Воскресенье, 05.05.2024
Adabiyot (Literature)/Matematika (Math)
Меню сайта
Категории каталога
Мои статьи [39]
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 61
Главная » Статьи » Мои статьи

Руҳият эҳроми: Руҳий асос талқини
Руҳий асос талқини

     “Оламдаги ҳамма нарса вақтдан қўрқади, вақт эса, эҳромлардан қўрқади”. Ўйлаб қарасангиз, бу мақолни араб халқигина яратиши мумкин. Бешафқат вақт ўз ҳукмини ўтказа олмайдиган умрибоқий қурилмани йўқдан бор қила олган бунёдкор ва донишманд халқнинг ўзига яраша гапи-да бу! Ҳамиша одил ҳакам – вақтни юксак қадрлаш ҳисси, ўзининг вақт емиролмайдиган мустаҳкам ва муҳташам иншоотни тиклай олганидан фахр-ифтихор туйғулари, бошқа не бир кечинмалару фикрлар сингдирилган бу бир қарашда оддийгина гап замирига! Мақол буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темур ҳазратларининг “Агар қудратимизга шак келтирсангиз, биз қурган иморатларни кўринг” деган пурҳикмат гапига моҳиятан жуда-жуда ўхшаб кетади.

     Бу ўринда гап аждодларимиз бунёд этган ва ҳозирда бунёд этилаётган умрибоқий иншоотлар хусусида эмас, ҳар бир инсон қалбида ўзига хос тарзда қад ростловчи маънавият қасри, руҳият эҳроми хусусидадир. Ҳар бир инсон руҳияти ҳам шундай бир эҳромки, унга қиёслаганда Миср эҳромлари қаловини. топиб терилган шунчаки харсанглар хирмонигина, холос. Зеро тошдек қаттиқ эмас, гулдек нозик инжа кўнгил мулки, қалб гавҳари, дил жавҳари, маънавият қасри, хуллас, энг умумлашма сўз бирикмаси билан айтганда, руҳият эҳромининг қирралари учта-тўрттагина эмас, баайни олмос қирраларидек беҳисоб, ранг-баранг, сержилва, мафтункор... Бир қирраси – андиша, бир қирраси – тавфиқ, бир қирраси – иймон, бир қирраси – виждон, бир қирраси – диёнат... Тағин шуниси ҳам борки, андишани – фаҳ м-фаросатсиз, тавфиқни – ҳалоллик-покликсиз, иймонни – руҳий соғломлик ва бутунликсиз, диёнатни динсиз ва руҳониятсиз тушуниб бўлмайди. Буларни тушунишда эса, баайни шимолдан ўз каъбаси – жанубга томон талпинган учар қушлардек руҳият иқлимларида эркин парвоз қилувчи адабиёт ва санъат бизга беминнат ёрдам қўлини чўзади. Чунончи, “Ўткан кунлар” романини ўқиб андишалилик ва андишасизликнинг нималигини дил-дилдан теран ҳис қила оламиз. ”Кеча ва кундуз” романини мутолаа қилганимизда бетавфиқлар исканжасидаги тавфиқ соҳибасининг она сутидек ҳалол, пахтадек оппоқ, бокира ва инжа кўнгли бизни ўзига мафтун-маҳлиё этади. ”Диёнат” романи эса, ўз номи билан диёнатдир. Бу асар худосиз Шўро тузуми шароитида, айтиш мумкинки, Худони, Худонинг қудратини кўзларга аён кўрсатиб, бутун қалби диёнатга тўла, руҳан баркамол, авлиёсифат, покдомон, хуллас, том маънодаги зиёли-руҳоний зотнинг жонли қиёфасини кўз олдимизда қойилмақом бадиий гавдалантириб бергани билан қадрлидир.
