми, худо билади, ҳар қалай, ўзбек халқига “қўндоқда теккан касаллик”, яъни, аввал-бошда “ўзбек” номига асос бўлиб хизмат қилган энг бирламчи руҳий сифат-да бу! Ёҳуд, достон воқеалари яна-да кескинлашган чоғдаги бир вазиятга эътибор қилинг! Мана, Ёртибой оқсоқол сингари ўтакетган худбин ва калтабин кимсаларнинг қутқуси билан Бойсари ўн минг уйли қўнғирот элини бошлаб юртни тарк этди-да, қалмоқлар юртида сиғинди сифатида қўним топди. Қалмоқлар юртидаги тўқсон алп ёппасига Барчинга зуғум ўтказиб, “Ё биримизга, ё баримизга тегасан” дея қисталанг қилганида яна ўша Ёртибой оқсоқолдек кимсаларнинг “доно маслаҳатлари” билан Барчиннинг ёлғиз ўзи овлоқ бир жойга бадарға қилинади, ҳамма “Алплар билан қизнинг ўзи муомала қилаверсин, бизнинг бошимизни ғалвага қўймасин” деган антиқа тўхтамга келади.
Бу ўринда киройи халққа эмас, оломонга хос хусусият – “ўзим”, “ўз тинчим” дея ўз боши ва қорнининг қайғуси билан яшаш иллати санъаткорона ифодалангандир. Ўзбекнинг ўрнида бошқа бирон-бир халқ вакили “Ие, бу қанақаси?! Аввал-бошда қиз бечорани қалмоқлар юртига қўлидан судрагандек мажбуран олиб келганларидан кейин нега уни ўз ҳимояларига олиб, балогардон бўлишнинг ўрнига ораларидан ҳайдаб чиқариб, ёлғиз ўзини балога юзма-юз қолдиришяпти? Бу қанақа халқ ўзи?!” дея ажабланиши шубҳасиз. Бутун бошли қавм – ўн минг уйли қўнғирот аҳли шундай ўтакетган ноинсофлик ва ноҳақлик қилаётган бўлса-да, ҳеч ким уларга эътироз билдириб, инсофга чақирмаса! Гўё айнан шундай бўлиши керакдек. Гўё мусофир юртидаги танг аҳволларига ўзлари эмас, бегуноҳдан бегуноҳ Барчиной айбдордек! Бундай руҳий ҳолатлар тасвирида халқ табиатидаги энг афсусланарли иллатлардан бирини рўй-рост кўрсатиш, шу асосда халқнинг ўзини ўзи оломонга хос иллатлардан халос этиб, ҳар бир қоракўз ўзбекка жони қайишиб, жони ачиб, жонкуярлик ва жонфидолик билан қарашга даъват ҳам санъаткорона ифодаланганки, “Алпомиш” достонининг шоҳ асарлиги аввало мана шундай руҳий ҳолатларнинг қойилмақом тасвиридадир.
     Замонавий ўзбек насрининг икки шоҳ асари – “Ўткан кунлар” билан “Кеча ва кундуз” романларини олиб қарасак, бу асарларда ҳам ўзбек халқининг миллий характерига хос мусбат ва манфий жиҳатлар – ўзбекона руҳ, ўзбек руҳи, худди “Алпомиш” достонидаги каби, санъаткорона ифодаланганини аён кўрамиз.
Эътибор беринг, Отабек Кумуш билан, юзаки қараганда, таҳорат, яъни, ҳалоллик-поклик сабаб рўй берган бир бахтли тасодифнинг шарофати, аслида эса, Худонинг қудрати билан севиб-севилиб турмуш қуришди. Ҳоҳ кутилмаган бўлсин, ҳоҳ кутилган, ҳар қалай, бир инсоний бахт-саодат шунчалик бўлади-да!
     Ана энди жиддийроқ ўйлаб қаранг! Жаҳондаги ҳар бир ота-онанинг энг бирламчи орзуси ўз ўғил-қизларини севиб-севилиб турмуш қурган, оламдаги энг олий инсоний бахт-саодатга эришган ҳолда кўриш эмасми? Руҳи комил ва ақли бутун ота-онанинг бундан-да улуғроқ қандай орзуси бўлиши мумкин?!
