Среда, 13.12.2017
Adabiyot (Literature)/Matematika (Math)
Меню сайта
Категории каталога
Мои статьи [27]
Наш опрос
Оцените мой сайт
Всего ответов: 49
Главная » Статьи » Мои статьи

Улус (Форобийнинг дўсти)

Форобий бобога таъзим

     Отаули (Раҳимжон Отаев)нинг “Улус (Форобийнинг дўсти) номли асари буюк бобокалонимиз Абу Наср Форобий ҳақида, билишимча, ўзбек насридаги дастлабки уринишлардир. Мен Отаулини изланувчан носир, заҳматкаш мунаққид ва яхши таржимон сифатида анча йиллардан буён биламан. Хусусан, “Тилсим (Туркистон достони) ва “Афанди ўлмайдиган бўлди” асари билан танишман. Назаримда, у “Улус” деб номланган бу асарида ўзининг ижодий изланишларини изчил давом эттириб, Абу Наср Форобийнинг инсоний қисмати, ўта мураккаб маьнавий-руҳий олами, кенг дунёқарашини жонли ва таьсирчан ёрита олган. Айниқса, улуғ алломамизнинг қудратли туркий ҳукмдорлардан бири, қорахонийлар салтанатининг асосчиси Буғрохон билан эл-улуснинг ҳаёт-мамоти ҳусусидаги қизғин суҳбати тасвирланган саҳифалар, аминманки, ўқувчини лоқайд қолдирмайди.

     Одатда яхши асарда жиддий ўйлашга ундайдиган, шартли ва ҳатто баҳсли жиҳатлар бўлиши табиийдир. “Улус” асари ҳам бу жиҳатлардан ҳоли эмас. Муҳими – қирқ саҳифа ҳажмидаги бу ихчамгина асар сизни минг йиллик олис тарихимиз қаърига бошлаб кириб, буюк бобокалонларимиздан бирининг кўнгил бисоти, орзу-армонлари билан яқиндан таништира олади, деб ўйлайман.

     Шу ҳолни алоҳида таькидлашни истардимки, мазкур асарнинг яратилиши ҳам, ёруғлик кўриши ҳам, асарда қаламга олинган тарихий муаммоларнинг айни бадиий ечими ҳам Ўзбекистон давлат мустақиллигининг шарофати, деб биламан. Ўзбек ҳалқи ўзининг жаҳоний мавқеини қайта тиклаб, алпомишона бўй-бастини қайта ростлаб келаётган шу ёруғ кунлардан бирида бошқа буюк аждодларимиз қаторида Форобий бобомизга ҳам таьзим бажо келтиришимиз айни муддаодир.