     Сирасини айтганда, янги ўзбек насрида зиёли-руҳоний зотларнинг жонли қиёфаларини аниқ-тиниқ чизиб кўрсатиш бобида “Диёнат”га қадар ҳам муайян тажрибалар тўпланган эди: Юсуфбек ҳожи, Солиҳ маҳдум, Қори Ишкамба, Раззоқ сўфи... Лекин улар, худди “Эшоним деб эшагимдан айрилдим”, ”Тўй тўй бўлмади, хўжа билан шайх эгаллаб олди” қабилидаги истеҳзоли мақолларга жонли мисолдек ўтакетган зиқна, ичи тор, маънавий қашшоқ кимсаларки, бу, албатта, руҳоний зотларни ҳар боб билан ёмонотлиқ қилиб олабўжи кўрсатишга устаси фаранг Шўро тузуми мафкурасининг сиёсий талаби эди. Юқоридаги диндорлар рўйхатида биргина Юсуфбек ҳожи маълум даражада истисно, лекин у ҳам “маълум даражада”, холос. Дини исломнинг бешала фарзини беками кўст адо этган, ҳожилик шарафига ҳам ноил бўлган, ўзи айтганидек, бутун умрини эл-юрт қайғусида ўтказган бу руҳоний зотни ҳам том маънодаги комил инсон, ўзига ва ўз ишига пишиқ-пухта дейишимиз қийин. Акс ҳолда у думбултабиат хотинининг қутқуси билан аллақандай “ота-она орзуси”ни деб ёлғиз ўғлининг бахтига зомин бўлмас эди, маънавий баркамол донишманд ота сифатида ўғлининг аҳвол-руҳиясини ўз вақтида теран ҳис қилиб, унга ҳамдард-ҳамнафас бўлиб, ўз оиласидаги бахтсизликларга ўрин қолдирмас эди.
     Ўзбек романида Нормурод Шомуродовдан аввал ва Юсуфбек ҳожидан кейин яратилган том маънодаги руҳоний зотлардан яна бири “Қутлуғ қон” романидаги Йўлчидир. Бу қаҳрамон, кўп йиллар мобайнида бузиб талқин этилганидек, ”инқилобчи” эмас, ўз номи билан йўлчидир. Баайни Ҳизр алайҳиссаломдек абадий йўлчи, Нажмиддин Кубродек эл-юртни деб жондан кечган фидойи зот, ихлос қўйиб кўз тикишимиз мумкин бўлган йўлчи юлдузларимиздан бири... Тўғри, бу қаҳрамон Нормурод Шомуродов билан Юсуфбек ҳожидек олим ва ё диндор эмас, ғирт саводсиз, оми бир мардикор. Лекин у руҳий комилликда анча-мунча зиёли-диндорлардан баланд туради. Чунки у хўжа, ўз насл-насабига кўра баайни Хўжаи Ҳизр, Хўжа Насриддин афанди, Хўжа Хофиз, Хўжа Аҳрори Валийлардек том маънодаги руҳоний зотлардан бири. Ахир у Хўжа Аҳрори Валий туғилиб ўсган Боғистон яқинидаги Хўжакент қишлоғидан бўлади-да! Йўлчики хўжакентлик экан, тоғаси Мирзакаримбой ҳам хўжакентлик, албатта. Лекин Мирзакаримбой “Хўжалар тушдан кейин айнийди” деган пичингли мақолда айтилганидек тушдан кейин қорни очиб нафси ҳаккалак отганида феъли айниган хўжа, Йўлчи эса, ҳали ёш, асл, айнимаган хўжа. Шунинг учун ҳам бу тоға-жиян хўжалардан бири бойлик орттириш йўлида ҳар қандай пасткашлик ва аблахликдан қайтмайди, иккинчиси оддий бир қовунчи деҳқондан то ўз тоғасидек юрт эгаларига қадар ҳар бир халқ вакилининг феъл-атвори, дарди-дунёси, аҳвол-руҳияси хусусида жиддий ўйларга чўмади. Мирзакаримбой фақат ўзини – ўз нафсини деб яшайди, Йўлчи халққа қайишиб, элим деб, юртим деб ёниб-куйиб яшайди.