     Романни ўқиган ўзбекдан бошқа халқлар вакиллари кўнглида бу сингари саволлар ўз-ўзидан уйғонади. Лекин ўзбек ўқувчиси бунга мутлақо ажабланмайди, чунки у яхшигина билади ва дил-дилдан чуқур ҳис қиладики, ҳар бир ўзбекнинг ота-она сифатидаги орзуси ўз зурёдини бахтиёр кўриш билангина ушала қолмайди, балки бундан ҳам кўпроқ бошқаларга намойиш қилиш, ҳаттоки ичидан қиринди ўтиб ётган бўлса-да, атроф-жавонибдаги дўст-душманларига ўзларини бу оламдаги энг бахтиёр, беками кўст инсонлар сифатида кўрсатиш, ўз бахтини кўз-кўзлаш, керак бўлса, кўзларни куйдириб яшаш, хуллас, оиладек энг шахсий масалаларда ҳам ўзларини эмас, бошқаларни деб яшаш иштиёқи ҳамиша кучлироқдир.
     Ота-онадан ўғилнинг руҳий ҳолатига ўтсак, яна-да антиқароқ манзарани кўрамиз. Отабекнинг ўрнида, масалан, бирон рус йигити бўлганида Зайнабга мажбуран уйланишнинг ўрнига “Папаша, бу менинг шахсий ҳаётим, яшайдиган мен, так что шахсий ҳаётимга мутлақо аралашма!” дея орани очиқ қилиб қўя қолиши шубҳасиз эди. Лекин Отабек бундай демайди, деёлмайди, чунки у ўзбек, ўзбекнинг бутун фазилат ва иллатларини ўзида мужассамлаштирган, жумладан, ўзбекона андиша соҳиби. Шу боисдан, масалан, “ақлли кишиларнинг ўз ўғиллари устидан қилган ишлари ножўя бўлмас” қабилидаги назокатли ишоралар, лутфлар, нари борса, илтимослар ва ўтинчлар қилади, лекин зинҳор ота-онасининг юзига оёқ қўйиб, улар билан ҳақ-ҳуқуқ талашмайди, уларнинг ҳам юксак ички маданиятига, ўзбекона фаросатига умид боғлайди. Фақатгина андишанинг отини қўрқоқ қўйиб, ҳаддидан ошишлар авж олганида ювошдан йўғон чиқиб, қўй оғзидан чўп олмаган беозор жон ҳам аввал бирйўла уч кишининг қотилига, сўнгра хотини Зайнабни “жалаб” дея ҳақоратлайдиган оғзи шалоқ сўконғичга ва, ниҳоят, шаҳидга айланади.
     Умуман, “Ўткан кунлар” романида, хусусан, Отабек сиймосида ёзувчи шахс эрки масаласини жиддий қилиб қўяди. Шахс ўзининг шахсий ҳаётини ўзи ҳал қилолмасдан бошқа бировга (ҳаттоки у ўз ота- онаси бўлса ҳам) бош-бутун топшириб қўйдими, бас, унинг бахтсизликлари ва кулфатлари тобора ошиб-тошаверади, баайни бурнидан ип ўтказилган туядек ачинарли алфозларга ўзи истамаган ҳолда тушаверади! Айни шу таъкид Абдулла Қодирийнинг иккинчи асари “Меҳробдан чаён”да ўз бахти ва ўз эрки учун нисбатан дадилроқ курашувчи Анвар ва, айниқса, Раънонинг жасорати тасвирида нисбатан яққолроқ уқтирилади. Ҳар икки асарда халқни мустақилликка олиб келувчи руҳий асос – шахс эрки экани инсоний қисматлар мисолида санъаткорона кўрсатилади.
Шахснинг эрксизлиги қандай инсоний фожиаларга олиб келиши мумкинлигини “Ўткан кунлар” билан “Меҳробдан чаён” романларига нисбатан яна-да кучлироқ, таъсирчанроқ кўрсатиб берган асар, шубҳасиз, “Кеча ва кундуз” романидир. Асарнинг бош қаҳрамони Зеби(ниса) бошидан кечирган кўргиликларда ҳамма айбдор: бир томонда – қаҳрамоннинг ўзи, унинг эрксизлиги, ҳуқуқсизлиги, ночор-нотавонлиги... иккинчи томонда – онаси Қурвонбиби фитнанинг бўш-баёвлиги, отаси Раззоқ сўфининг калтабинлиги, Мирёқубнинг худбинлиги, Хадичахоннинг маккорлиги, Энахоннинг ночорлиги, Акбаралининг ноинсофлиги, “Балиқ бошидан чирийди” деганларидек, асарда кўрсатилган энг олий руҳоний зот – Ҳаст Эшоннинг ҳам ўз манфаати шахсияси йўлида ҳақ йўлидан озганлиги... Қизиғи шундаки, асарда ҳамма ўз шахсий манфаатидан келиб чиққан ҳолда Зебининг бахтсизлигига – шу гўзал гулғунчанинг очилмай эрта хазон бўлишига ўз ҳиссасини қўшади. Лекин улардан биронтаси, ҳаттоки эл-юртнинг руҳий суянчиқ, руҳий мададкор, руҳоний сифатида ишонгани Ҳаст Эшон ҳам “Ҳой, мусулмонлар, нима қиляпсанлар?! Бу бечора норасида гўдакни одамга ўхшаб яхши яшагани қўйинглар-да энди!” дея Зебининг атрофини қуршаган ноинсофларни инсофга чақирмайди, чақиролмайди! Асарнинг “Кеча”лиги, яъни, унда кўрсатилган руҳ осмонининг қоронғу кечадек тим қаро, яъни, зимистонлиги мана шунда-да!