АБДУЛЛА ОРИПОВ,

Ўзбекистон Қаҳрамони

Отаули

У Л У С

ФОРОБИЙНИНГ ДЎСТИ


БУ УЛУСТА КЎПНИ КЎРДУК,
ВАЛЕ ЭЙ ЎЗБЕКИМ,
ДИЛРАБОЛИКТА ЎЗИНГТЕК
ШЎХИ РАЪНО КЎРМАДУК

ОТОЙИ

     Ҳижрий 311 – мелодий 933 йилнинг ёзи ёзга ўхшамади. Наврўз кунларида Боғдоддан йўлга чиққан карвон Халафга етмай қорбўрон остида қолди. Кўкламнинг охирларида Жай ва Исфахон уни дўл билан қарши олди. Ёзнинг ўрталарида Бухоройи шарифда кечган уч кун бадалида худди куз чоғларидагидек муттасил шивалаб ёққан ёмғир карвон аҳлининг юрак-бағрини ҳам эзиб, хун қилиб юборгандек бўлди. Мана, ёзнинг сўнгги кунида хуфтон чоғида Самарқанд дарвозасидан қадимий Шош қалъасига кириб келганида кўнгилларни ҳам хуфтон қилиб яна ёмғир бошланган эди. Карвон Чорсуга етиб келганида ёмғир кучайиб, жалага айланди. Осмоннинг таги очилиб, тўфон қўпдими, нима бало! Оқ ёмғир бўлиб оқ ёмғир эмас, қора қуюн бўлиб қора қуюн! Карвоннинг боши Чорсудан чапга бурилиб, Ўтрор дарвозаси томон йўл тутар экан, ундан жала остида қунишиб-жунжиккан уч пиёда ажралиб чиқди: олдинда – олтмишдан ошиб, новча қадди анчагина букчая бошлаган қария, ўртада – қирчиллама қирқ ёшлардаги ўрта яшар одам, унинг ортида қуюндек ўйноқлаган йигирма ёшлардаги расида ўспирин.
     Ўрталиқдаги одам юзини жаладан пана қилиб олган кўйи олдинга кўз тикиб, қарияга сўз қотди:
– Бу қандай бўлди, устоз, пойқадамимиз қалъага хуш келмадими дейман? Ё биз билан йиғлаб кўришмоқчими?.
     Қария пинак бузмай олға интилар экан, шогирдига танбеҳ берди:
– Ношукурлик қилманг, Саид Али, бўтам! Худонинг оби раҳмати-ку бу! Бу неъматдан бебаҳралар қанча!
     Ўспирин қадамини жадаллатиб, ўртадаги одам билан баравар одимлади:
– Шундайку-я, ўзингиз “асалнинг ози ширин” деганингиздек... биз балиқмидикки, бу жалада яйрасак!..
     Қария қиялаб ортига қаради:
– Сабр қилинг, Насриддин, ўғлим! Қирқига чидаган, бу ёғига ҳам чиданг! Манови муюлишда қирқ бир йил аввал Бухоройи шарифда бирга таҳсил кўрган қадрдоним тургучи эди. Насиб этса, шу хонадонда бутун кўрган-кечирганларимиз унутилғай!
     Қария шитоб билан келиб тақиллатган нақшинкор дарвозани бир қўлида шамсия, бир қўлида фонус кўтарган ўттиз ёшлардаги одам очди. Фонуснинг хира ёруғида қариянинг сув ювган қоядек мустаҳкам, пайдор юзларию ўтдек чақнаган кўзларида тараддудланиш зуҳур кўрсатди:
– Қадрдоним Муҳаммаднинг қутлуғ хонадоними бу, бўтам?
     Фонус кўтарган одам бош ирғади:
– Шундоқ, тақсир. У киши менинг падари бузрукворим бўладилар.
– Жаноблари уйдамилар?
– Шундоқ, тақсир... қани, марҳамат қилсинлар...
     Меҳмонхонада устига кимхоб тўн кийиб, бошига симобий салла ўраган чўққи соқол қария уларга пешвоз чиқди. Икки чол юзма-юз келгач, бир-бирларига тикилганларича андак жим қолдилар. Ниҳоят, жимликни меҳмон бузди:
– Тақсирим, фақирни танимайроқ турибдиларми дейман-а?
     Мезбоннинг балоғат ёшидаги гулгун чеҳрадек силлиқ ва лўппи юзида жонланиш аломатлари кўринди:
– Бўлди-бўлди, энди – овозингиздан танидим! Муҳаммад ибн Муҳаммад ал Форобий ат Туркий! Водариғ, кўзларимга ишонмаяпман! Шоми ғарибонда ғарибона кулбамизга Боғдоддек жойдан қандоқ келиб қолдилар? Тушимми-ўнгимми?! Қани, бир кўришайлик! – Мезбон шундай дея қучоқ очди: – Сиздек алломаи замонни бу томонларга қандай шамол учирди, дўстим?!
     Меҳмон узр сўрагандек қўл қовуштирди:
– Юртим шамоли... Бироқ кўриб турибсиз, уст-бошим жиққа ҳўл!
     Мезбон ҳамсуҳбатининг юпунгина уст-бошини энди кўраётгандек бир муддат тараддудланиб, қулочини йиғди-да, жуссасига ярашиқсиз виқор билан қўл чўзди:
– У ҳолда қўл бериб кўришайлик! Хуш кўрдик. Қадамларига ҳасонот!
– Хушвақт бўлинг, дўсти азиз!
     Хонадон соҳиби бошқа меҳмонлар билан ҳам бир сидра қўл олиб кўришгач, уларни тўрдаги хонтахта атрофига таклиф қилди. Дуойи фотиҳадан сўнг таомилдаги ҳол-аҳвол сўрашувлар асносида меҳмонлар ҳўл устки кийимарини ечиб, мезбон битта-битта тарқатиб чиққан оппоқ сочиққа артинар эканлар, ўспирин шўхчан кулди:
– Ўзиям ҳовузга тушиб кетган товуқдек жунжикдиг-э! Қуруқлик деганлариям бор экан-а! Айланайин ўзимнинг қуруғимдан-а!
     Мезбон бу гапларни сипоришми-қулоқ қоқиш деб тушунди чоғи, сиполик билан ўрнидан туриб деди:
– Фақат қуруғи эмас, қайноғи, жазилаб тугани, бозиллаб тургани – ҳамма-ҳаммаси бор бу уйда. Қутлуғ уйдан қуруқ кетмайсизлар, буёғидан хотиржам бўлаверинг!.. Қани, баҳузур дам олиб турингиз!.. – Шундай дея, уй эгаси уларни ҳоли қолдирди. Кўп ўтмай меҳмонхонада аввал мулозим-хизматкорлар, кейин ноз-неъматлар, ниҳоят, анвойи қадаҳлар-у гулгун шароблар айланди. Шаробдан эмас, йўқ, такаллуф-илтифотлардан бош ҳам айланди. Чарчоқлар чиқди, оёқлар чигили ечилди, лекин тил тугуни ечилиб, дил сандиғи очилмади. Тан яйради, бироқ жон ҳузур-ҳаловат топиб, дил ором-фароғат туймади. Ниҳоят, меҳмонларнинг каттаси “Яхши ўтирибсизларми?” дея кўнгил сўраб кирган ўғилни саволга тутди:
– Отангиз кўринмайдилар?
     Мезбон сипо қараш қилиб, тавозе билан қўл қовуштирди:
– Узр, oтам сафарга oтланиб… Чақирайми, тақсир?
– Агар малoл келмаса…
     Бир муддат ўтиб хoнадoн сoҳиби Муҳаммад Дўст виқoр билан юриб кирди-да, дастурхoн тўрида букчайиб ўтирган қариянинг рўпарасига ёнбoшлади:
– Шундай қилиб, “юртим шамoли” денг-а, дўстим? Бу юртнинг шамoли жуда ёмoн! Дам Қўқoн шамoли, дам қибла шамoли… Шамoл эмас, нақ дoвул дейсиз! Учирсаям қаттиқ учиради!
     Учириқ меҳмoнга малoл келди шекилли, алланечук шикаста oвoзда ўзини oқлаётгандек деди:
– Ҳа, энди, ўз юртимизнинг шамoли экан…
     Мезбoн гап oҳангини ўзгартирди:
– Бухoрoлар oмoнми? 
– Oмoн. 
– Биз таҳсил кўрган мадраса жoйида турибдими? Жoйида.
– Бoғдoдда нима гаплар бoр?
– Бoғдoдда тинчлик.
     Мезбoн бир муддат жим қoлиб, меҳмoннинг кўзларига синoвчан тикилди. Қария бу кўзларда бир афсус-надoмат, бир иддаoни уққандек бўлди: “Сен ундинг, мен эса ҳануз тупрoқман!” Ўзини янада нoқулай сезиб қисиниб-қимтинганича унсизгина жавoб қилди: “Кўриб турибсан-ку, мен oддий oдам… Йўқ, дўстим, мен сендан бечoрарoқман!”      Жавoбдан мезбoннинг кўнгли тўлди, шекилли, аслига қайтиб, меҳмoнларга тепарoқдан ялпи назар ташлади:
– Энди, дўстим, сизлар йўл юриб чарчагандирсизлар, баҳузур дам олиб турингизлар... Мен... очиғини айтсам, шаҳар ҳокими эртага ўзининг пайғамбар ёши билан неварасининг суннат тўйини қўшиб қилмоқчи. Шунга бугун кечқурун шаҳарнинг казо-казоларини маслаҳат ошига чақиртирган. Бирров кўриниш бермасам бўлмас? Балки бирга борармиз, а, дўстим? Не-не мозорларни босиб, кўпни кўриб келгансиз?.
Қария қаддини андак ростлаб, минг йиллик қоядек совуққина қаққайди:
– Энди-и, каминаи камтарин бир ғарибгина олим, бунинг устига, мусофир бўлсам. Тағин кимсан шаҳар ҳокимига чақирилмаган меҳмон бўлиб борсам... Кўрган кўзгаям, эшитган қулоққаям маъқул келмас. Сиз бемалол бораверинг, дўстим, бизни деб кўп азият чекманг!..
     Мезбон ўрнидан енгил қўзғолди:
– У ҳолда сизлар баҳузур дамолиб турингизлар. Мана, уй-жой, мана, ош-чой, мана, хизматкор-мулозимлар!..
     Учовлон ҳоли қолишгач, қария ҳамроҳларига синовчан тикилди:
– Мен сизларга айтсам, бу хонадонда ҳам сафаримиз қаришга юз тутди, биродари азизлар. Энди уй эгаси кетганидан кейин... биз ҳам кўпайишамиз!
     Саид Али устозига ажабланиб қаради:
– Ташқарида жала, зимистон... Қирқ йиллик қадрдонингизнинг ёруғ хонадонини тарк этиб, тағин қаёққа, устоз?.. Исфаҳондан чиқиб, Балхда, Хиротда, Термиз билан Насафда, ҳатто Бухоройи шарифда кўрган-кечирганларимизни бир наави тушунгандекман, бироқ... уй эгасининг саъй-ҳаракатларини ҳам, сизнинг бу гапларингизни ҳам тушунмай қолдим-ку, устоз?..
     Қария аччиқ кулди:
– Сизнинг Арабистонингиз ва ё Арасту ҳазратларининг Юнонистони эмас, “Туркистон” дейдилар буни, Саид Али, бўтам! Бу улуснинг феълини пайғамбар ёшига кириб, кўра-кўра кўса бўлган камина тушунмайман-у, сиз қаёқдан тушунасиз?! Қари қизнинг кўнгли нозик деганларидек, туркистонликнинг кўнгли шу қадар нозикки, унга битта гап камлик, иккита гап кўплик қилади. Нима бўлганда ҳам Яратганнинг даргоҳи манови данғиллама уйдан кенгроқ!..
     Шогирд билан ўғил қариянинг иродасига бўйсиниб, учовлон меҳмонхонани тарк этар эканлар, ўғил дастурхон устида бир парча қоғозга отаси ёзиб қолдирган икки сатрга беихтиёр кўз ташлади: “Қорнимга эмас, қадримга йиғлайман. Дийдор ғанимат эди-ку, эй дўст!”
     Ташқарига чиқиб, шаррос қуяётган ёмғир остида тағин йўл юрар эканлар, қария ўзининг кўнглидек тунд осмонга кўз тикди: “Кундан кунга феъли инжиқ, таъби нозик бўлиб кетаётган гуноҳкор бандангни ўзинг кечир, худованди карим! Манови араб шогирдим билан ёлғиз ўғлимга беҳаловат кўнглимнинг кўча-кўйлари-ю беқиёс улуснинг феъл-атворини қандай тушунтирай? Муҳаммад Дўст энди Муҳаммад Дўст эмас, ҳатто сенинг банданг эмас, дунёга дил берган нафс бандаси эканини буларга қандай англатай?! Қирқ йиллик қадрдонининг афтодаҳол, ўзининг олифта уст-бошини деб ёзган қулочини қайта йиғиштирган дўст... дўстми, ўзинг айт, Парвардигори Олам?! Бу фоний дунё моли сабаб Муҳаммад умматига дўст бўлолмаган ожиз банданг Пайғамбари Акрамга ва ё Ўзингга Ҳақ Дўст бўла оладими, ё Аллоҳ?!.” Қирқ беш йилча аввал Бухоройи шарифда таҳсил кўриб бошлаганларида уч дўст – “уч Муҳаммад”дан бири, ажалидан беш кун бурун ўлиб кетган оташнафас шоир адаши Муҳаммад Ёрнинг бир шеъри хаёлида қуюндек айланди:
                          Дўст қайдадур, дўст қайда, Ҳақ дўст, ё Аллоҳ!
                          Кундамидур ё ойда, Ҳақ дўст, ё Аллоҳ!
                          Остонангга бош урай, Ҳақ дўст, ё Аллоҳ!
                          Дўст бормикин бу жойда, Ҳақ дўст, ё Аллоҳ!
     “Бу оламда остоналар кўп, демакки, дўстлар ҳам кўп! Фақат астойдил қидириш ва топиш керак! – деб ўйлади ўзича Абу Наср Муҳаммад.- Йўқотса йўқотар. Йўқолса садқаи сар! Лекин топади ҳам! Излай-излай Маккани топган одам... бу азим Туркистонда... бир дўсти содиқ тополмайдими?!”
     Абу Наср Муҳаммаднинг хаёлини ўғли Насриддиннинг бир саволи, тўғрироғи, шартакиларча таги зил ҳазили бузди:
– Энди бутун кеча шаррос ёмғир остида сайрми тағин, ота?! – “О-о, бесабр болам-а, бесабр болам! Юракни кенгроқ қилсанг, ота юртда кўчада қолмасмиз, ахир! Бу чарс феълинг билан отанинг ҳам, ота юртнинг ҳам аҳвол-руҳиясини теранроқ ҳис қилиб, тўғри тушуна олармикансан, қайдам !..” Ўғлининг ҳолига қараб туриб раҳми келди. Шогирдининг ҳолига ҳам ачиниб кўз югуртирди. Дуч келган бир кўримсизгина эшик зулфини куч билан қоқди. Кўп ўтмай ичкаридан барала ҳайқириқ эшитилди:
– Ким у очиқ эшикнинг турумини бузаётган?!
– Атойи худо меҳмонлар!
     Эшик ичкаридан ланг очилиб, яланг оёқларига чипта ковуш кийган эллик ёшлардаги ялангбош-ялангтўш одам бўй кўрсатди:
– Ассалому алайкў-ўм! Қадамларига ҳасонот! Атойи худо меҳмонлар очиқ эшикдан бемалол кираверади-да, тақсирлар! Қани, марҳамат қилсинлар!
      Тўртовлон шинамгина хона ўртасидаги сандалнинг тўрт томонида қўним топдилар. Дуойи фотиҳа қилдилар. Ҳол-аҳвол сўрашдилар. Сўнгра уй эгаси ёзилиб гап бошлади:
– Буни қаранг-а, буни қаранг! Худо бераман деса бераверар экан! Эндигина қулинг ўргилсин қайнатма шўрвани – дастурхонга қўйиб, “Қани энди тил тилга тушиб, суҳбати жонон қурадиган бир дилкаш гурунгдош ҳам бўлса!” деб турганимда, худойимдан айланай, бирйўла учта атойи худо меҳмонни етказса-я! Бунисига нима дейсиз! Қани, азизларим, топган-тутганларим ҳам, кўнглимиз ҳам, фоний дунёнинг бутун мол-мулки ҳам ўртамизда. Бир майизни қирқ киши бўлишганида тўртовлон чор дарвишдек тўрт қутбни ўртада баҳам кўроломаймизми?!.
     Уй эгаси кутилганидан ортиқ дилидагиси – тилида дилкаш суҳбатдош чиқиб қолди. Қўли қўлига тегмай илтифот кўрсатар экан, лаби лабига тегмай гапни гапга улади:
– Энди, азизларим, мени маъзур тутадилар, аввалига ўзимни танитай. Анови Кўкалдош мадрасасида Ҳасан Йўлдош отлиғ, Ҳасан Кайфий лақаблиғ мударрис бўлганимдан кейин, кундалик тирикчилигим асосан жавраш билан ўтади. Мен сизларга айтсам, каминанинг энг кўп ишлатиладиган аъзолари тил билан жағ. Аммо-лекин тили тилимга тушадиган одамни топсам, май ичмасам ҳам, бурунни бурунга ишқаб қуриладиган суҳбати жонондан кайф қиламан – Ҳасан Кайфийман-да!