     Бу қадимий заминдаги оддий бир мардикорки, Йўлчидек элсуяр, ҳақгўй, диёнатли..., хуллас, руҳий баркамол руҳоний зот экан, ҳақиқий зиёлиларни, айниқса, қалам аҳлини руҳониятсиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу боисдан ҳам, дейлик, Аҳмад Яссавийдан то Абдулҳамид Чўлпонга қадар жамики улуғ мутафаккирларимиз оддийгина шоир эмас, айни чоғда хожа, насриддин, низомиддин, фаридиддин, сирожиддин, садриддин, сўфизода, хўжа, қори, шайхзода..., хуллас, руҳоний ҳамдир.      Адабиётимиз тарихида бирон-бир шоир ва ё носир йўқки,у одам боласининг феъл-атвори, кўнгил мулки, дил дарди, қалб кечинмалари, хусусан, ўз замондошлари руҳиятида рўй бераётган эврилишлар, маънавий қашшоқлашувлар ва тубанлашувлар хусусида изтироб-ҳаяжон билан ёзмаган бўлсин. Аҳмад Яссавий бундан қарийб тўққиз юз йил аввал битган қуйидаги ҳикматли сатрлар шу қадар замонавий жаранглайдики, орадан тўққиз аср эмас, тўққиз кун ҳам ўтмагандек:
                             На онода меҳр қолди, на отода,
                             Оға-ини бир-бириға можарода,
                             Мусулмонлиғ даъво қилур, ичур бода,
                             Мастлиғ билан қариндошдин тонди, кўринг!
     Жиддийроқ ўйлаб қаранг, мазкур сатрлар битилган чоғларда, дейлик, ”аборт”, ”тирик етим”, ”етимхона”, ”қариялар уйи” каби тушунчалар, ҳаттоки булар хусусидаги тасаввурлар ҳам йўқ эди! Ўтган тўққиз аср мобайнида одам боласининг қалбидаги меҳр-муҳаббат ҳисси кучайдими-сусайдими, Худо билади, лекин ўз замондошлари қалбидаги бемеҳрликдан афсус-надоматлар чекиб озмунча шоҳ сатрлар ва шоҳ асарлар битилмаган. ”Меҳр кўп кўргуздим, аммо меҳрибоне топмадим” деб ёзган эди Алишер Навоий. ”Бошимни силашга бир меҳрибон қўл, бир оғиз ширин сўз нондек арзанда, Мен одам эдим-ку, инсон фарзанди” дея бўзлаган эди Ғафур Ғулом... Шоҳ сатрлардан шоҳ асарларга ўтсак, яна Ғафур Ғуломнинг машҳур “Шум бола” асари, Ойбекнинг “Болалик” ва Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар” қиссалари ота-она, қавм-қариндошдагина эмас, умуман, эл-улус ва тузум-жамиятда бемеҳрлик-бешафқатлик кучайгани, етимлик ва руҳий қашшоқлик фожиалари таъсирчан қаламга олинган. Худога шукур, мустақиллигимизнинг шарофати билан асрий орзу-армонларимиз ушалиб, дейлик, етимхоналар “меҳрибонлик уйлари” дея шунчаки хўжа кўрсинга чиройли номланаётгани йўқ, аслида ҳам шундай моҳият касб этиб, чинакам меҳр-мурувват масканига айланиб бормоқда. Шўро тузуми даврида одам боласининг бир-бирига қаҳр-ғазаб ва нафрат кўзи билан қараши атайин авж олдирилган бўлса, эндиликда, аксинча, ҳар бир мактаб, оила, маҳалла, қўйинг-чи, бутун жамиятимизда меҳр-мурувват, меҳр-шафқат, меҳр-оқибат ва меҳр-муҳаббат ўзаро инсоний муносабатларнинг етакчи тамойили тусини олмоқда. Ўз болалигини мустақиллик шароитида кечираётган ҳозирги авлодга ҳар қанча ҳавас қилсак арзийди. Бу авлод ҳам ақлан, ҳам жисмонан, ҳам руҳан – ҳар жиҳатдан, дарҳақиқат, соғлом авлод, ота-она меҳри, устоз-мураббий меҳри, эл-юрт меҳри, умуман, меҳрга қониб улғаяётган баркамол авлод. Биздек ўз болалигини етимликда йўлида учраган ҳар бир нокасдан шафқат сўраб кечирган кўнгли синиқ ва шикастадил авлод эмас бу!