     Наҳотки Зебининг энг бирламчи инсоний ҳаққи-ҳуқуқини ҳам ҳимоя қиладиган ақалли биронта мусулмони комил бу “Мусулмонобод Туркистон” дея улуғланувчи қадимий бир ўлкада топилмаса?! Асарни ўқиган ўзбекдан бошқа халқ вакили бўлмиш китобхон шундай саволлар устида бош қотирган кўйи ҳайрат бармоғини тишлаб, ёқасини ушлаши аниқ. Лекин ўзбек китобхони мутлақо ажабланмайди. Чунки билади: бу халқ ҳақиқат йўлида ўз вақтида енг шимариб дадил курашишга нисбатан “Қани, кўрайлик-чи, нима қилар экан, охири қаерга бориб тўхтар экан” дея “арқонни узун ташлаб” кутишни, жимгина сукут сақлашни, томошабинликни хуш кўради. Ҳар қандай золимнинг ҳам кунлардан бир куни инсофга келишидан умидини узмай сабр-тоқат билан кутади. Лекин пичоқ бориб суякка қадалганида... шунақанги портлайдики, натижада, дейлик, Чўлпоннинг “Кеча”сидек жамиятни ҳам, руҳиятни ҳам, моҳиятни ҳам ларзага келтира оладиган бадиий тафаккур мўъжизасини беихтиёр яратиб қўяди.
     Бундай мўъжизалар кўзларини ўтдек куйдирган чоғида халқ ичидаги ғаламис кимсалар ҳам фавқулодда жумбушга келиб, “Ўзинг нега хотинингга калиш обермайсан?” дея афандини айбдор қилишга уринган ўғридек, ўша мўъжиза соҳибларини ҳар боб билан ёмонотлиқ қилишга уринадилар. Айниқса, ўзбек халқида бундай уринишлар кутилган самараларини беради ҳам! Хусусан, “Кеча ва кундуз” романидан кейин Абдулҳамид Чўлпонни, дейлик, бир ҳовуч шотут атрофида куракка турмас баҳоналар билан ёмонотлиқ қилишлар бошланиб кетгани бугунги кунда барчага маълум! Бундай ҳолатларда фақат фожиалар рўй беравермайди, гоҳида янги мўъжизалар ҳам жамол кўрсатади. Масалан, Алишер Навоийнинг “Навосиз улуснинг навобахши бўл, Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл” шоҳбайти, Абу Али Ибн Синонинг “Агар менки кофир эрсам, Бу оламда мусулмон йўқ!” шоҳсатри шулар жумласидандир.