     Саид Али бир устози Абу Наср Муҳаммадга, бир устозининг ўғли Насриддинга зимдан кўз югуртириб, маъноли кулди:
– Жонон суҳбатга суягингиз йўқ экан, бу ёғи мадрасада мударрис экансиз, нега шаҳар ҳокимининг маслаҳат ошига бормай ёлғиз ўтирибсиз, акагинам? Сиз шаҳарнинг казо-казоларидан эмасмисиз ё?..
     Мезбон қийқириб кулди:
– Э-э, яш-шанг, меҳмон! Сиз ҳам ўзимиздан чиқиб қолдингиз-ку! Қочиримни тагдор қилиб олар экансиз! Лекин ҳамма нарсага етган ақлингиз манови тилим билан жағимнинг кучига етмайди-да! Менинг тилим шундай даҳшатки, юзингда кўзинг борми демай ҳақ сўзни айтиб бошлиганида... одам боласи чидаёлмай қолади. Ҳар қандай тўйни азага айлантириб юборади. Баъзида ўзим чидаёлмайман-у, инсоф билан айтинг, шаҳар ҳокими қаёқдан чидасин бу тилга?! Кўрамиз ҳали, ўзлари қачонгача чидар эканлар 
     Саид Али энди Насриддинга маъноли қаради:
– Шу одамнинг этагини маҳкам тутмайсанми, мулла Насриддин, иним? “Насриддин афандиман” деб юрганингда сенга утсозликка яраса шу одам ярайди. Нима дединг?
Насриддин бир Саид Алига, бир Ҳасан Кайфийга тавозе, айни чоғда, истеҳзо билан қаради:
– Майли-ю, бироқ... Исфаҳон билан Бухородаги не-не афандилар мен тушган қочирим майдонида бир чўқишда қочиб кетганини ўзингиз кўрдингиз. Қайдам, бу акамнинг бир чўқишлик ҳоли борми-йўқми!..
     Абу Наср Муҳаммад аввал ўғлига таҳдидли қараш қилиб, унга оталарча танбеҳ берди:
– Ўпкангизни босиброқ олинг, улим! “Абу Насрман” деб фахрланиб юрганимда ихлосимни қайтарманг. Ўзингизни эр билсангиз ўзгаларни шер билинг! “Исфаҳон” эмас, “Туркистон” деб қўйибдилар буни! Бу юртда ҳар бир лафзи лутфга тенг шунақанги тили ўткирлар борки, уларнинг қошида сиз тугул отангиз ҳам лом-мим деёлмай қолади. – Сўнгра уй эгасига синовчан тикилиб сўради: – Мадрасада қай илмдан сабоқ берадилар, иним?
– Мантиқ илмидан.
– Қай китоблар асосида?
– Ар Розий, Ал Киндий, Ал Форобий рисолалари, тақсир...
– Юнон, Ҳинд ва Чин илмидан бехабармилар?
– Афсус, тақсир... Энди биз... ниҳояти бир чаласавод мударрис бўлсак, муаллими соний Ал Форобий ҳазратларимидикки, жаҳоннинг тўқсонта тилида бемалол ўқиб-ёзаверсак...
     


Асарни тўлиқ ҳолда 2006 йил чоп этилган “Замона зайли” номли китобдан ўқишингиз мумкин. Бу китоб Тошкент шаҳридаги “Шарқ зиёкори” дўконида сотилмоқда. Китоб нархи: 4300 сўм. Мазкур дўкон телефон рақами: 233-35-90.



Категория: Мои статьи | Добавил: otauli (26.01.2009) | Автор: Отаули
Просмотров: 470 | Комментарии: 2 | Рейтинг: 5.0/1 |
Всего комментариев: 1
1  
Дюже интересно. Однако чего-то не хватает. Может пребывать, стоит добавить каких-нибудь картинок или фото?

Имя *:
Email *:
Код *:
Форма входа
Поиск
Друзья сайта
Статистика

Онлайн всего: 1
Гостей: 1
Пользователей: 0
Copyright MyCorp © 2017
Сделать бесплатный сайт с uCoz