      Бундан йигирма уч йил аввал ёзилган “Шафқат” номли маъжозий ҳикоям орадан етти йил ўтгач, 1989 йилда “ЎзАС”да эълон қилинган эди. Унда, жумладан, шалпанг ва динг қулоқларга ер қаъридан элас-элас эшитилаётган қадимий ва ҳазин қўшиқ сифатида қуйидаги сатрлар келтирилган эди:
                                 Нокас, ҳасис, бедиёнат қуллар ҳоким,
                                 Моуманлик ҳаддан ошиб бўлди золим,
                                 Эл ичида хор бўлдилар дарвиш, олим,
                                 Ҳимояти халқнинг кофир бўлди, кўринг,
                                 Феълимиздан бизга жафо солди, кўринг!  
     Ушбу ҳикматли сатрларнинг мағзини чаққанингиз сайин бадиий жиҳатдан баркамол асарнинг ўлмаслигига яна бир карра амин бўлаверасиз. Ўзингиздан қолар гап йўқ, айниқса, Шўро тузуми одам боласининг феълидаги нокаслик, хасислик, диёнатсизлик, манманлик, шуҳратпарастлик, мансабпарастлик, пасткашлик, мунофиқлик, лаганбардорлик ва бошқа шулар каби руҳий иллатларни тарихда мисли кўрилмаган даражада гуллатиб-яшнатиб юборди. Ва, аксинча, диёнат, саҳоват, меҳр, шафқат, шаън-шавкат, миллий ғурур сингари асрий қадриятларимизни ўз қалбларида асраб-авайлаган не бир комил инсонларни ҳар боб билан топтаб-таҳқирлаб, қувғин, сургун ва қатл қилди. Қодирий, Чўлпон, Фитратдек истиқлолимиз фидойиларини “халқ душмани” сифатида қатли ом қилиб, гўё халқни бу “душманлар”дан ҳимоя қилган кимсалар ўтакетган худосиз-кофир кимсалар эмасмиди, ахир. Жиддийроқ ўйлаб қарасангиз, Шўро тузуми даврида ҳалқ бошига ёғилган жамики фожиалар одам боласининг феъл-атвори ва руҳиятида авж олдирилган иллатларнинг қонуний ҳосилалари эди. Бахт ҳам, бахтсизлик ҳам феълга яраша бўлади-да! Энди мустақиллик шароитида комил инсон ва фозил халқ сифатида обод-фаровон ва бахтиёр яшашни астойдил истар эканмиз, аввало феълимизни шунга яраша яхши қилишимиз, Шўро тузуми даврида чуқур илдиз оттирилган руҳий иллатлардан тобора фориғ бўла бормоғимиз керак бўладики, руҳимиздаги Арасту “катарсис”, Чўлпон “тозаланиш” деб атаган бу жараёнда ҳам адабиёт ва санъат бизга беминнат кўмакчидир.