     Абдулҳамид Чўлпон ва Абдулла Қаҳҳордек улкан сўз санъаткорлари, ҳақгўй адибларимизга ноҳақ тақалган айбларнинг энг оммавийси уларни халқ ҳаётини қора бўёқларда кўрсатиш ва халқ ҳаётидаги ижобий ҳодисаларни кўролмасликда айблаш бўлгани мутлақо бежиз эмасдир. Гап ҳамиша мевали дарахтга тош отилишидагина эмас, балки ҳар бир буюк ёзувчининг ижодий фаолиятида бундай айбловлар учун асос ҳамиша етарли бўлишидадир. “Дўст ачитиб айтади, душман кулдириб”, дейди халқимиз. Буюк адибнинг куйиб-ёниб айтган ҳар бир сидқидил гапи ачитиш, ачинтириш, куйдириш-ёндириш қудратига эгадир. Бинобарин, буюк шахснинг гапираётган гапини тўғри тушунишда мазкур гапнинг айтилиш жараёнидаги муаллифнинг руҳий ҳолатини теран ҳис қилиш, дилидаги дарди ва пировард мақсадини англаб етиш муҳим аҳамият касб этади. Масалан, дейлик, ирланд халқининг миллий табиатига хос иллатлардан юраги ўртанган, “Бу халқ қачон одам бўлар экан-а!” дея изтироб чеккан, ҳатто уни бўралатиб сўкишдан ҳам қайтмаган Жеймс Жойс ва ё рус халқини ювуқсиздан олиб ялқовга солган, ўғридан олиб каззобга солган айрим рус адиблари бизнинг ўз халқимизга муҳаббатимизга нисбатан минг чандон кучлироқ туйғу билан ўз халқини севгани, азбаройи уни яна-да комилроқ кўришни астойдил истагани, унинг руҳидаги ҳар бир иллатдан юраги ўртангани, шу боис “Менга нима зарил!” дея бепарво-лоқайд қараёлмагани шак-шубҳасиздир. Биз эса... Табиатимиз шунақаки, кўп ҳолларда ўз халқимизга мансуб айрим кимсаларнинг қоронғу кеча эмас, сим-сиёҳ тундек қоп-қора юракларида руҳият эҳроми ўрнида баайни қора туйнукдек бир тубсиз ўпқон, Саҳрои Кабирдек бепоён қумлик ястаниб ётган ва уни ўз кўзларимиз билан кўриб-билиб турган бўлсак-да, кўрган-боққанларимизни ошкора айтиб, иллатга баҳамжиҳат даво қидиришнинг ўрнига лом-мим демай сукут сақлашни, кўриб кўрмаг анга олишни, “Туя кўрдингми – йўқ...”, “Кўрмадим дедим – қутулдим...” дейишни афзал биламиз. Шу қадар тинчликсевар, қўймижозмизки, ичимиздан чиққан балолар бизни тинчимизга қўйсалар бас!.. Қолаверса, жуда кўп йиллар миллат қайғуси, халқ дардида куйиб-ёнган не бир миллатпарвар-халқпарварлар “миллатчи” ва “халқ душмани” сифатида бадном, қувғин ва қатл этилавергач, бундай хизматга туҳматлардан юрак олдириб қўйган одамлар ўз тинчини ўйлайдиган бўлиб қолиши табиий-да! Шунинг учун ҳаттоки халқ ёзувчилари ва олимлари орасида “Халқ билан неча пуллик ишим бор! Ўзим, болам, чақам...” деб қаровчилар бугунги кунда ҳам, афсуски, кўпчиликни ташкил этади... Тўғри, Ўзбекистон давлат мустақиллигининг дастлабки йилларида, дейлик, Азамат Зиёнинг ўзбекчилик хусусидаги туркум мақолалари, марҳум адабиётшунос олим Матёқуб Қўшжоновнинг “Ўзбекнинг ўзлиги”, шоир Азим Суюннинг “Ўзлик” китоблари, ойнаи жаҳонда “Ўзлик” ва “Очун” кўрсатувлари пайдо бўлди. Лекин, афсуски, бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмади. Айниқса, руҳшунос олимларимиз ҳали-хануз ғафлат уйқусига ғарқ бўлиб ётибдилар, десак муболаға қилмаган бўламиз... Руҳият, руҳоният ва руҳшунослик хусусидаги мазкур адабий ўйлар ҳам каминаи камтариннинг 1977 йилда ёзиб тугатилган ва 1983 йилда қоқ ярми амал-тақал чоп этилган “Осмон тўла юлдузлар (Туйғулар ҳақида суҳбат)” фалсафий эссесидан кейин орадан талай йиллар ўтиб, ёруғлик кўришига бир ишониб, бир ишонмай, қалб дарчасини салгина қия очиб, ўта эҳтиёткорлик билан ёзилган ҳаминқадар ошкора мушоҳадаларидир.Улардан кўзда тутилган муддаони тўғри тушунасиз деган умиддаман: ҳеч бир инсон ва ҳеч бир халқ сирти ялтироқ, ичи қалтироқ бўлиб қолмасин. Моддий бойликлар кетидан қувишлар маънавий-руҳий инқирозларга олиб келмасин. Руҳимиз соғлом, руҳиятимиз бой, руҳоний оламимиз гўзал бўлсин!

<-   1   2   3   4   5   6   ->

Категория: Мои статьи | Добавил: otauli (19.01.2009) | Автор: Отаули
Просмотров: 1516 | Комментарии: 6 | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Друзья сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Copyright MyCorp © 2024
Сделать бесплатный сайт с uCoz