      Қарийб минг йиллик тарихга эга насримиз хусусида гап кетар экан, айтиш керакки, ўзбек мумтоз насрининг баркамол намуналари бўлмиш уч асар – “Қисаси Рабғузий”, ”Маҳбуб-ул-қулуб”, “Вақое”ни қайта-қайта варақлаб, одам боласининг турфа феъл-атворию руҳий олами, шунга яраша инсоний қисмати хусусидаги қимматли фикрларни кўплаб учратасиз. Уларда меҳр, шафқат, муҳаббат, оқибат, диёнат, садоқат, виждон, иймон, тавфиқ, андиша, субут, лафз ва бошқа руҳий бисотларимиз баайни сеп қилиб ёзилган, дейишимиз мумкин
     Агар бу Миср эҳромларидек ўлмас асарларимизда тараннум этилган руҳий қадриятлар руҳият эҳромининг кўзга бир қарашдаёқ яққол ташланувчи ёрқин қирралари бўлса, мазкур эҳромнинг мустаҳкам асос-пойдевори, тагзамини инсофдир.
Инсоф нима? Инсоф одам боласининг оламга том маънода инсоний қараш мезони, ўз-ўзига ва бошқаларга инсоний муносабат йўсини, кўнгил кўзи, қалб дарчаси, руҳий таянчи... “Пичоқни ўзингга ур, Оғримаса ўзгага ур” деганларидек, бошқаларни ҳам худди ўзидек ҳис қилиш, ҳамдардлик, русча айтганда, “сочувствие”. Дейлик, “Мен яшаб турган дунёда фалончига нима бор” дея ториқиб, бошқаларга ғашлик ва ғайирлик билан қараш мутлақо инсофдан эмасдир, зеро Аллоҳ Таоло бу оламдаги барча бандаларини ва барча халқларини тенг ҳуқуқли қилиб кенглик ва инсоф билан яратган. Шунинг учун ҳам Ҳақ Таоло-да у! Инсоф одам боласининг ўзини муайян жамият аъзоси, мамлакат фуқароси ва халқ вакили сифатида ҳис қилиб, ўз ҳатти-ҳаракатларини ана ўша жамият, мамлакат ва халқнинг манфаати, эҳтиёж ва талаблари асосида содир этишга ундовчи руҳий кучдир. Бинобарин, ўзи мустақил Ўзбекистон давлатининг фуқароси бўла туриб, паспортида “миллати ўзбек” дея қайд этилгани ҳолда ўзбекнинг эгнидаги тўнию бошидаги дўпписига истеҳзо ва нафрат кўзи билан қараб, зимдан ва ё ошкора тарзда бу халқнинг тинч-осуда ҳаётига раҳна солиб, туб манфаатларига зид ҳатти-ҳаракатлар қилиш тузини ичиб тузлиғига тупуришдек кўрнамаклик – бу энди ҳар қандай инсоф доираси ва инсоф чегарасини назар-писанд қилмаслик қадар ҳаддидан ошишдир. Башарият тарихидаги ҳар бир мутафаккир ўз фаолиятида аввало мана шундай ҳаддидан ошишларга қарши ўз руҳий қувватини қалқон ва балогардон қилиб, муайян халқ вакиллари, мамлакат аҳли ва жамият аъзоларини инсофга, инсоф йўлини тутишга, инсоф асосида иш кўришга чақирганлар. Ҳеч қачон ҳеч қаерда ноинсофликка, демакки, ноҳақликка йўл қўймасликка ҳаракат қилганлар. Ҳар бир одам ва ҳар бир ҳалқнинг қанчалик донишмандлиги, айниқса, инсофга муносабатда қатрадаги қуёшдек аён кўринади. Хусусан, донишмандликда беназир ўзбек халқининг ҳикматли гапларида уқтириладики, “Ўғри бўл, ғар бўл, инсоф билан бўл”, “Инсоф сари барака”... Қаранг-а! Ноинсофлик ўғрилик билан ғарликдан беш баттарроқ руҳий иллат экани таъкидланмоқда! Агар инсоф йўлини тутган бўлса, ўғри билан ғарни ҳам кечириш мумкин, лекин ҳаддидан ошиб ноинсофлик қилган нокасни кечириб бўлмайди! “Эй ўғил, ҳаддингда тур отанг сени сотганда ҳам” дейилади ўзбек халқ қўшиғида. Қай бир ота ўз ўғлини бозордаги қулдек сотишни истайди дейсиз! Башарти шундай қилган тақдирда ҳам фарзанднинг ҳаддидан ошиб, падари бузрукворига андишасизлик, дилозорлик, оқпадарлик ва падаркушлик қилиши мутлақо инсофдан эмасдир. Ана ўша ўғил туриши лозим бўлган ҳад – инсоф чегарасидир, яни, инсонийлик чегарасидир. Зотан, отанинг ули ўғил бўлганидек инсонийликнинг ули инсофдир.
     “Инсоф сари барака” мақолини қандай тушуниш мумкин? Дейликки, сиз бой-бадавлатсиз, шу боис ҳолингизга яраша данғиллама тўй қилдингиз-да, эл-юртга қозон-қозон ош бердингиз, ортиб қолган ноз-неъматларни молга бердингиз, ахлатга ташладингиз, лекин камбағал-муҳтож, беваар-бечора қўшнингизга “Бу кунингдан баттар бўл!” дегандек қайрилиб ҳам қарамадингиз. Башарти қарасангиз, айни шу маънода нописандлик билан қарадингиз. Худонинг қудрати ва фалакнинг гардиши билан орадан кўп ўтмай сизнинг қўл киридек мол-дунёнгиз елга совурилиб, аксинча, ўша қўшнингиз бойиб кетди. Бойиб кетди-да сизнинг қилмишингизни ортиғи билан такрорлади... Бундай аҳволда исроф бор, увол бор, худбинлик, зиқналик, ичи торлик ва ҳакозо иллатлар бор, лекин барака қаёқдан бўлсин! Инсоф йўқ жойда барака нима қилсин!.. Шундай бир аниқ-тиниқ манзарани тасаввур қилинг: қозон бошида қаққайиб туриб олиб, “Қозончида ихтиёр – қайдан қулоқ чиқарса. Давринг келди, сур, бегим!” дея билган номаъқулчилигини қилаётган нокасни “Бу қанақаси?! Қозон меники, ичидаги масаллиқ меники, тагидаги ўт билан пиширилган ош ҳам меники, битта чўмичингга ишониб нималар қиляпсан ўзи?” дея инсофга чақирган бечоранинг бошини чўмич билан уриб ёриш...ўтакетган ноинсофликнинг сувратию махражи мана шудир! Бундай трагикомик ҳолатда икки ўртада барака нима қилсин, ахир, инсоф сари барака-да!..
     Бундан йигирма йилча аввал тошҳовузлик ёзувчи Райимбой Собировнинг “Инсоф” қиссаси қўлёзмасига қувона-қувона тақриз ёзар эканман, ўзимча орзу қилган эдим: қисса-ку, ўз йўлига, лекин... қани энди “Диёнат” романининг ёнида тура оладиган “Инсоф” деган яна бир роман бўлса-да, унда “инсоф” тушунчасининг бутун моҳияти таг-туги билан кенг кўламда очиб кўрсатилса!... Орадан беш-олти йил ўтиб, ўзбек бадиий публицистикасида ўзига хос мактаб яратган отахон адибимиз Иброҳим Раҳимнинг “Қайлардасан, жаннатий инсоф?” мақоласини иштиёқ билан мутолаа қилганимда ўша бир орзуим ўз-ўзидан қатъий истакка айланди. Бундан ўн икки йил муқаддам матбуот ва ахборот агентлиги ёзувчилар, ноширлар ва олимлар иштирокида “Янги давр, янги қаҳрамон” мавзуида давра суҳбати ташкил этганида мазкур истагим муайян таклиф сифатида тилга ҳам кўчди: “Қани энди бугунги кунда виждон эркинлиги қўлга киритилган экан, ёзувчиларимиздан бири, масалан, “Шайхулислоим” деган роман ёзиб берса-да, унда кўп йиллар мобайнида қувғин ва ёмонотлиқ қилинган руҳоний зотларимиздан бирининг руҳий олами ҳам, дини исломнинг туб инсонпарвар ва тинчликсевар моҳияти ҳам очиб кўрсатилса!..” Шундан буён ўтган ўн икки йил мобайнида “ “Тилсим (Туркистон достони)”, ”Элчи (Афанди ўлмайдиган бўлди)”, “Улус (Форобийнинг дўсти)” ва “Замона зайли” насрий достонларини ёзиш асносида кўнглимдаги ўша кўп йиллик орзуим ҳам тобора аниқ-тиниқ қиёфа касб эта борди: дейлик, шайхулислом Бурҳониддин Марғиноний ҳаёти ва фаолияти ҳақида шундай бир тарихий роман ёзилсаки, унда ислом ҳуқуқшунослиги – фиқх илмининг моҳияти билан бир қаторда том маънодаги руҳоний зотнинг руҳий олами атрофлича ёритиб берилса!.. Муфти Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Маънавият” нашриётида бир неча бор чоп этилган сайланмаси ва, умуман, Беҳбудий мероси билан атрофлича танишар эканман, янги ўзбек адабиётининг карвонбошиси хисобланувчи бу руҳоний зот хусусида ҳам тарихий роман ёзилса экан, деб ўйладим... Тўғри, кейинги йилларда улуғ руҳоний пирларимиз ҳақида бир қатор тархий асарлар яратилди. Саъдулла Сиёевнинг “Яссавийнинг сўнгги сафари”, Хайриддин Бегматнинг “Девона Машраб” тарихий романлари, Наим Каримовнинг “Чўлпон” маърифий романи шулар жумласидан. Бу асарлар барчамиз учун ўзича қадрли, албатта. Лекин руҳоният олами, руҳият эҳроми, унинг “инсоф” деб аталмиш тагзамини, аниқса, бугунги кунда одам боласининг руҳи равонида рўй бераётган ғоят мураккаб жараёнлар, хусусан, ислом дунёси ва диний экстремизм ўртасидаги муносабатларга доир оламшумул чигалликлар ва муаммолар... қани энди бирон-бир йирик эпик асарда ўзининг бетакрор бадиий ечимини топса! Бу асар балки “Шайхулислом” деб аталар, балки “Руҳи равоним”, балки “Инсоф доираси”, балки бошқачароқ... Муҳими у бугунги кунда ер юзида яшаб турган олти миллиард одам боласини – бутун башариятни инсофга чақириб, беҳисоб низо-нифоқ ва уруш-жанжалларга барҳам бериш ишига кўмаклаша оладиган, ҳар бир инсон қалби ва бутун башарият руҳидаги ўзига ҳос эҳромни яна-да сарбаланд ва пурвиқор қила оладиган, аввал-бошда тилга олинган араб ҳалқ мақолида нозик ишора қилинганидек, “вақтни ҳам қўрқитадиган” умрибоқий асар бўлса!

     Илоё шундай бир асарни яратиш ўзларини “киши руҳининг инженерлари”, руҳшунос, руҳий олам билимдони деб ҳисобловчи адабиёт ва санъат аҳлига тез орада муяссар бўлғай! Агар кимдир шу ўта муҳим ва мушкул ишга қўл уришга журъат қилса, башарият маънавий дунёси равнақига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимиз – бири биридан улуғроқ руҳоний зотларимизнинг ўлмас руҳи поклари ўша журъат соҳибига мададкор бўлғай!

<-  1   2   3   4   5   6  ->


Категория: Мои статьи | Добавил: otauli (19.01.2009) | Автор: Отаули
Просмотров: 1230 | Комментарии: 5 | Рейтинг: 0.0/0 |
Всего комментариев: 0
Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Друзья сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Copyright MyCorp © 2024
Сделать бесплатный сайт с uCoz